Кўз очиб юмгунча рамазоннинг учинчи даҳасига ҳам келиб қолибмиз. Ушбу ўткан муддат ичида кимдир ибодатларни кўпайтириб, фурсатдан тўғри фойдаланди. Кимдир эса рамазон келишидан олдин қандай юрган бўлса ана шундай давом этди. Бошқача қилиб айтганда, кунлари рўза тутиб, кечалари қоим бўлиб бедор ҳолда ибодатда мустаҳкам турган одамнинг ҳам куни ўтди, ибодатда сусткашлик қилиб, вақтини бекор ўтказган одамнинг ҳам куни ўтди.
Қадрдоним, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Рамазон келиб ундан гуноҳлари мағфират қилинмай чиқиб кетган одамнинг ҳолига вой бўлсин", деганлар.
Рамазоннинг йигирма кунини ўтказиб бўлган бўлсакда, бизда минг ойдан яхши бўлган кечаларда ибодат қилиш, Аллоҳдан гуноҳларимизга мағфират сўраш ва натижада барча гуноҳларимиздан фориғ бўлиш имконияти мавжуд. Шундай экан, бу кечаларни ғанимат билган ҳолда ҳар бир дақиқадан тўғри фойдаланайлик.
Аллоҳим бу улуғ кечаларда қилаётган ибодатларимизни Ўзининг солиҳ бандалари қаторида қабул қилсин, бизларни Рамазон ойининг фазилатидан тўлиқ баҳраманд қилсин, гуноҳларимизни мағфират этиб қалбларимизни покласин, бизни Ўзи рози бўладиган бандаларидан қилсин. Ота-оналаримизни, устозларимизни, яқинларимизни раҳмати билан сийласин.Юртимизга тинчлик, барака ва омонлик берсин. Охиратимизни ҳам обод қилсин.
Омин, я Роббал ааламин.
Асрорхон Тешабоев
Мир Араб олий мадрасаси “Қуръони карим ва тажвид” ўқув курси ўқитувчиси
