​ИСЛОМДА ОИЛАГА МУНОСАБАТ
Muallif: . .
Sana: 11.10.2019
1930

Беҳад шукрлар бўлсинки, Истиқлолдан кейин юртимизда оила қадри ва шаъни юксакларга кўтарилмоқда. Бош қомусимиз - Конституцияда ҳам "Оила жамиятнинг асосий бўғинидир ҳамда жамият ва давлат муҳофазасида бўлиш ҳуқуқига эга" деб, оиланинг ўрни қатъий белгилаб қўйилган. Ислом дини таълимотларида оиланинг мустаҳкам, тинч ва фаровон бўлишида солиҳа аёлнинг ўрни муҳимлиги таъкидланади. Ҳадиси шарифда яхши, солиҳа хотин Аллоҳга имон келтириш ва Унга тақвода бўлишдан кейин саодатга эришиш сабабларидан бири деб ҳисобланган. Ҳазрати Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: “Мўмин киши Аллоҳ таолога тақво қилгандан кейин солиҳа аёлдан кўра яхшироқ фойда топмайди. Амрига итоат қилади, эрига чиройли муомала қилади, эр қасам ичса аёли эр қасамига мувофиқ иш тутади, эри уйда бўлмаса, ўз номусини ва эр молини сақлайди”.Инсоннинг бу дунёдаги бахт-саодати ҳам солиҳа хотинга боғлиқлиги ҳақида Ҳазрати Пайғамбаримиз марҳамат қилиб бундай деганлар:

“Одам боласининг бу дунёдаги саодати - солиҳа хотин, қулай уй-жой ва яхши уловдир”. Бирор инсон йўқки, ҳаётининг қайсидир палласида «Мен бахтли яшадимми?» дея ўзига савол бермаган бўлсин. Ҳар бир киши бахтга интилади, шу йўлда курашади, бахти учун кўп нарсани қурбон қилади. Аммо инсонларнинг "бахт" тушунчасига қарашлари турлича: бировга арзимас туюлган нарса биров учун чинакам бахтиёрлик рамзидир. Хасталарга соғлик, хунукларга чирой, камбағалга мол-дунё, мажруҳларга тўрт мучанинг мукаммал бўлиши чинакам бахт тимсоли саналади. Лекин кўпчилик бир нарсада якдил: оилавий бахт ҳамма нарсадан азиз ва ардоқлироқ.


У дуруст бўлсагина жамият дуруст бўладиган, у кўнгилдагидек бўлмаса, жамият ҳам шу тарзда бўладиган, жамият ва борлиқнинг негизи бўлган оила ҳақида, умуман никоҳ ҳақида ёзишни ирода қилдик. Шаҳримизда, алҳамдилуллаҳ, вилоятларимизда ҳам тўйхоналар кўп. Айниқса, шаҳримизда тўйхона қуриш, уни безатиш бўйича ниҳоятда илдамлаб кетди. Ундан ҳам ажабланарлиси тўйхоналаримизнинг ҳаммаси банд, бирон бирини эрта саҳарда ёки кечки пайт бўш ҳолда топишимиз қийин. Сабаби тўйлар кўп ва айниқса фарзандларнинг никоҳ тўйлари сероб. Бир томондан қарасак, бу жамиятда хурсандчилик борлиги, унда камчилик, муаммо йўқдай кўринади. Ҳар бир нарсанинг яна бир иккинчи кўринмас томони ҳам мавжуд бўлади. Бизга кўринаётган томон тўйхона ёки тўйлар билан кўринаётган бўлса, унинг орқа томонида, ўша бир йилга бормай ажрашиб кетиш, кўзлари маюс, юзи рангсиз эркак ёки бева аёл ёки уларнинг ўртасидаги тирик етим бўлиб қолган фарзандлар ёки болалар уйининг кўплиги хурсандчилик бўлиб кўринаётган тўйларнинг иккинчи бир томони, бизни маъюс қиладиган дарддир.

Бизнинг халқимиз никоҳни муқаддас биладиган, унга эҳтиёт бўлиб ёндашадиган, никоҳсиз оилани, турмушни тасаввур ҳам қила олмайдиган мусулмон халқдир. Никоҳ орқали покиза оила қуришни қарийб 15 аср олдин ўргандик, ўшандан бери бу давом эттирилади. Лекин нега шунча йиллик тажрибага эга бўлиб туриб, ажрашиш дардини жамиятимиздан йўқота олмаяпмиз? Ўтказилаётган тўйлар билан бир йилдан кейин бўлаётган ажрашишлар сони тенг бўлиб қолмоқда.

Ажрашишлар сонини камайтириш ва унинг олидини олиш билан бир қатор ташкилотлар банд. Нима қилсак болалар уйининг кўп бўлиши ёки улардаги болалар сонининг кўп бўлишини олди олинади ёки қанча бунга маблағ сарфланади? Лекин натижа самарасиз. Айнан шу ўринда динга мурожаат қилишдан бошқа йўл йўқлигини яхши билишимиз керак. Чунки бизга никоҳни ўргатган, никоҳ орқали ўртамизда турмуш қуришни ўргатган диннинг ўзи. Қуръони Карим бизни никоҳга тарғиб қилган, Пайғамбаримиз (а.с) “Никоҳ менинг суннатимдир” деб юқори даражага кўтарган никоҳни сақлаб қолишнинг, йўлга солишнинг йўли ҳам динда мавжуд. Зеро, Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в): “Мусулмонларнинг дарди билан оғримаган мусулмон мусулмон эмасдир”, деганлар. Агар биз фақат ўз ташвишларимиз билан шуғулланиб, “Оиламиз тинч, оилам хотиржам” деб бошқа нарсаларга эътибор бермасак, комил мусулмонликни асло даъво қила олмаймиз. Бизни ўз оиламиз қанчалик қайғуришга мажбур қилса, қўшнимизнинг аҳволи ҳам, ўша биз жойлашган маҳалланинг ёки жамиятнинг, дунёнинг аҳволи худди шундай қайғуришга мажбур қилиши керак. Шунинг учун шариати ислом дуо қилганда, фақат ўзининг ҳаққига дуо қилувчининг дуоси, қабул бўлмаслигини эълон қилади.

Пайғамбар (а.с) дуо қилганларида бутун жамоа мўминларининг, мусулмонларининг ҳаққига дуо қилишни буюрган. Бу дуодаги бошқаларни ўйлаш, ҳамжиҳатлилик, иттифоқнинг бир кўриниши. Энди дардлининг дардни ўйлаш. Унга илож топиш борасида ҳам худди шу руҳда бўлишимиз керак.

Азалдан жамият ва турли диний таълимотларда оила муқаддас саналиб, уларда оилавий муносабатларга алоҳида эътибор қаратилган.

Оила жамиятнинг асосидир. Оилалар йиғиндиси жамиятни ташкил этади. Оила мустаҳкам бўлса, демакки жамият, мамлакат ҳам мустаҳкам ва барқарор бўлади. Оила Исломдан олдин ҳам бўлган, лекин оилада эр ҳамда аёлнинг ҳуқуқ, бурч ва масъулиятларини Ислом дини кўрсатиб берди. Ислом аёлга қарши зулмларга тўла барҳам берди. Сарвари олам Муҳаммад (с.а.в.) аёл номини улуғлаш, унинг шаънини кўтариш, хотин-қизларнинг ҳуқуқини оширишда фақат Ислом умматигагина эмас, балки кишилик жамиятига ибрат ва намуна бўлдилар.

Бу йил мустақил ва жаннатмисол юртимизда “Мустаҳкам оила йили” деб эълон қилинди. Оилаларнинг ҳар томонлама саодатли, фаровон ва мустаҳкам бўлиши мамлакатимиз тинчлиги ва тараққиётига сабаб бўлишини ҳаммамиз яхши биламиз ва англаймиз.

Дунёқараши, имон-эътиқоди ва ихлоси мукаммал, дин-диёнати, ватани ва халқига содиқ ва муҳаббатли янги авлод таълим-тарбиясида, уларни турли-туман ёт таъсирлардан, бузуқ ақидалардан авайлаб сақлашда мустаҳкам оиланинг, шубҳасиз ўрни каттадир.

Демак, ҳар бир фарзанд оилада таваллуд топиб, илк одоб-ахлоқ ва тарбияни ҳаёт кўникмаларини ота-онасидан билиб ва ўрганар экан. Бунда ота-онанинг ўзлари фарзандлар тарбиясида қанчалик масъул эканликлари ва бу улуғ масъулиятни қанчалик ҳис қилишларига боғлиқдир. Оиладаги ўғил ва қиз фарзандларнинг ҳар бирига яраша одоб-ахлоқ ва тарбия усуллари мавжуд. Бу ўринда онанинг ўрни беқиёсдир. Фарзанд тарбиясида унинг эл-юрт хизматига камарбаста, ахлоқан баркамол инсон бўлиб вояга етишида она билан баробар отанинг ҳам масъулияти каттадир. Зеро, оиланинг устуни онадир.

Муҳтарам юртбошимиз раҳнамолигида мамлакатимизда оила, унинг жамиятдаги ўрни ва ролини, нуфузини кўтариш борасида қатор қарорлар, дастурлар ишлаб чиқилиб, ҳаётга татбиқ этилмоқда. Бу оиланинг келажагимизни барпо этишда, ёш ва баркамол авлодни тарбиялашда нечоғли муҳим эканлигини кўрсатади.

Ҳозирги вақтда оилаларнинг мустаҳкам бўлиши, кўп жиҳатдан эр-хотиннинг босиқ, сабрли ва мулоҳазали бўлишига боғлиқ. Арзимаган сабаб деб уйда жанжал кўтариш оила мустаҳкамлиги ва аҳиллигига путур етказади. Бу каби ҳолатлар фарзандлар тарбиясига салбий таъсир этишини унутмаслигимиз лозим. Оилада эр аввало хотин ва фарзандлар билан чиройли муомалада бўлишлиги, одоб-ахлоқда, ўз бурч ва вазифасини мукаммал адо этиш вожибдир.

Ана шундай жуфтлик саналган эркак ва аёл илоҳий никоҳ ришталари туфайли бир хонадонда, бир оилада аҳил, тотув яшашлари, насл давомийлигини таъминлниши Яратганнинг улуғ мўъжизаси ва ҳикматидан далолатдир.

Оила ҳаётнинг абадийлигини, авлодларнинг давомийлигини таъминлайдиган, эзгу урф-одатларимизни сақлайдиган, шу билан бирга, келажак насллар қандай инсон бўлиб етишишига бевосита таъсир кўрсатадиган тарбия ўчоғи эканини унутмаслигимиз керак.

Оилаларнинг мустаҳкам бўлиши, авлодлар тарбияси гўзал бўлишида жаноби Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сийратлари, аҳли аёлларига қанчалик шафқатли, меҳрибон чиройли хулқли ва раҳмли бўлганларидан ибрат ва намуна олишимиз керак бўлади. Ибн Ҳиббон розияллоҳу анҳу ҳазрати Ойша онамиздан ривоят қилган ҳадисда жаноб Пайғамбаримиз бундай деганлар:

“Сизларнинг энг яхшиларингиз аҳли аёли, оиласига эзгулик-яхшилик қилганларингиз ва мен ўз оиламга яхшилик қилгувчироқман”.

Буюк шоир, ғазал мулкининг султони Ҳазрат Алишер Навоий ҳам ўзининг кўплаб асарларида оила ва фарзанд тарбияси борасида кўплаб ибратли фикрларни айтган. Навоий бола тарбиясига унинг гўдаклигидан эътибор бериш кераклигини айтади: Аввал фарзандига ҳар ким яхши бир исм топиб қўйсин, кейин яхши муаллим – ўқитувчи танласин.

Динимизда оила қуришга эркак ва аёл бирдек тарғиб қилинган. Оила қурмасдан, таркидунёчилик йўлини тутиш қораланиб, бунинг акси бўлган никоҳ юксак даражада улуғланади.Ушбу буюк неъматга сазовор бўлган инсон оиланинг қадрига етсин, шукрлар айтиб, оиласи, фарзандлари ва жамият олдидаги бурчларини бекаму кўст адо этишлари лозим.Соғлом авлодни тарбиялаш – буюк давлат пойдеворини, фаровон ҳаёт асосини қуриш ва икки дунёда бахтиёр ва саодатли бўлиш ниятида яшашликни барчамизга насиб этсин.

Бирор инсон йўқки, ҳаётининг қайсидир палласида «Мен бахтли яшадимми?» дея ўзига савол бермаган бўлсин. Ҳар бир киши бахтга интилади, шу йўлда курашади, бахти учун кўп нарсани қурбон қилади. Аммо инсонларнинг "бахт" тушунчасига қарашлари турлича: бировга арзимас туюлган нарса биров учун чинакам бахтиёрлик рамзидир. Хасталарга соғлик, хунукларга чирой, камбағалга мол-дунё, мажруҳларга тўрт мучанинг мукаммал бўлиши чинакам бахт тимсоли саналади. Лекин кўпчилик бир нарсада якдил: оилавий бахт ҳамма нарсадан азиз ва ардоқлироқ.

Йигитлар гўзал ва вафодор, солиҳа ва ширинсўз, фаросатли ва ҳаёли рафиқага рўпара бўлган кунларини ҳаётларидаги энг бахтли дамлар сифатида бир умр эслаб юришади. Қизлар мард, меҳнаткаш, ибодатли, оиласи ҳақида қайғурадиган, хушмуомала ва ғайратли йигитга турмушга чиқишса, улар учун бундан ортиқ бахт бормикин? Икковига эса шириндан-шакар фарзандларсиз, фаровон ва тотув турмушсиз, меҳрибон ота-оналарсиз бахт яна кемтик бўлиб қолаверади.

Оила қўрғонининг пойдевори, унинг мустаҳкам қалъаси, эр-хотинни маҳкам боғловчи риштаси никоҳдир. Никоҳ инсонлар жамиятида энг муқаддас битим ҳисобланади. Чунки ҳаётда ҳалол ва ҳаромни ажратиш, эр-хотиннинг ҳақ-ҳуқуқларига риоя этиш, оила тузиш, инсон наслининг давомийлигини таъминлаш, ёш авлод тарбияси шаръий никоҳга боғлиқ масалалардир.

Аллоҳ таоло барчаларимизга Ўзи рози бўладиган яхши амалларни қилишда, оилаларимиз мустаҳкам бўлиши, фарзандларимиз камол топишлари йўлида айтилган гўзал панд-насиҳатларни, ваъз-иршодотларни тинглаб, унга амал қилишда Ўзи мадад берсин!

САИДОВ ШАХБОЗ

Мир Араб олий мадрасаси 3-курс талабаси

. .