ТАСАВВУФ ХОНАСИ. Мир Араб олий мадрасасида талабаларга тасаввуф илми, унинг маънавий-ахлоқий асослари ва бой илмий меросини чуқурроқ ўрганишга хизмат қилувчи махсус «Тасаввуф» хонаси ташкил этилди.
Хона тасаввуф таълимотига оид кўргазмали маълумотлар, илмий адабиётлар ҳамда тарихий-маърифий материаллар билан жиҳозланган.
Хусусан, унда Хожагон–Нақшбандийлик тариқатининг олтин силсиласи шажараси, Бухорои Шарифнинг етти пири, тасаввуфга оид муҳим тушунчалар, таърифлар ва машҳур асарлар ҳақидаги маълумотлар ўрин олган.
Бу хона талабалар учун оддий дарсхона эмас, балки аждодларимиздан мерос бўлиб келаётган тасаввуфий тафаккур, одоб-ахлоқ, қалб тарбияси ва маънавий камолотга оид билимларни ўрганишга мўлжалланган маърифий муҳитдир.
Мир Араб олий мадрасасида бундай ихтисослаштирилган хоналарнинг ташкил этилиши назарий билимларни кўргазмали манбалар билан уйғунлаштириш, талабаларнинг илмий изланишларини қўллаб-қувватлаш ва бой маънавий меросимизни чуқур ўрганишга хизмат қилади.
ХАТТОТЛИК ХОНАСИ. Бухорои Шариф азалдан нафақат илм-маърифат, балки бетакрор хаттотлик мактаби билан ҳам бутун Ислом оламида шуҳрат қозонган. Бу шонли анъанани муносиб давом эттириш ва келажак авлодга етказиш мақсадида мадрасада махсус “Хаттотлик хонаси” ташкил қилинди.
Суратларда ушбу маънавият масканининг ўзига хос безатилиши ва у ердаги қимматли маълумотлар акс этган:
Ушбу хонага кириб келишингиз билан хонадаги махсус хаттотликка доир кўргазмали лавҳалар сизни ўз оламига олиб кириб кетади. Эшикдан киришда тўғрингизда аввал ҳуснихатга берилган турли хил таърифлар, Ўрта Осиёдаги йирик хаттотлик мактаблари рўйхати ҳамда машҳур Бухоро хаттотлари рўйхати ва тарихи тизимли тарзда ёритилган. Мана шу аснода бориб кирганингиздаги тўғридаги лавҳаларнинг сўнгисида Хаттотлик илмига доир ёзилган асарлар хотима ясаб беради.
Хонанинг тўридан жой олган стендларда эса турли хилдаги мумтоз хат турлари (Кўфий, Муҳаққақ, Райҳоний, Сулс, Насх, Тавқиъ, Риқў, Таълиқ) рўйхати келтирилган. Шунингдек, ушбу лавҳалар атрофида турли асрларга оид нодир Қуръони карим нусхаларининг айнан шу хатларда ёзилган гўзал намуналари ўрин олган.
Чап томондаги стендларда эса юртимиздаги қадимий меъморий обидалар пештоқига битилган санъат асарлари — хусусан, Мир Араб мадрасаси, Нодир Девонбеги хонақоҳи, Болои ҳовуз, Масжиди калон, Масжиди баланд ва Қўш мадрасаларидаги бетакрор битиклар тарихи намойиш этилган.
Ишонамизки янги маскан толиби илмларимиз учун ҳақиқий маърифат ва нафосат ўчоғи бўлиб хизмат қилади!






Eng ko'p o'qilgan Yangiliklar
