ТАСАВВУФ ВА ФИҚҲ УЙҒУНЛИГИ
Muallif: . .
Sana: 23.06.2021
612

Аллоҳ таоло инсонни яратганда фақатгина жисмдан иборат қилиб яратмади, балки унга беқиёс неъмат сифатида руҳ ҳам ато этди. Инсон шу икки нарсадан ташкил топган. Биринчиси, моддий нарса бўлиб, у ўсади, ҳаракат қилади. Иккинчиси эса, моддий нарса бўлмай, ўзига хос бошқа бир ҳолатлардан иборат бўлиб, фикрлаш, билиш, ирода, яхши кўриш, ёмон кўриш, яхши ахлоқ ёки ёмон ахлоқ каби нарсалардан иборатдир. Шу икки тарафнинг ўзига яраша талаблари бор, инсон уларни қондиришга ҳаракат қилади. Жисм овқат, ичимлик ва жинсга рағбат қилади. Руҳ эса маънавий озуқага муҳтож ҳисобланади.

Аллоҳ таоло бандаларига мана шу икки талабни қандай бажариш йўлларини таълим бериш учун Пайғамбарларини жўнатган. Дарҳақиқат, Пайғамбарлар келтирган ҳар қандай дин фақатгина руҳий ёки маънавий амалиётларни эмас, балки жисмоний ва моддий инсон эҳтиёжларига боғлиқ таълимотларни таълим берган.

Исломнинг илк даврларида ислом илмлари алоҳида шаклланмаган эди. Чунки, бунга эҳтиёж ҳам йўқ эди. Тасаввуф, фиқҳ ёки ақоид дея ажратаётган атамалар аслида битта мақсадда жамланади. У ҳам бўлса, инсоннинг дунё ва охиратада бахту-саодат топишига. Мутақаддим уламолар ушбу илмларни ҳаммасини ўзида жамлаган. Зеро, улар бири-бошқасисиз мукаммал бўла олмайди.

Муҳаққиқ уламолар тасаввуфни “ботиний фиқҳ”, яъни “ички фиқҳ” дейдилар шариат илмларини эса, “зоҳирий фиқҳ” деб атайдилар ёки оддийгина фиқҳ илми дейиш билан кифояланадилар. Бинобарин, зоҳирий фиқҳ шаръий амалларнинг ташқи томонига аҳамият беради. Мисол учун, таҳорат, ғусл, намоз, рўза, закот ва ҳаж каби ибодатларнинг зоҳирий масалаларини оят ва ҳадислар ҳамда ижмоъ ва қиёс асосида зоҳирий фиқҳ илми баён қилиб беради[1].

Намоздаги руҳий ҳолатни, қалбни қандай тутишни, хушуъ ва хузуъни – ҳамма-ҳаммасини ботиний фиқҳ илми баён қилади.

Сўфий” ва “тасаввуф” сўзларининг луғавий маънолариҳақида турли хил фикрлар айтилганидек, уларнинг истилоҳий маъноси борасида ҳам турли қарашлар бор. “Қавоидут тасаввуф” китобида икки мингга яқин таъриф келтирилган. Тасаввуф аҳлининг ўзлари унинг таърифидаги бундай хилма-хилликни яхшилик аломати деб биладилар. Таърифларнинг ҳаммаси “Аллоҳ таолога содиқ таважжуҳ” қилиш маъносидадир. Шундай экан қандай қилиб муфаққиҳ ёки мутакаллим олимларни тасаввуф аҳли бўлмаган дейиш мумкин. Зеро, уларнинг барчаси “Аллоҳ таолога содиқ таважжуҳ” қилишга интилиб яшашган.

Тасаввуф шариатга бевосита боғлиқ эканлигини қуйида тасаввуф ҳақидагибаъзитаърифлар билан танишиб чиқсак, янада бир бор ишонч ҳосил қиламиз. Тасаввуф бу

1. Тасаввуф бу шаръий одоблар ила зоҳирда туриб унинг ҳукмини ботинда кўриш. Шунингдек, шаръий одоблар ила ботинда туриб унинг ҳукмини зоҳирда кўришдир. Шунда одобланувчи учун икки ҳукм ила камол ҳосил бўлади.

2. Тасаввуф бир мазҳаб бўлиб, мақсади қалбни Аллоҳ таолодан бошқа барчадан холи қилиш, Холиққа ихлос ила ибодат қилиш ҳамда Ундан бошқасидан ажралиш ила руҳни қудсият оламига олиб чиқиш.

3. Тасаввуф нафсни ахлоқий жиҳатдан тараққий эттирадиган ҳаётий фалсафа бўлиб, у муайян амалий риёзат воситасида ҳақиқатга айланади ва баъзи вақтларда олий ҳақиқатга сингиш ҳиссига олиб боради. Шунингдек, ундан завқваақл ила маърифат ҳосил қилишга олиб боради.

4. Тасаввуф бир илм бўлиб, у ила нафснинг аҳволи: яхши ва ёмони, унинг ёмонини поклаш йўли, яхшини зийнатлаш йўли, Аллоҳ таолога юзланиш кайфиятивауслуби ўрганилади яъни, Ўзидан бошқадан паноҳ сўрамаслик.

5. Тасаввуф – ҳар бир ёмондан холи бўлиш, ҳар бир яхшидан ибрат олиш ила қурбат[2]га ва висол[3]га эришишдир. У инсонни қайта бино қилиш ва уни ҳар бир фикр, сўз, иш ва ниятда Роббиси ила боғлашдир.

6. Тасаввуф –ахлоқни сайқаллашни ванафсни поклашни йўлга қўяди.

7. Тасаввуф тавба, истиғфор, дуо, зуҳд, тақво ва шунга ўхшаш маъноларнинг ҳақиқатини англаб етишга ёрдам беради ва уларни ҳаётга қандоқ татбиққилиш бўйича дарслар ва кўргазмали тажрибалар олиб боради.

8. Тасаввуф мўмин-мусулмонларга нафл ибодатларни йўлга қўйиш бўйича ҳам дарслар беради.

Тасаввуфсулук тарзи бўлиб, унинг асоси нафс пок ва руҳ олий бўлиши учун содда ҳаёт ва фазилатлар ила зийнатланиб яшашдир.

Шайх Шиҳобиддин Абу Ҳафс Умар ибн Муҳаммад ас-Суҳравардий (р.а.) сўфийни қуйидагича таърифлайдилар:

“Сўфий ҳар бир нарсани ўз жойига қўядиган, вақтлар ва ишларни илм ила тадбирини қиладиган, халқни ўз мақомига қўядиган, Ҳаққнинг амрини ўз жойига қўядиган, беркитилиши лозим бўлган нарсани беркитадиган, очилиши лозим бўлган нар­сани очадиган ва ишларни қалб ҳузури ила, тўғритавҳид ила, камоли маърифат ила, риояти сидқу ихлос ила ўз ўрнида адо этадиган шахсдир”.

Орифлар султони Аҳмад Яссавий (р.а.) эса:

الشريعة عمل بالأركان أى بالظاهر والطريقة عمل بالقلب والحقيقة عمل بالسر

“Шариат зоҳирда аъзолар билан амал қилиш, тариқат қалб билан амал қилиш, ҳақиқат эса сир (қалбдаги жавҳар, кўнгил) билан амал қилишдир” деганлар.[4]

Шариат ва тасаввуфнинг бир-бирини тақозо қилиши ҳақида Имом Молик (р.а.)нинг қуйидаги сўзларини эслаш кифоя: «Ким сўфий бўлса-ю, фақиҳ бўлмаса, зиндиқ бўлибди. Ким фақиҳ бўлса-ю, сўфий бўлмаса, фосиқ бўлибди. Ким иккисини жамласа муҳаққиқ бўлибди.[5]

Масалан Аллоҳ таоло Қуръони каримда балоғатга етган ҳар бир мусулмонга ҳар куни беш вақт намоз ўқишни фарз қилган. Бу шаръий ҳукмдир. Агар шу ўринда аслида намоздан Аллоҳга ибодат, унинг маърифати, зикри қасд қилинган ва буни ҳосил қилиб бўлган шахсга эса намоз ўқиш шарт эмас, десак биз ана шу нуқтада адашган бўламиз. Тасаввуф ва шариатни ўз ўрнига қўймаган бўламиз. Чунки намоз фарз амал бўлиб ҳар қанча Алллоҳга етишган инсондан ҳам соқит бўлмайди.

Аллоҳ таоло баданий ибодатлар билан бир қаторда молиявий вазифаларни ҳам бандаларнинг зиммасига юклаган. Ана шу вазифалардан бири закотдир. У молу давлати (хоҳ у тилло кумушдан бўлсин, хоҳ чорва ҳайвони бўлсин, тижорат моли бўлсин) шаръий нисобга етиб унга бир йил айланган инсонга вожибдир. Бу ҳам фарз – шаръий ҳукмдир. Агар шу ўринда закотдан асл мақсад покланиш нафсни бўйсундиришдир. Агар инсон шундоғам ўзини пок сақлаган ва нафсини жиловлаган бўлса, тилло кумушининг закотини бермаса ҳам бўлаверади, десак ҳам тўгри бўлмайди. Чунки намоз ҳам закот ҳам қўйингки барча инсоннинг вожиботларини қилмаса ҳам бўлаверади дейиш бу жуда хатарли бўлиб, инсонни ислом миллатидан чиқаради. Ёки бу мисолларнинг аксини олайлик инсон зиммасига юкланган намозни тўкис адо қилса, закотни берса, ва бошқа вазифаларни тўла тўкис бажарсаю, қалбида зиғирча ҳам ихлос муҳаббат бўлмаса, Аллоҳ ибодатимни қабул қилдимикан деган хавотир бўлмаса, у ҳам бекордир. Чунки ихлос бу барча ибодатларнинг руҳидир. Бунга бепарво бўлаган кимса, имом Молик (р.а.) айтганларидек фосиқ бўлиб қолиши мумкин.

“Ал-Бурҳонул ал-Муайяд” китобида зикр қилинишича, тасаввуфнинг энг кўзга кўринган намоёндаларидан бири бўлмиш шайх Рифоий қуйидагиларни айтган:

“Агар ориф фақиҳ комил сўфийга: “Сен шогирдларингга: “Намоз ўқиманглар, рўза тутманглар, Аллоҳнинг чегарасида турманглар”, деганмисан?” деса, нима дейди? “Аллоҳга қасамки, Худо сақласин”, дейишдан бошқа нарсани айта олармиди?!

Агар комил сўфий ориф фақиҳга: “Сен шогирдларингга: “Аллоҳнинг зикрини кўп қилманглар, нафсга қарши мужоҳада очманглар ва Аллоҳга ихлос билан амал қилманглар”, деганмиса?” деса, нима дейди? “Аллоҳга қасамки, Худо сақласин”, дейишдан бошқа нарсани айта олармиди?![6]

Шунинг учун тасаввуф аҳли инсон ўзини Қуръон ила тарбия топтирмоғи ва синовдан ўтказиши, Аллоҳ ишқини Қуръон ишқи билан узвий алоқадорликда камол топтириши лозим деганлар.

Тасаввуфда тафаккурнинг энг муҳташам, энг завқли ва энг ҳосилдор майдониилм ва маърифат. Аҳмад Яссавий (р.а.) таъкидлаганидек:

Маърифатни минбарига минмагунча,

Шариатни ишларини билса бўлмас.[7]

Маърифатни минбариниэгаллаш осон иш эмас. Акс ҳолда Хожа Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратлари: “Тавҳид сиррига етса бўлур. Аммо маърифат сирригаетиш душвордир”, демаганбўлурди. Ҳақиқатда ҳам тавҳид маърифатнинг юқори, аммобитта “тармоғи”дир.

ХожаБектошиВалийнинг образли ифодаси бўйича, “Маърифат шундай бир дарахтдурки, унинг боши – тавҳид,танаси – иймон, япроқлари – ислом, туби – яқинлик, илдизи – таваккул,бутоқлари – наҳйи мункар, суви – хавф ва ражо, меваси – илм, тупроғи – комил инсоннинг кўнглидир. Боши аршдан ҳам баланд бу дарахтнинг беш навдасидан бири – шавқ, иккинчиси – муҳаббат, учинчиси – иноят, тўртинчиси – иродат, бешинчиси эса – қурбиятдир”.

Демак, маърифат соҳиби бўлиш ана учун ана шунча ҳақиқат ва фазилатларнинг соҳиби бўлиш, маърифат сиррига етиш учун ана шунча ҳақиқат ва хусусиятларнинг асрориданогоҳ бўлиш лозим. Маърифат инсон онги ёки кўнглига ташқаридан олиб кириладиган яъни, зоҳирий бир неъматёки қудрат эмас, балки инсоннинг илоҳий мавжудлигидан юзага келадиган фикрий ва руҳий қудратдир. Маърифат – энг аввало, қалб мужоҳадаси ва ўзни англаш дегани. Тасаввуф таълимоти, маълум бир маънода, нубувват таълимоти ва маърифатга содиқликдир.

Таъкидлаш жоизки, тасаввуф ва фиқҳ бир-бирига узвий боғлиқ бўлиб, у иккисининг таълимотлари ҳар бир замон ва макон учун муҳим аҳамият касб этиши муқаррар. Уларда илгари сурилган ўзгалар ҳаққига риоя қилиш, ижтимоий адолат, савоб иш қилишга интилиш, ўз меҳнати билан кун кўриш, инсоний бурч ва масъулиятларни ҳис этиш, ота-она, қўни-қўшни, қариндош-уруғлар, бева-бечораларга мунтазам ва беминнат ёрдам қилиш, жамиятда маданиятли ҳамда намунали, бир сўз билан айтганда, комил инсонни вояга етказиш, тарбиялаш каби олийжаноб фазилатларни халқимиз орасида янада кенгроқ ёйиш, ривожлантириш шу билан бир қаторда жамиятда бўлаётган ихтилофларга барҳам бериш биз ёшларнинг бугунги кундаги энг муҳимвазифаларимиздан ҳисобланади.

ТЎХТАСИНОВ РЎЗИМУҲАММАД

Мир Араб олий мадрасаси ўқитувчиси



[1] Муҳаммад Зоҳид Қўтқу. Иймон қушининг икки қаноти. Тошкент.ҒофурҒулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриёти. 2000. – Б.47

[2] Аллоҳ таолога яқинлашиш.

[3] Аллоҳ таолонинг жамолига етишиш.

[4] Хожа Аҳмад Яссавий. Девони ҳикмат / Янги топилган намуналар.– Т.:Мовароуннаҳр , 2004. – Б.148.

[5] Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Тасаввуф ҳақида тасаввур. – Т.: Hilol nashr, 2019. – Б. 33.

[6] Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Тасаввуф ҳақида тасаввур. – Т.: Hilol nashr, 2019. – Б. 33.

[7] Иброҳим Ҳаққул. Тақдир ва тафаккур. – Т.: Шарқ, 2007. – Б. 33-34.

. .