فاذْكُرُونِي أَذْكُرْكُمْ وَاشْكُرُواْ لِي وَلاَ تَكْفُرُونِ
“Бас, мени эслангиз, сизни эсларман. Ва менга шукр қилингиз, куфр қилмангиз1”.
Ушбу оят ўзи қисқа бўлишига қарамай, олам-олам маъно касб этади. Аллоҳ таоло Ўзи яратган, ҳаёт ва ризқ ҳамда бошқа керакли нарсаларни берган бандаларига:
«Мени эслангиз» демоқда.
Хўш, Аллоҳ бу ожиз бандаларининг эслашига муҳтожми? Йўк, у беҳожат Зот. Ҳамма муҳтожлик бандаларда. Лекин бу амр бандаларга яхшилик етиши учундир. Улар Аллоҳни зикр қилиб эслашлари ила Аллоҳ таоло уларни зикр қилишга, эслашга эришадилар. Аммо зикр булар зикрнинг фарқи бор, албатта. Ҳеч нарсага арзимайдиган ожиз банданинг эслаши
қайда-ю, оламларнинг Парвардигори бўлган Аллоҳ таолонинг эслаши қайда! Банда қандай, қачон ва қаерда эслайди.
مَّا يَفْعَلُ اللّهُ بِعَذَابِكُمْ إِن شَكَرْتُمْ وَآمَنتُمْ وَكَانَ اللّهُ شَاكِرًا عَلِيمًا
Аллоҳ таоло буюради:
“Агар шукр қилсангиз ва имон келтирсангиз, Аллоҳ сизни азоблаб нима қиладир?! Аллоҳ шукр қилувчи ва билувчи Зотдир” 2.
Аллоҳ таоло ношукр ва кофир бандаларни нима учун азоблайди? Уларни азоблашдан бир фойда топадими? Ёки уларни азоблашдан лаззат оладими? Албатта, Аллоҳ, ношукр ва имонсизларни азоблашдан ҳеч фойда топмайди ва уларни азоблашдан лаззат ҳам олмайди.
«Агар шукр қилсангиз ва иймон келтирсангиз, Аллоҳ сизни азоблаб нима қиладир?!».
Бу азобнинг асосий сабаби, банданинг шукр қилмагани ва иймон келтирмаганидир. Ношукр ва имонсиз кимса бу дунёда азобланса, қилган хатоси эвазига, тўғри йўлга қайтсин, деб қилинади. Уни охиратда азоблаш эса, ношукрлиги ва кофирлигининг жазосидир. Аслида, «Аллоҳ шукр қилувчи ва билувчи Зотдир»
Сайлиев Тўймурод
Мир Араб олий мадрасаси ўқитувчиси
