Ер юзидаги энг улуғ нарса бу – Аллоҳнинг зикридир.
Аллоҳ таоло ўзининг каломида бир неча ўринда Ўзини зикр қилишликни баён қилган ва пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам бир неча ҳадисларида Аллоҳнинг зикрини энг афзал ибодат деганлар. Ва уламоларимиз: “Кимки Аллоҳ субҳанаҳу ва таолони зикр қилмаса ёки зикр қилса ҳам ҳақиқий зикрни қалбида ҳис қилмаган бўлса, дунёга келиб дунё лаззатини ва роҳатини кўрмай кетибди”, дейишган. Яъни улар дунёга келиб ҳаётни нималигини тушунмасдан ўтиб кетган одамлардир. Дунёга келишади-ю Аллоҳ субҳанаҳу ва таолони зикр қилишмайди, зикр қилишса ҳам қалбидаги хотиржамликни Аллоҳ ҳақ субҳанаҳу таоло бир қалбга берадиган ўзининг сакинатини, раҳматини тушунмасдан ўтиб кетишади.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаётлари ҳар доим зикр билан эди. У зот фақат ухлаётганда ва ҳожатда яъни халога кирган вақтда зикрдан тўхтар эдилар.
Аллоҳ талобандаларига турли услубда ўзини зикр қилишни каломида келтиради: “Эй иймон келтирганлар! Аллоҳни кўп зикр қилинглар” (Аҳзоб сураси, 41-оят). Бу ердаги иймон келтирганлар дегани Роббим Аллоҳдир деган кишиларга хитоб қилинмоқда. Яъни Уни эртаю кеч зикр қилинглар. Аллоҳни зикр қилиш қалбни унга боғлаш, у зот мени кузатиб турибди деган доимий этиборда бўлишимиз, Аллоҳнинг буйруқларини ҳар лаҳза хам эсдан чиқармай бажариб боришдир.
Имом Бухорий ривоят қилган ҳадиси қудсийдаПайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Роббингиз:“Мадомики, бандамнинг лаблари мени зикр этиб қимирлар экан, мен у билан биргаман”, дейди” деганлар. Бу келтирган гаплар қийин эмас, фақат бунга амал қилиш эсимиздан чиқиб қолади-да. Ҳаётимизда ҳар лаҳзада Аллоҳни зикр қилса бўлади, бунга мисол: овқатланишда, уйга киришда, уловга минишда, ҳар бир ишни Аллоҳнинг исми билан бошланишлигидир.
Аллоҳ таоло зикр қиладиган бандаларни мақтайди: “Зокир бандалари турганда ҳам, ўтирганда ҳам, ётганда ҳам Аллоҳни эслайдилар”. Энди бунинг муқобилида Аллоҳни зикр қилмайдиган кишилар бор. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳиҳ ҳадисда айтадиларки: “Аллоҳ субҳанаҳу ва таолони зикр қиладиганинсон билан, зикр қилмайдиган инсонни мисоли худди тирик билан ўлик кабидир”. Бугунги кунимизда шундай кишилар борки, Аллоҳни зикр қилдингми десангиз уялиб қолади. Шунақанги инсонлар борки, оёғи бор бизларни орамизда юради, лекин қалблари ғафлат босиб кетган. Уларнинг ғофиллиги ғийбат, ҳасад, гап ташиш, ёлғон, фитна билан бўлиб Аллоҳнинг зикридан йироқдирлар. Ўзимизга савол бериб кўрайликчи зокир билан ғофилни иккаласи тенг бўлурми деган саволга, албатта йўқ деб жавоб берамиз.
Аллоҳтаоло Қурони каримда: “Бас мени эсланг, сизниэсларман. Ва менга шукр қилинг, куфр келтирманг” деган (Бақара сураси, 152-оят). Аллоҳни зикр қилмайдиган банда эрта қиёматда: “Эй Роббим, нима сабабдан мени кўзимни кўр қилиб яратдинг, ваҳолангки дунё ҳаётида кўрар эдим, энди қиёматда кўр бўлиб яралибман”, дейди. Аллоҳ таоло айтади: “Сен дунёда бизни унутдинг, бугун биз сени эсдан чиқардик”. Қайсики банда бу дунёда Роббисини эсласа қиёмат куни Аллоҳ ҳақ субҳанаҳу ва таоло уни эслайди.
Аллоҳни зикр қилувчи эркаклар ва аёллар учун мағфират ва улуғ ажрлар бордир. Бизларкасал бўлсак, мусибат келса, қарздор бўлган вақтларимиздагина кўпинча Аллоҳни эслаймиз. Бемалолчилик вақтимизда Аллоҳни деярли мусибат тушган ҳолатчалик зикр қилмаймиз. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганларидек: “Аллоҳ таолога хотиржамлик пайтларингизда, саломатлик бор, ақл заковат ишлаётган ҳолатларингизда Аллоҳгатанилиб олинглар, Аллоҳ эрта бошингизга бирон муаммо тушганда сизни танийди”. Ким Аллоҳни зикрини кўпайтирса нифоқдан пок бўлади. Кишини қалби нима билан таскин топса ўша нарса билан кимлиги белгиланади.
“Улар иймон келтирган ва Аллоҳни зикри ила қалблари ором топганлардир. Огоҳ бўлингким, Аллоҳнинг зикри ила қалблар ором топур”.
Ҳа, иймон келтирганларнинг қалблари Аллоҳнинг зикри ила ором топади. Саҳобайи киромлар: “Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар куни Аллоҳни 70 мартадан кам зикр қилмаганлар, ваҳолангки у зотни аввалги ва охирги гуноҳлари мағфират қилингандир”, дердилар. Биз азиз ўқувчилар бу мавзуга амал қилишга ва Аллоҳни кўп зикр қилишга одатланмоғимиз лозим.
Ҳамиша Аллоҳни фазлини сўрайлик, бизларни зокирлардан қилсин. Зикр инсонни нажотга олиб борадиган йўл, зикр мўминлар учун шифо ва раҳмат, зикр жаннат кўчатларини кўпайтиришлик, зикр амалларнинг энг енгили ва амалларнинг энг яхшиси ва энг осонидир. Балоларни кўтаришлигигасабаб, зикр ризқини баракали бўлишлигига сабаб, зикр шайтоннинг васвасасидан қўрғон, машақатларни кўтаришлигига сабаб. Кимни ҳаётида машаққат йўқ дейсиз?. Ҳаммани ўзига яраша машаққати бор, зикрдабўлайлик машаққатлар кўтарилади. Зикр Аллоҳ таолонинг розилиги, Аллоҳ бизни зокир бандалардан қилсин!
Мир Араб олий мадрасаси 4 босқич талабаси
ҲАМЗИДИНОВ КАМОЛИДИН
