ИСЛОМДА УСТОЗНИ УЛУҒЛАШ
Muallif: . .
Sana: 15.02.2022
832

Авваламбор, Ўз бандаларига ҳар бир ишда раҳнамо бўлган ва уларга илм (олишлик) ни шарт қилган Аллоҳ таолога чексиз ҳамду санолар бўлсин!

Азиз ва муҳтарам биродарларимиз! Биз сизнинг юксак эътиборингизга ҳавола этаётган ва олган илмларимизнинг маҳсули бўлган бу кичик мақоламизнинг мавзусини «Исломда устозни улуғлаш» деб танладик.

Бу мавзу ҳақида кўпдан-кўп, узундан-узоқ гапиришлигимиз мумкин. Чунки динимизда устозларнинг мартабалари ниҳоятда юқори баҳоланган ва бу ҳақида кўплаб оятлар нозил бўлган ва ҳадислар ворид бўлган.

Устозларни ҳурматлари бениҳоят юқори эканлигини исботи ўлароқ Қуръони каримнинг Зумар сурасида Аллоҳ таоло шундай марҳаматқилади:

«Айтинг Эй Расулуллоҳ : «Биладиган (билимдон) зотлар

билан билмайдиган (жоҳил) кимсалар баробар бўлурми?!».

Бу ояти каримадан маълум бўладики, илмли кишиларнинг ва

бошқаларга ҳам таълим берувчи, инсонларни тўғри йўлга, ҳидоятга бошловчи олим кишиларнинг мартабаларига нодон, жоҳил киши ҳеч қачон тенглаша олмас экан. Демак, илм аҳли бошқа инсонлардан кўра афзалдир. Илм аҳллари, яъни, муаллимлар Аллоҳ таъолонинг наздида энг суюкли бандалардан экан. Аллоҳ таъоло ўзининг суюкли бандаларининг мушкулларини осон, қиёматдаги ҳисоб - китобларини енгил қилади ва уларга раҳмат назари билан боқади. Чунки муаллимлар Аллоҳ таъолонинг амрини ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларини қоим қилиб, Аллоҳ уларга билдирган илмдан бошқа инсонларни ҳам баҳраманд этувчи ва уларни тўғри йўлга ҳидоят қилувчи зотлардир.

Иброҳим ан-Наҳаъий айтган эканлар: «Муаллимларга (яъни

устозларга) осмондаги фаришталар, ердаги ҳайвонлар, ҳаводаги қушлар ваденгиздаги балиқлар ҳам истиғфор айтади». Бу ҳам устозларни улуғ зотлар эканлигига ишоратдир десак муболаға бўлмайди.

Устозлар шундай улуғ мақомларга эга зотлар экан, киши шундай юқори даражаларга эришишлиги учун ва устозликка лойиқ (муносиб) зот бўлиши учун нималар қилиши керак? - деган саволга улуғларимиздан бири шундай жавоб қилган эканлар: «Киши устоз бўлишлиги ва бошқаларга таълим беришлиги учун аввало ўзи олим бўлишлиги, тақводор бўлишлиги, унда дунё севгиси ва шон - шуҳратга ҳирс бўлмаслиги, яшаётган ҳудудида доимо тўғрилик ва ҳалоллик билан машҳур бўлишлиги лозим». Шундай экан, инсон бировга таълим беришликдан олдин ўзи олим бўлиши лозимдур.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: «Албатта уламолар пайғамбарларнинг меросхўрларидир. Албатта пайғамбарлар, динорни ҳам, дирҳамни ҳаммерос қолдирмаганлар. Албатта, улар илмни мерос қолдирганлар. Ким ўшани (яъни илмни) олса, улуғ насибани олибди» дедилар. Бу ҳадиси шарифдан маълум бўладики, уламолар ўша мукаддас мерос (илмни) кабул қилиб олган улуғ зотлардир. Улар ўша илм билан инсонларга таълим берувчи, кишиларни Аллоҳнинг динига, тўғри йўлга, ислом шариатига чақирувчи даватчилардир. Уламолар ва устозлар кишиларга Қуръони карим, суннати шариф ва шариати Ислом таълимотларини баён қилувчи ҳидоят юлдузларидирлар. Улар башариятни ҳидоят йўлига чақириб, залолат йўлидан қайтаришади. Улар кишиларни Исломга чақириш билан бирга уларни икки дунё саодатига етишишлиги, дунёнинг фаровон турмушига, охиратнинг жаннати маъвосига даъват этишади. Шунинг учун ҳам уламолару - устозлар ҳурматга, эъзозга сазовордирлар. Биз устоз-уламоларимизни эъзозласак, пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг меросхўрларини эъзозлаган бўламиз. Биз устозларимизни ҳурмат қилсак, ўзимизни икки дунё саодатига чақираётган кишиларни ҳурмат қилган бўламиз.

Мана шунинг ўзи ҳам диёримизда устозларга катта-ю кичик ўқитувчи ва мураббийларга бўлган ҳурмат эҳтиромнинг қанчалик юқори эканлигининг далилидир. Шу ўринда шоирнинг ушбу мисраларини ёдга олишликни лозим топдик.

Отадай улуғдир устоз деган ном,

Унинг ҳар бир сўзи – олтин қоида.

Пири комилларга чексиз эҳтиром,

Темур ётар мангу устоз пойида.

Ўзбек манглайидан таралар зиё,

Фахр этар улуғлар билан Ватаним.

Беруний, Фарғоний,Фаробий, Кубро,

Аҳмад Яссавийлар устозим маним.

Ҳаёт уммонида бамисли маёқ,

Йироқларга назар ташлар устозлар.

Содиқ шогирдларга бераркан сабоқ,

Доимо хақ йўлга бошлар устозлар

Сўзимиз хулосасида шуни таъкидламоқчимизки, ҳар биримиз илм аҳллари бўлмиш уламои устозларимизни, машойихи–изомларимизни юксак эътибор билан ҳурмат қилмоғимиз, ўтиб кетганларининг ҳақларига дуои хайрлар қилишимиз, уларни эъзозламоғимиз, уларга қўлимиздан келганча хизмат қилиб, илм йўлида бардавом бўлмоғимиз лозим ва вожиб бўлган амаллардан биридир. Зеро, Аллоҳ таъоло Ўз каломи шарифи бўлмиш Қуръони каримда марҳамат қиладики:

«Аллоҳ сизлардан имон келтирган ва илм ато этилган зотларни (юқори) даража – мартабаларга кўтарур». (Мужодала – 11). Демак, Аллоҳ таъоло мусулмон олимларни, уламои устозларни икки дунёда ҳам мартабаларини баланд қилиб, уларга улуғ даражалар борлигини ваъда қиляпти, шу билан бирга бизларни ҳам уларга нисбатан ҳурматда, тавозеъда бўлишликка ундамоқда.

Мир Араб олий мадрасаси 4-курс талабаси

АҲМАДОВ ОДИЛХОН

. .