Ибн Нужайм номи билан машҳур бўлган Зайнул Обидин (ёки Зайнуддин) ибн Иброҳим ибн Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Абу Бакр ҳижрий 926 йилда (1520) Мисрда таваллуд топди. Қоҳиранинг бошқа оилалари каби Ибн Нужаймнинг ота-онаси у кишини Қуръон ёдлаш ва бошқа билимларни эгаллаши махсус мактабга беришди. Ибн Нужайм замонасининг ҳанафий фиқҳи ва усулида етук, мутасаввиф, хулқ ва одобда барчага ўрнак бўла оладиган уламолардан таълим олганлари тарих китобларида битилган.
Жумладан: Шайх Аминуддин Муҳаммад ибн Абдулол Ҳанафий, Абуладл Зайнуддин Қосим ибн Қутлубғо, Аҳмад ибн Юнус Шаҳобудин Шиблий, араб тили ва ақлий илмлар (мантиқ ва шу каби илмлар)ни Шайх Нуруддин Дайламий Моликий ва Шайх Шақир Мағрибий каби олимлардан таълим олган. Устозлари, Ибн Нужайм ҳали ёш бўлишига қарамай, фатво беришга рухсат берганлар. Шунингдек, Ибн Нужайм Абдулваҳҳоб Шаъронийдан ҳам таълим олган. Бу зотнинг суҳбатлари сабаб Ибн Нужайм ёш бўла туриб тақво, парҳезкорлик ва хулқда пешқадам бўлган. Имом Ибн Нужайм бу устозлари билан ҳижрий 953 йилда ҳаж ибодатини адо этгани Маккага боришган. Ана шу вақтда имом Зайнул Обидин 27 ёш эди. Бу ҳақда имом Шаъроний бундай деган: “Ибн Нужайм билан ҳижрий 953 йилда ҳаж
қилганмиз. У буюк хулқ соҳиби, катта-ю кичик билан гўзал муомалада
бўлган”. Ибн Нужайм имом Шаъроний билан ўн йил ҳамсуҳбат бўлган. Шунингдек, Ибн Нужайм суфийлик йўлини шайх Орифбиллоҳ Сулаймон Хузарийдан олган.
Табақот асарларни ўрганиш хулосаларига кўра Ибн Нужайм қаламига мансуб асарлар қуйидагилар эканлиги маълум бўлди:
1. “Баҳрур роиқ фи шарҳи канзил дақоиқ”. Ҳанафий фиқҳида машҳур имом Насафийнинг “Канзул дақоиқ” асарининг кенг шарҳи бўлиб, 8 жуздан иборат, 7 жузи имом Ибн Нужаймнинг, 8 жузи эса аллома
Таврийнинг қаламига мансуб. Бу асар иборалари тушунарли, ҳанафий мазҳабининг кейинги уламоларининг фикрларини ҳам ўз ичига қамраб олган. Муаллиф асар муқаддимасида бундай деган: “Канзул дақоиқ”га уламолар
томонидан бир неча шарҳлар ёзилган. Улар ичида энг яхшиси имом Зайлаийнинг “Табйинул ҳақоиқ” асаридир. Бироқ муаллиф бунда ихтилофларни, матн маъноси ва тушунчаларига тўхталмаган. Мана шу омил мени ушбу асарни ёзишимга ундади. Асарда матннинг мазмуни ва тушунчаларини батафсил ёритдим. Шу билан бирга, ҳанафий фиқҳи
асарларига, усул ва луғат китобларига таяниб баъзи фатво ва изоҳларга раддиялар бериб ўтдим”. Имом Ибн Нужайм асарнинг “Ижара” бобига етиб келгач вафот этди. Қолган қисмини аллома Таврий Қодирий давом эттирган.
2. “Ал–Ашбоҳ ван–назоир”. Имом Ибн Нужайм ушбу асарида ҳанафий фиқҳи ва усулига оид қоидалар, уларнинг тартиби ва улардан келиб чиқадиган ҳукмларни атрофлича баён қилган.
3. “Фатҳул Ғаффор би шарҳил манор линнасафий”. Бу асар аллома Насафийнинг усулул-фиқҳга оид энг мўътабар асар бўлмиш “Манор” асарининг шарҳидир. Бу асар яна “Мишкатул анвар фи усулил манор” деб ҳам номланади.
4. “Ал-фатово аз-зайния”. Ушбу асар Ибн Нужаймдан сўралган фиқҳий саволларга берилган жавоблар тўпламидир. Аллома Ибн Нужаймнинг шогирди имом Тумуртоший уни гўзал тартибга солган. Асарда уламолар ўртасидаги хилофлар ва далиллар зикр қилинмаган. Фақат баъзи ўринлардагина имом Тумуртоший устозининг баъзи сўзларини изоҳлаш учун далил ёки хилофларни келтирган. Бу фатво асари имом Абдулҳай Лакнавий айтганидек, баъзи заиф ривоятлар ва фикрларни ўз ичига қамраб олган. Шунинг учун бу китобдаги фатволар фақат бошқа саҳиҳ ривоят билан
қувватлансагина олинади.
5. “Росаилуз зайнийя фи мазҳабил ҳанафийя”. Бу асарнинг яна бир номи “Росаилу ибн Нужайм”дир. Бу китоб Байрутдаги “Кутубул илмия” босмахонасида 1980 йилда (ҳижрий 1400 йилда) чоп этилган. Китоб фиҳий
қоидаларга бағишланган. Лекин ундаги қоидалар фасллар ва бобларга ажратилмай, умумий шаклда келтирилган.
6. “Луббул усул фи таҳририл усул”. Усулул фиқҳ фанига бағишланган асар. Ушбу асар Ибн Ҳумомнинг ҳанафий ва шофеий усулларини ўз ичига олган “Ат-Таҳрир” асарининг мухтасаридир. Унда ҳанафий мазҳабига қаттиқ урғу берилган.
7. “Қоваидул фиқҳ”. Ибн Нужайм ушбу асарда 440 та қоида ва завобитларни ҳанафий фиқҳи манбаларига асосланиб келтирган. Лекин бу қоидалар тартибланмай, қоидалар билан завобитлар ўртаси ажратилмай келтирилган. Асар ҳанафий мазҳаби уламолари ўртасидаги ихтилофларни ҳам ўз ичига қамраб олган. Китобни таҳқиқ қилган олимлар айтишадики, ушбу китобдаги қоидалар мухтасар шаклда келтирилгани боис баъзи ўринлар
топишмоқ бўлиб қолган.
Шунингдек, Ибн Нужаймнинг булардан бошқа асарлари ҳам бор. Лекин баъзи тарихчи олимлар у китобларни у кишига нисбат беришмаган. Масалан: Имом Марғинонийнинг “Ҳидоя” асарига ёзилган илк шарҳлардан бири – “Ҳошияту аъла жамиъул фусулайн”. Аммо асар бизгача етиб келмаган. Ибн Нужаймнинг юқорида зикр қилинган асарларини кўриб, аллома Зайнул Обидин ақлий қоидаларга моҳир, урф, ижтимоий заруриятларни яхши англаган, кишилар ўрталаридаги муомалаларда учраб турадиган муаммоларга моҳирлик ила ечим топа оладиган олим бўлгани
яққол намоён бўлади.
Шу билан бирга, Ибн Нужайм мазҳаб ичида машҳур бўлган матнларни қисқа иборалар билан шарҳлаш, қоидаларга асосланиб фуруъий масалаларни истинбот қилиш қобилиятига ҳам эга эди. Исломнинг асосий манбалари
орқали замонидаги янги пайдо бўлган ҳукмларга ҳанафий мазҳаби қоидаларига суяниб жавоб бера олган.
Манбаларда Аллома Ибн Нужайм ҳижрий 969 йил 8 ражаб ойида ёки 970 йилда вафот этгани тўғрисида икки хил маълумотлар учрайди. Имом Ибн Нужайм имом Ҳусайн ибн Али ибн Толиб (р.а.) нинг қизлари Сакина (р.а.)
яқинига дафн қилинган.
Хулоса қилиб айтганда, Ибн Нужайм яшаган даврдаги сиёсий ва ижтимоий муҳит олимнинг сермаҳсул ижод қилишига замин яратди. Олим “Иккинчи Абу Ҳанифа”деган шарафли номга лойиқ кўрилиши унинг мақоми қай даражада юқори эканини англатади. Хусусан, ўз асарларида Бухоро ва Самарқанд олимларининг сўзларини далил сифатида келтириши бу олимнинг
асарларини янада кўпроқ ўрганиш нақадар аҳамиятли эканини кўрсатади.
Мир Араб олий мадрасаси 4 босқич талабаси
МАҲМУДЖОНОВ УЛУҒБЕК
