14 ЯНВАРЬ – ВАТАН ҲИМОЯЧИЛАРИ КУНИ
Muallif: . .
Sana: 14.01.2022
363

Ватан - кишиларнинг туғилиб ўсган жойи, юрти, мамлакати, тарихан муайzан халққа тегишли ҳудуд ҳамда унинг табиати, аҳолиси, ўзига хос тараққиёти, тили, маданияти, турмуши, ва урф-одатлари мажмуидир.

Инсон учун Ватан ягонадир. Ватаннинг катта-кичиги ҳам,
бой-камбағали ҳам бўлмайди. Ватан танланмайди. Ватан бизнинг молимиз эмас. Шунинг учун ҳам у пулга сотилмайди ва сотиб олинмайди. Ватан инъом этилмайди, қарзга берилмайди. Ватан ҳар бир фуқаро учун муқаддас ва бетакрордир.

Динимизда Ватанни ҳимоя қилиш ишига ўзини бахшида этиш энг улуғ савобли амаллардан эканлиги айтилган. Бу тўғрида Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламдан шундай ҳадиси шариф ривоят қилинган:

عَنِ ابْنِ عَبَّاسٍ قَالَ سَمِعْتُ رَسُولَ اللَّهِ -صلى الله عليه وسلم- يَقُولُ « عَيْنَانِ لاَ تَمَسُّهُمَا النَّارُ عَيْنٌ بَكَتْ مِنْ خَشْيَةِ اللَّهِ وَعَيْنٌ بَاتَتْ تَحْرُسُ فِى سَبِيلِ اللَّهِ ». رواه الإمام الترمذي

яъни: “Икки кўз эгасини дўзах оташи куйдирмас: бири– Аллоҳнинг азобидан қўрқиб йиғлаган кўз, иккинчиси – Аллоҳ йўлида қўриқчилик қилиб бедор бўлган кўз” (Имом Термизий ривояти).

Бугун юртимизда “Ватан ҳимоячилари куни” сифатида нишонланади. Дарҳақиқат, Ватан – муқаддас макон. Уни ҳимоя қилиш, душманлардан асраш, унинг равнақи ва фаровонлиги йўлида хизмат қилиш – ҳар бир инсон учун ҳам фарз, ҳам қарздир. Киндик қони тўкилган Ватанни, шу мустақил юртни кўз қорачиғидай асраб-авайлаш инсон учун гўё ўз оиласини, шаънини, ор-номусини, имон-эътиқодини ҳимоя қилиш кабидир. Ҳар бир баркамол инсон Ватан камолоти ва истиқболи, эл-юртининг озодлиги ва мустақиллиги учун ҳамма нарсани, ҳатто ширин жонини ҳам аямайди. Бу ҳақда Фузулийнинг менинг битта ҳаётим бор, борди-ю, мингта ҳаётга эга бўлган тақдиримда ҳам ҳаммасини Ватан учун сарфлаган бўлур эдим, деган сўзлари ҳар биримиз учун бебаҳо ўгитдир.

Ватанпарварлик – ёлғиз ўз Ватанига меҳр қўйишдан иборатгина эмас. Бу жуда катта ҳис... Бу – Ватан билан ўзини бир бутун деб билиш, унинг яхши-ёмон кунларида асқотиш демакдир.

Табиийки, инсон фарзанди қаерда, қайси мамлакатда дунёга келса, ана шу ер унинг она Ватанига айланиб қолади. Киндик қони тўкилган жой инсон учун ҳамма нарсадан ҳам қимматли даргоҳдир. Расули Акрам соллоллоҳу алайҳи ва саллам Мадинаи мунавварага ҳижрат қилиб кетаётганларида туғилиб ўсган Ватанлари Маккаи мукаррамага юзланиб туриб: “Агар қавмим мени Маккадан чиқиб кетишга мажбур қилмаганида, ҳеч ҳам
ўз ихтиёрим билан уни ташлаб кетмаган бўлур эдим”,
деганлари сийрати набавия китобларида баён этилган.

Демак, Ватанни севиш, ватанпарвар бўлиш, ундаги бор нарсаларни ардоқлаб, соғиниб яшаш инсоният табиатида мавжуд бўлган нозик
ҳис-туйғудир.

Мир Араб олий мадрасаси ўқитувчиси

Абдураҳмон домла Нарзиев

. .