КЕЛАЖАГИМИЗ ЧЕЧАКЛАРИ ҚУРИМАСИН
Muallif: . .
Sana: 21.06.2022
242

Бугун инсон маънавияти ва одоб-ахлоқи Ғарбдан кириб келаётган ахлоқсизликларнинг нишонига айланган десак, хато бўлмайди. Ушбу маънавий хуруж қурол-аслаҳа воситасида амалга оширилмайди, бировнинг юртига ёки тинч яшаётган аҳоли устига бостириб борилмайди. Бу таҳдид юзаки қараганда, ўзгаларнинг тинчини, ҳузур-ҳаловатини ҳам бузмайди. Балки, кўзга ташланмайдиган жуда нозик йўллар орқали ижтимоий ҳаётга суқилиб киради. У одамлар онгини нафсоний ва шаҳвоний майллар қутқуси билан заҳарлаб, одоб-ахлоқ, диёнат, инсонийлик тушунчаларини оёқости қилади, миллий ва диний қадрятларни топтайди, ҳар қандай қонун-қоида, меъёр ва чегарани вайрон этади. “Демократия ва инсон ҳуқуқлари” ниқоби остида ахлоқий бузуқлик, зўравонлик, худбинлик ғояларини тарқатиш ва ҳимоя қилиш, бошқа халқларнинг неча минг йиллик анъана ва қадриятлари, турмуш тарзининг маънавий негизларига болта уриш ва уларни қўпориб ташлашни мақсад қилади. Миллат келажагига қаратилган бу каби хатарли таҳдидлар одамни ташвишга солмай қўймайди.


Фикримизни янада очиқроқ ифода этадиган бўлсак, Ғарб дунёси ўзида рўй бераётган маънавий инқирозни – “эркин муҳаббат” деган шиор билан зинони оқлашга уриниш, барчанинг кўз ўнгида шаҳвоний муносабатларга эрк бериш, бир жинслилар “никоҳи”ни қонунийлаштириш, бунинг учун белгиланган жиноий жавобгарликни олиб ташлаш каби жирканч разолатларини мусулмон халқлар яшайдиган ўлкаларга “экспорт” қилишга уринаётир. Бунинг учун оммавий ахборот воситалари, интернет, ижтимоий тармоқлар орқали ахлоқсизликни тарғиб қилувчи материалларни тарқатишнинг ўзи билан чекланиб қолмай, муайян ташкилотлар орқали бутунбошли ҳукуматларни ва қонун чиқарувчи органларни ўз ғояларини қўллаб-қувватлашга чақирмоқда. Бу ҳолат масаланинг нечоғли жиддий эканлигини кўрсатади.


Бундай вазиятда биз миллат ўлароқ ҳар доимгидан ҳам кўра ҳушёрроқ бўлишимиз ва бу каби маънавий хуружларга қарши ўзимизнинг мустаҳкам ва соғлом муносабатимизни кўрсата олишимиз лозим. Энг асосийси, фарзандларимизга мунтазам чиройли одоб-ахлоқ ўргатиб, миллий ва диний қадриятларимизга мос равишда таълим-тарбияни бериб боришимиз зарур. Келажагимиз чечакларини ўтган буюк аллома ва донишмандларимизнинг маънавият чашмалари билан суғоришимиз уларнинг дунё гулшанида яшнаб, бутун атрофга муаттар бўй таратишларини таъминлайди, иншоаллоҳ. Шунингдек, Аллоҳ таолонинг биз бандаларга ато этган неъматларидан ҳисобланмиш фан-техника ютуқларидан хайрли ва эзгу мақсадлар йўлида оқилона фойдаланишда ёш авлодга гўзал ўрнак ва намуна бўлишимиз керак. Зеро, неъматнинг шукри уни ато этган Зотнинг розилиги йўлида тасарруф қилиш билан амалга ошиши барчамизга маълум.


Мир Араб олий мадрасаси ўқитувчиси Маҳмудов Асрорхон тайёрлади



. .