Исломда уламоларнинг ўрни жуда улуғдир. Чунки динни тўғри тушуниш, уни асраб-авайлаб кейинги авлодларга етказиш вазифаси катта илм ва масъулият талаб қилади. Шу сабабли Қуръон ва ҳадисларда илм аҳлига мурожаат қилиш ва уларнинг қадрини билишга алоҳида урғу берилган.
Аллоҳ таоло Қуръонда шундай марҳамат қилади:
“Агар билмасангиз, илм аҳлидан сўранглар.” (Наҳл сураси, 43-оят).
Яна бир оятда Аллоҳ таоло илм аҳлининг улуғ мақомини баён қилиб шундай дейди:
“Аллоҳдан бандалари ичида фақат уламоларгина ҳақиқий қўрқурлар.” (Фотир сураси, 28-оят).
Бу оят илм инсонни Аллоҳдан ҳақиқий қўрқишга ва Унга итоат қилишга етаклашини кўрсатади. Шунинг учун уламоларнинг мақоми Исломда жуда юксакдир.
Яна бир оятда:
“Аллоҳ сизлардан иймон келтирганларни ва илм берилганларни (баланд) даражаларга кӯтарур.” (Мужодала сураси, 11-оят).
Бу оятлар илм аҳлининг жамиятдаги ўрни қанчалар юксак эканига далолат қилади. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам уламоларнинг фазилати ҳақида шундай деганлар:
“Олимлар пайғамбарларнинг меросхўрларидир.” (Абу Довуд, Термизий ривояти). Яъни, олимлар пайғамбарларнинг илм меросига ворис бӯлиб, улардан кейин инсонларни тӯғри йӯлга бошлаш ва динни таълим беришга вазифдор ҳисобланадилар.
Яна бир ҳадисда эса:
“Аллоҳ кимга яхшиликни ирода қилса, уни динда фақиҳ қилади.”
(Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).
Демак, уламолар баъзилар даъво қилганидек динни ўзгартирувчилар эмас, балки Аллоҳнинг изни ила динни сақлаб қолувчи ва инсонларга уни тўғри тушунтирувчи ва етказувчи кишилардир.
Уламоларнинг аҳамиятини тушуниш учун ақлий жиҳатдан ҳам бир неча муҳим далиллар мавжуд.
Аввало, инсоният ҳаётининг барча соҳалари ихтисос асосига қурилган. Масалан, инсон касал бўлса, табибга (тиббиёт мутахассисига) мурожаат қилади. Муҳандислик ишларида эса мутахассис муҳандисга мурожаат қилади. Ҳеч ким: “Мен операцияни ўзим қиламан, чунки ақлим бор”, демайди. Чунки бу соҳаларда билим ва тажриба зарур. Дин илмлари ҳам худди шундай. Қуръон, ҳадис, ақоид, фиқҳ, усулул-фиқҳ, араб тили каби кўплаб илмларни чуқур ўрганган инсон олим даражасига етади. Шунинг учун шариат масалаларида уламоларга мурожаат қилиш — ақл талаб қиладиган табиий йўлдир.
Иккинчидан, агар ҳар бир инсон Қуръон ва ҳадисни ўз тушунчасига кўра талқин қила бошласа, динда тартиб йўқолади, ӯзбошимчалик билан ҳукм қилиш бошланади. Бир оятдан ҳар ким ӯз истаклари ва мижозига қараб турли хил ҳукмлар чиқара бошлайди, динда юзлаб, балки минглаб қарашлар ва фирқалар пайдо бўлади, ҳақиқат билан хато аралашиб кетади. Бу ҳолат тарихда ҳам кузатилган. Масалан, хаворижлар ҳам Қуръон оятларига таяниб хулоса чиқарганлар, лекин уларнинг талқини илмга таянмагани боис нотўғри ва адаштирувчи бўлган. Тарих давомида бу каби юзлаб фирқалар юзага келиб, кейин инқорзга учраган. Демак, масала фақат матнни ўқишда эмас, балки уни тўғри тушунишдадир. Бу эса илм ва тажриба талаб қилади.
Учинчидан, Ислом тарихида 14 аср давомида минглаб буюк уламолар яшаб ўтган. Улар Қуръон тафсирини ёзган, ҳадисларни санадлари билан текширган, фиқҳ қоидаларини ишлаб чиққан. Агар кимдир: “Мен уларнинг барчасидан кўра тўғрироқ тушунаман”, деса, бу мантиқан жуда оғир хато даъво бўлади. Чунки бундай даъво қилиш билан у инсон ўзини ислом уммати илмларини эътироф этган Имоми Аъзам Абу Ҳанифа, Имом Бухорий, Имом Мотуридий каби улуғ олимлардан кўра тўғрироқ тушунувчи деб ҳисоблаган бўлади. Бу эса на ақлга, на тарихга тўғри келади.
Тўртинчидан, Ислом илмлари силсила орқали етказиб келинган. Яъни илм устоздан шогирдга ўтган. Бу силсила Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам дан бошланиб, саҳобаларга, улардан тобеинларга, кейинги уламоларга ва кейинги авлодларгача давом этган. Ана шу силсила дин илмларининг ишончли ва тўғри сақланишини таъминлаган. Агар ҳар бир инсон бу илмий анъанадан узилиб, дин манбаларини ӯзи мустақил равишда талқин қила бошласа, илмнинг ишончлилиги заифлашиб кетади ва диннинг бузилишига олиб келади. Ўз динини Қиёматгача асрашини кафолатлаган Аллоҳ таолонинг ҳикмати бунга йўл бермайди.
Бешинчидан, инсон ақли жуда қимматли неъмат бўлса-да, у чекланган. Бир инсон араб тилининг нозик қоидаларини, ҳадисларнинг матни ва санадига боғлиқ илмларни, носих ва мансух масалаларини, ижмоъ ва қиёс каби фиқҳий усулларни билмасдан туриб, шариат ҳукмларини теран англай олмайди. Шунинг учун уламоларга мурожаат қилиш ақлни бекор қилиш эмас, балки ақлни тўғри ишлатишдир.
Хулоса қилиб айтганда, уламоларга эргашиш кўр-кўрона тақлид эмас. Бу — илм ва ихтисосга таянишдир. Чунки ҳаётнинг ҳар бир соҳасида мутахассисга мурожаат қилишни ақл тақозо этади. Дин илмлари эса энг нозик ва масъулиятли илмлардан ҳисобланади. Шунинг учун Ислом уммати асрлар давомида ишончли уламоларга мурожаат қилиб, Қуръон ва суннатни уларнинг шарҳи орқали тўғри тушуниш йўлини тутган. Ана шу йўл эса диннинг соф ҳолда сақланиб, кейинги авлодларга етказилишига сабаб бўлиб келмоқда.
Мир Араб олий мадрасаси катта ўқитувчисиАсрорхон Махмудов тайёрлади.
Eng ko'p o'qilgan Mudarris minbari
