Аллоҳнинг тақдирига ишонмаган, ўзига нисбатан ҳақсизлик қилинди, дея ўйлаган кишининг ҳаётинотинч кечади. У ҳар доим салбий ҳиссиёт таъсирида бўлиб, ишларини тўғри ташкил қила олмайди.
Инсон ўз насибасига рози бӯлса, қўлидан келадиган ишларни мукаммал бажаришга ҳаракат қилса, Аллоҳга энг гўзал шукр этган бӯлади. Чунки ҳақиқий шукр берилган неъматлар қийматини билиб, уларни ўз ўрнида ишлатиб, Яратганнинг ризоси учун қӯлламоқдир.
Теран фикрлайдиган инсон ҳаётни қадрлайди, турли воқеа-ҳодисалар қаршисида собит туради. Тақдири азалга рози бӯлмоқ эса кишини тоблайди, қайғу-аламларни хотиржам енгишга ёрдам беради. Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз (алайҳиссалом): “Аллоҳнинг берганига рози бӯл, инсонларнинг энг бадавлати бӯласан!” (Имом Термизий) деб марҳамат қилганлар.
Аксарият одамлар улуғ неъматларга, улкан ютуққа эга бӯлишни истайди. Нафсга қул бӯлиб, ҳар нарсанинг энг яхшисини исташ инсоннинг бошқалар ҳақига чанг солишига сабабдир. Парвардигори олам бандаларининг насибаларини Ӯзи истагандек яратган. Баъзиларга ҳусн, баъзиларга қобилият,яна бирига моддий имконият, бошқа бирига эса уни тушунадиган, қӯллаб-қувватлайдиган яхши жуфти ҳалол ато этган. Баъзи бандаларини катта имкониятлар эшигини очиб қӯйиб, бошкаларини торлик ва мушкулотларга дучор этиб синайди.
Такдирдан нолиш мӯмин бандага хос эмас. Чунки имонли инсон, Роббиси унинг тақдирини тайин килганини, унга бӯйсунмоқ бурчи эканини билади.
Ношукрлик - бахтсизлик келтиради. Зеро, насибасига рози бӯлмаслик ва етишмовчиликдан шикоят қилиш ҳеч нарсани ӯзгартирмайди, аксинча, дардини янада оширади. Шукр қилиш, қӯлидаги неъматлардан кӯнгли тӯлиб, ижобий туйгуларда бӯлиш инсоннинг икки дунёси учун ниҳоятда фойдалидир. Масалан, соғлом одам “шукрки, соғлиғим яхши”, деб қӯлидан келганча меҳнат қилиб, моддий қийинчиликдан қутулади.
Унутмайликки, “Ҳеч вақоим йӯқ”, деган одамлар ҳам жуда кӯп неъмат эгасидир. Агар соғлиқ, ниятларни амалга оширишга вақт ва ёшлик каби неъматларимизга имкон қадар кӯпроқ шукр қилсак, Аллоҳ таоло ризқимизни янада кенгайтиради. Бинобарин, Қуръони каримда:
وَمَن يَقْتَرِفْ حَسَنَةً نَّزِدْ لَهُ فِيهَا حُسْنًا إِنَّ اللَّهَ غَفُورٌ شَكُورٌ
“Ва ким бир яхшилик килса,биз унга ўша ишида яхшиликни зиёда килурмиз. Албатта, Аллоҳўта мағфиратли, Шакурдир”, (Шууро, 23) дея марҳамат қилинган.
Ӯзининг беҳисоб неъматларидан баҳраманд қилган Аллоҳ таоло биз, бандаларига, ана шу неъматларининг шукрини адо этиб боришни буюради. Роббимизнинг неъматларини катта-кичик демай, шукрини бажо келтиришимиз зиммамиздаги бурчдир. Аллоҳ таоло ҳам ана шунда биздан рози бӯлади, Инша Аллоҳ. Қуръони каримда бу ҳақда марҳамат килиниб, жумладан:
وَإِن تَشْكُرُوا يَرْضَهُ لَكُمْ
“...Агар шукр қилсангиз (ва имон келтирсангиз), У сизлар учун рози бўлур..." (Зумар, 7), дейилган.
Ушбу оятдан маълум бӯладики, Аллоҳ розилигини топишни истаган ҳар бир банда доимо Унга ҳамд айтиб, неъматларига шукрона келтириши зарурдир.
Мир Араб олий мадрасаси 4-курс талабаси
АСКАРОВ ДИЙДОРЖОН
