Рамазон ойида масжидларда таровиҳ намози жамоат билан адо этилади. Айрим ҳолларда сафларда бир-икки киши сиғадиган даражада бўш жойлар қолиб кетиши кузатилади. Шу боис, сафни жипслаш фақат фарз намозларга хосми ёки таровиҳда ҳам шундай қилиш керакми, деган савол туғилади.
Фиқҳ уламоларининг таъкидлашича, таровиҳ намозида ҳам сафни текислаш ва жипслаш суннат амал ҳисобланади. Чунки фиқҳ китобларида жамоат билан ўқиладиган фарз ва нафл намозларда сафнинг ҳукми алоҳида ажратилмаган.
“Мухтасарул Виқоя” китобида:
“(Намозда) бўш жой бор бўлган сафдан кейинги сафда туриш макруҳдир”, — деб айтилган.
Ҳадисларда ҳам сафларни тўғрилашга алоҳида аҳамият берилган. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларнинг сафларини текислаб:
“Ихтилоф қилманглар, акс ҳолда қалбларингиз ҳам ихтилофли бўлиб қолади”, — деб огоҳлантирганлар. Шунингдек:
“Ким сафдаги бўш жойни тўлдирса, унинг гуноҳлари мағфират қилинади”, — деганлар.
Хулоса: таровиҳ намозида сафларни очиқ қолдириш намозни бузмайди, аммо сафни жипслаш ва тўлдириш суннатга мувофиқ амалдир. Шунинг учун таровиҳда ҳам сафларга эътибор бериш мақсадга мувофиқ.
НАИМ ШАРИПОВ,
Мир Араб олий мадрасаси талабаси
(Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази жавоби асосида таёрланди)
Eng ko'p o'qilgan Talaba minbari
