“МИЛЛАТНИНГ ДАРДИГА ДАРМОН БӮЛМОҚ ВАЗИФАНГИЗДИР” Амир Темур.
Muallif: . .
Sana: 13.01.2022
124

Буюк бобокалонимиз АМИР ТЕМУР ҳаёти ва ижодига бӯлган қизиқиш тобора ортиб бормоқда. Шуни эътиборга олган холда унинг замондошлари қаламига мансуб, бизгача етиб келган қӯлёзмалардан буюк соҳибқирон қаламига мансуб муборак ӯгитларни бирма-бир ӯқиб, ушбу мақолани ёзишга қарор қилдим.

Амир Темур - буюк шахс: кураги ерга тегмаган паҳлавон, моҳир саркарда, йирик давлат арбоби, қонуншунос, талантли меъмор, руҳшунос, шу билан бирга, эл-юртини севган ва уни жаҳонга машҳур қилган инсон.

Амир Темурнинг ташвишлар билан тӯлиб-тошган ҳаёти ва фаолиятини кичик бир мақолада баён қилиб бӯлмайди. Унинг тарихи борасида кӯп жилдли китоблар ёзишга арзийди.

Буюк бобомиз тарихига бўлган адолатсизликлар туфайли туҳмат ва маломатларга қолди, зулм ва адолатсизликда айбланди. Ваҳоланки, Англия, Франция, Олмония хамда АҚШдаги тарихчилар унинг ҳаёти ва фаолиятига ижобий бахо берувчи жуда кўп, кенг кӯламли китоблар ёзиб чоп этадилар. Хорижлик драмматург ва артистлар ӯз театрларининг саҳналарида бобомиз Амир Темурнинг ёрқин образини яратдилар. Биз- чи?...

Шу сӯзлардан келиб чиқиб, сизларга бобомизнинг доно ӯгитларини келтирай дедим:

1) Номуссиз хиёнатдан, номусли ӯлим яхши.

2) От минган отасини унутади.

3) Ота бӯлмаган, ота қадрини билмас.

4) Оғзингга қон тӯлса ҳам, душман олдида тупурма.

5) Қилич ӯткир бӯлса-да ӯз сопини кесмагай.

6) Сӯзлагувчи гар нодон эрур, тинглагувчи доно бўлсин.

7) Тил қиличдан ӯткир.

8) Қӯлига қилич олган баҳона қидирмайди.

9) Қӯрқмасанг ёв қочар.

10) Мерган овда билинар, ботир - ёвда.

11) Бирор ишни қилмоқчи бӯлсам, кенгашиб олиб, кейин Қуръондан очардим ва Қуръон ҳукми билан иш қилар эдим.

12) Юз минг отлиқ аскар қилолмаган ишни бир тӯғри тадбир билан амалга ошириш мумкин.

13) Агар ерда ва кӯкда икки худо бӯлса, жаҳоннинг иши бузилур.

14) Қилмоқчи бӯлган ишларини қилмасдан қолдирмасинлар. Агар бирор ишни қилмасликка сӯз берар эканлар, яқинига ҳам йӯламасинлар. Хотирдан чиқмасинким, Аллоҳ таоло жасур кишиларни ардоқлайди.

15) Кенгаш икки турли бӯлур: бири - тил учида айтилгани, иккинчиси - юракдан чиққани. Тил учида айтилганини (шунчаки ) эшитардим. Юракдан айтилган маслаҳатни эса қалбим қулоғига қуярдим ва дилимга жойлардим.

Мақоламни бобомизнинг васияти билан тугатмоқчиман:

“... Англаб турибманки, руҳ қуши қалб қафасидан парвоз қилмоқчи. Тангри таолонинг даргоҳига жонимни бахш этаётибман. Сизларни унинг лутфи марҳаматига топширдим. Оби дида қилиб ӯтирманглар, оҳу нола чекманглар, чунки бундан фойда йӯқ. Руҳимни фотиҳа ва такбир билан шод этинглар. Миллатнинг дардига дармон бӯлмоқ вазифангиздир. Заифларни ҳимоя қилинг, йӯқсилларни бойлар зулмига ташламанг, мендан ӯрнак олинг!!! Шундай салтанатим бӯлса ҳам дунё менга вафо қилмади, сизларга ҳам вафо қилмайди”.

Мадаминзода Абдулатиф Бахтиёржон ӯғли

Мир Араб олий мадраса ӯқитувчиси

. .