ТАСАВВУФ — МАЪНАВИЙ КАМОЛОТ ВА МАЪРИФАТ ЙЎЛИ
Muallif: . .
Sana: 26.09.2026
8

Бугунги кунда ёш авлодни миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида тарбиялаш, уларнинг маънавий дунёқарашини юксалтириш, илм-маърифатга бўлган қизиқишини янада ошириш муҳим вазифалардан биридир. Ана шу эзгу мақсадлар йўлида Мир Араб олий мадрасасида Тасаввуф хонаси ташкил этилди. Мазкур хона талаба-ёшларни тасаввуф таълимоти, унинг бой маънавий мероси ва инсон камолотига қаратилган ғоялари билан яқиндан таништиришга хизмат қилади.

Тасаввуф — инсонни нафс тарбияси, поклик, сабр-қаноат, ҳалоллик, меҳр-оқибат ва эзгуликка чорловчи маънавий-маърифий йўналишдир. Хусусан, аждодларимиз маънавий меросида тасаввуф таълимоти алоҳида ўрин тутган. Ҳаким Термизий, Абу Ҳомид Ғаззолий, Абдулхолиқ Ғиждувоний, Баҳоуддин Нақшбанд, Аҳмад Яссавий, Нажмиддин Кубро каби буюк аллома ва мутафаккирларимизнинг илмий-маънавий меросини ўрганиш бугунги авлод учун ҳам муҳим аҳамият касб этади.

Тасаввуф хонасида ўрнатилган баннерлар ва кўргазмали материаллар орқали талабаларга тасаввуф тарихи, унинг асосий тушунчалари, буюк мутасаввифлар ҳаёти ва илмий-маънавий мероси ҳақида кенг маълумотлар берилади.

Ушбу маърифий муҳит, аввало, ёшларни чуқур билим олишга, аждодлар меросини англашга, миллий қадриятларга ҳурмат билан қарашга ундайди. Айни пайтда маънавий баркамол, мустақил фикрлайдиган, турли ёт ғояларга нисбатан соғлом мафкуравий иммунитетга эга авлодни тарбиялаш жамият тараққиётининг муҳим омилларидан ҳисобланади.

Шу нуқтаи назардан, Тасаввуф хонасининг ташкил этилиши нафақат таълим жараёнини бойитиш, балки талаба-ёшларнинг маънавий дунёқарашини шакллантиришга қаратилган муҳим маърифий ташаббусдир. Бу ерда илм ва маърифат, тарих ва маънавият, аждодлар мероси ва бугунги кун талаби ўзаро уйғунлашади.

Зеро, ўз тарихини ва маънавий илдизларини чуқур англаган ёш авлодкелажакка ишонч билан қадам қўяди. Мир Араб олий мадрасасида ташкил этилган Тасаввуф хонаси ҳам ана шу эзгу мақсад илмли, маърифатли, маънавий етук ва ватанпарвар ёшларни тарбиялаш йўлидаги амалий қадамлардан биридир.

Азамат Хакимжонов
Мир Араб олий мадрасаси Ёшлар билан ишлаш, маънавият-маърифат бўлими ходими

. .