ВАТАН ҲИМОЯСИ
Muallif: . .
Sana: 14.01.2022
360

Юртимизга тинчлик ва баданимизга сиҳат неъматларини берган Аллоҳ Ҳақ субҳанаҳу ва таолога беадад ҳамду санолар бўлсин. Қиёматга қадар келадиган барча уммат учун меҳрибон бўлган суюкли Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо с.а.в.га салоту саломлар бўлсин. Динимиз ва Ватанимиз равнақи учун хизмат қилаётганларни Аллоҳ Ўз паноҳига олиб, фитнаю бало ва офатлардан асрасин.

Пайғамбаримиз Муҳаммад с.а.в. тинчлик – хотиржамлик, тани сиҳатлик улуғ немат эканини баён қилиб, шундай марҳамат қиладилар:

عَنْ سَلَمَةَ بْنِ عُبَيْدِ اللَّهِ بْنِ مِحْصَنٍ الأَنْصَارِىِّ عَنْ أَبِيهِ قَالَ قَالَ رَسُولُ اللَّهِ -صلى الله عليه وسلم- « مَنْ أَصْبَحَ مِنْكُمْ مُعَافًى فِى جَسَدِهِ آمِنًا فِى سِرْبِهِ عِنْدَهُ قُوتُ يَوْمِهِ فَكَأَنَّمَا حِيزَتْ لَهُ الدُّنْيا».

“Қайси бирингиз тонгда уйқудан уйғонганда оиласи тинч, тани соғ ва уйида бир кунлик егулик бўлса, билсинки, унда дунёдаги барча неъматлар мужассам экан”.

Демак, кишининг уйига, оиласи, бола-чақасига биров хавф солмаса, тинч-хотиржам бўлса, соғ-саломат бўлса, ейдиган таоми бўлса, бундай одам ниҳоятда улуғ бир бахт-саодатга эришган бўлар экан.

Ҳадисда учта улуғ неъмат зикр қилинмоқда: тинчлик-омонлик, соғ-саломатлик ва етарли таом. Пайғамбаримиз с.а.в. юқоридаги ҳадисларида инсонни бу дунёдаги энг яхши ҳолати мана шу уч нарсага эга бўлишлидир, демоқдалар. Албатта, шу нарсаларга эришган одам “аҳволим ниҳоятда яхши”, деб шукр қилиб юрса арзийди. Бу нематларнинг асосийси, албатта, юртнинг тинчлиги ҳисобланади. Шунинг учун бежизга улуғларимиз дуо қилганларида “тинчлик, хотиржамлигини берсин”, деб дуо қилмаганлар. Маьлум бўлдики, Ватаннинг тинчлиги улуғ нематлардан ҳисобланар экан.

Пайғамбаримиз Муҳаммад с.а.в. Ватан ҳимоясида ўтказилган кеча ҳатто лайлатул қадрдан ҳам афзал кеча эканлиги борасида шундай марҳамат қиладилар:

عَنِ ابْنِ عُمَرَ رَضِىَ اللَّهُ عَنْهُمَا أَنَّ النَّبِىَّ -صلى الله عليه وسلم- قَالَ :« أَلاَ أُنَبِّئُكُمْ بِلَيْلَةٍ أَفْضَلَ مِنْ لَيْلَةِ الْقَدْرِ حَارِسٌ حَرَسَ فِى أَرْضِ خَوْفٍ لَعَلَّهُ أَنْ لاَ يَرْجِعَ إِلَى أَهْلِهِ ».

“Лайлатул қадрдан ҳам афзал бир кеча борлигининг хабар берайинми?! У шундай бир кечаки, хавф-хатарли ерда ўзининг аҳлини, Ватанини ҳимоялаш учун қўриқлайдиган қўриқбоннинг кечаси”.

Пайғамбаримиз Муҳаммад с.а.в. бошқа бир ҳадисларида ким Аллоҳ йўлида Ватанини қўриқласа, унга улуғ ажрлар берилишини баён қилиб, шундай марҳамат қиладилар.

عَنْ سَلْمَانَ قَالَ سَمِعْتُ رَسُولَ اللَّهِ -صلى الله عليه وسلم- يَقُولُ « رِبَاطُ يَوْمٍ وَلَيْلَةٍ خَيْرٌ مِنْ صِيَامِ شَهْرٍ وَقِيَامِهِ وَإِنْ مَاتَ جَرَى عَلَيْهِ عَمَلُهُ الَّذِى كَانَ يَعْمَلُهُ وَأُجْرِىَ عَلَيْهِ رِزْقُهُ وَأَمِنَ الْفَتَّانَ ».

Ким Аллоҳ йўлида бир кеча ва кундуз чегара пойласа, унга бир ой кундузи рўза тутиб, кечаси ибодат қилгандек савоб ёзилади. Ким сарҳадни қўриқлаб турганда ҳалок бўлса, унга ҳам худди шундай ажру савоб мукофоти берилади ва барча фитналардан омонда бўлади

Ватанимиз равнақи учун хизмат қилаётганларни Аллоҳ Ўз паноҳига олиб, фитнаю бало ва офатлардан асрасин.

МУҲАММАДМУСО НАБИЖОНОВ

Мир Араб олий мадрасаси ўқитувчиси

. .