ВАТАННИ ЭЪЗОЗЛАШ
Muallif: . .
Sana: 14.01.2022
26

Инсон эга бўлган нарсалар ичида энг бебаҳоси – дини ва Ватанидир. Бирор инсон йўқки, Ватанини улуғламаса. Чунки, Ватан унинг киндик қони тўкилган, гўдаклик чоғи ўтган, илк қадамларини қўйган, ёшлик, кексаликдаврларини сурган, хотиралари муҳрланган, ота-боболарининг юрти, фарзанду набиралари улғайган заминдир!

Митти чумолини кўринг, ризқ талабида қанча жойларга боради, тепаликларга қийналиб чиқади. Бу ҳам ўз инига – Ватанига қайтади.

Баъзи ҳайвонлар асл Ватанидан бошқа жойга кўчирилса, нобуд бўлиб қолади. Демак, бу мавжудотлардаги Аллоҳнинг одати, чиқарган қонуни! Уни инсон фитратига Аллоҳ солиб қўйди. Бўлмаса, ҳарорати олтмишга етадиган иссиқ жойларда ёки ҳарорат нолдан паст бўлган шимолий қутбларда ёхуд ўрмонларда ҳар кун ҳаёт учун хавфли ерларда уларни яшашга нима мажбур қилади?! Уларни бунга ундаган нарса фақатгина Ватанларига бўлган муҳаббатдир.

Инсоннинг Ватани олдида бир неча ҳақ ва вазифалари бор. Уларнинг энг муҳимлари учта:

1) ўз Ватанига чин муҳаббат қўйиш;

2) Ватанини обод этиш. Бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:

“У сизларни ердан пайдо қилди ва унга сизни ободлиги учун қўйди”(Ҳуд сураси, 61-оят);

3) Ватанда фасод ва бузғунчилик ишлари билан машғул бўлмаслик. Бу ҳақда Қуръони каримда шундай марҳамат қилинади:

“Ва ислоҳ қилингандан кейин ер юзида фасод қилманг (Аъроф сураси, 56-оят).

Ҳамаср олимлардан шайх Муҳаммад Ғаззолий (раҳматуллоҳи алайҳ) Ватан ҳақида оз ва соз, зарҳал ҳарфлар билан ёзиб қўядиган жуда гўзалтаъриф айтган:

“Башарият ўз ерини ундаги нарсалари билан, гарчи у ҳеч ким яшамайдиган чўл бўлса ҳам яхши кўраверади. Муҳаббати юракка сингиган, инсон унда бўлганда хотиржам, йироқ кетганда талпинадиган, ҳужум қилинганда асрайдиган, камситилганда ғазабланадиган макон Ватандир”.

Имом Шофеъий (раҳматуллоҳи алайҳ): “Инсоннинг хору зор бўлиши учун Ватани ва яқинларидан айрилишнинг ўзи кифоя!”, деган.

Ватанни-ку қўйинг, инсон ўзига тегишли бир қарич ерни ҳам бировга бергиси келмайди. Мўмин-мусумон Ватани сарҳадларига ҳужум қилинганини кўрса, ҳимояга шайланади. Керак бўлса, унинг йўлида жонини қурбон қилади. Ёвга Ватаннинг бир ҳовуч тупроғини ҳам бериб қўймайди.

Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, Ватанингизни севинг, уни ардоқланг. Ватан олдидаги бурч ва мажбуриятларингизни чин дилдан адо этинг. Зеро, Ватанга муҳаббат қўйиш Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан мерос қолгандир.

АБДУЛАЗИЗ ФУРЗУЛОВ

Мир Араб олий мадрасаси ўқитувчиси

. .