Нақшбандия тариқати намоёндалари ҳикматлари - маърифат манбаи
Muallif: . .
Sana: 23.06.2021
1031

Аллоҳга ҳамду санолар, пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга дуруду саловотлар бўлсин. Аллоҳ таоло сизу бизга қанчадан қанча неъматларни ато этди, буларнинг ичида энг олийларидан бири бу шак-шубҳасиз мустақиллик нематидир. Бу мустақиллик бизга улуғ уламоларимизнинг ҳаётларини ҳамда уларнинг тарих зар варақларига битган илмий ва маънавий ва уларнинг айтиб ўтган ҳикматли сўзларини синчиклаб ўрганишлик имкониятини тақдим етди. Уларнинг ўгитларида инсон учун муҳим бўлган таълим ва тарбияни кўрамиз.

Бизга маълумки, ҳикматлар инсоннинг руҳий ва жисмоний ҳаётида жуда муҳим аҳамиятга эгадир. Ҳикмат борасида Қуръони каримда кўплаб оятлар ҳамда Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан бир неча ҳадиси шарифлар ворид бўлган. Хусусан, Аллоҳ табарока ва таоло ўзининг китоби Қуръони каримда шундай марҳамат қилади: “У кимни хоҳласа ўшанга ҳикматни берар. Кимга ҳикмат берилган бўлса, унга кўп яхшиликлар берилган бўлар”. (“Бақара” сураси, 269-оят) ва шу каби кўплаб оятларни нозил қилгандир.

Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам ўзларининг ҳадиси шарифларида: “Ҳикмат мўъминнинг йўқотган нарсасидир, уни қаерда топса уни олади”, дея марҳамат қилганлар. Зеро ҳикмат инсонни руҳан ва жисмонан тарбиялаб борара экан улуғ аждодларимиз айтган сўзларга амал қилмоғимиз зарур бўлади. Шулар жумласидан Хожа Абдухолқ Ғиждувоний, Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратларидир. Бу улуғ боболаримиз ҳам бундай ҳикматли сўзларни бежиз айтиб ўтмаганлар.

  • Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратлари айтадилар:
  • “Даст ба кору дил ба ёр”- “Қўлинг мехнатда, дилинг Аллоҳда булсин”.
  • *******

“Бизнинг йўлимиз суҳбатдир. Хилватда шухрат, шухратда эса офат бордир. Хайр жамоат биландир”.

  • *******
  • “Халқнинг юкини енгиллаштиринг, халққа юк бўлманг!”
  • *******
  • “Чумолига хам, одамга ҳам озор берманг, нажот йўли шудир!”
  • *******

“Ҳар қаерда ҳар ким ва ҳар қандай иш билан банд булманг!”

  • *******

“Доим қалб зикри билан машғул бўлинг, бироқ бундан ҳеч ким воқиф бўлмаслиги лозим”.

  • *******
  • Эй ёронлар ёронлар қулоқ солинг сўзимга,
  • Баҳоуддин Нақшбанд насихат қилди бизга.
  • Дил ба ёру, даст бакор бу ажиб, ширин сўздир,
  • Билинг бу каби сўзлар сизу бизга ҳикматдир.
  • Ҳикматларни тингласак шоду ҳуррам бўламиз,
  • Бошимиз кўкга етиб, ажиб дунё кезамиз.
  • Беписандлик қилмангиз бундайин ҳикматларга,
  • Аларнинг сўзларида шифо бор руҳу танга.
  • Ва дедики йўлимиз ажойиб бир сухбатдир,
  • Хилватда шухрат, шухратда эса офат бордир.
  • Бу сатрлар остида улкан улкан маъно бор,
  • Бу маънони англамоқ билинг доимо даркор.
  • Нажот топмоқ истасанг, озор берма инсонга,
  • Инсонлар ҳамки майли ҳатто бир кичик жонга.
  • Буни билган инсонлар доимо хушёр бўлгай,
  • Аллоҳ насиб этса гар, жаннатийлардан бўлгай.
  • Халққа юк булмоқликдан Аллоҳ ўзи асрасин,
  • Халол касб, халол ризқдан Аллоҳим ато қилсин.
  • Хар қаерда хар қандай ишлар билан банд бўлманг,
  • Вақтни зоя қилиб сўнг надомат чекиб юрманг.
  • Доимо қалб зикри бирлан машғул бўлмоқ яхшидир,
  • Гар буни билса одам қалбининг зўр нақшидир.
  • Насиҳатни тингласак қалбимиз ором олгай,
  • Аллоҳ фазлига олса жойимиз жаннат бўлгай.

Хожа Абдухолиқ Ғиждувоний ҳазратлари айтадилар:

Гар сенга бировдан шикоят бордур,

Дарди дилинг ундан бағоят бордур.

Ёмонлиги ўзи ёмонга жазо,

Интиқом олмоққа на ҳожат бордур.

*******

Илм излашдан бир қадам ҳам узоқлашма. Сармоянг илм олмоқ, либосинг фақир, дилинг ҳалим бўлсин.

*******

Сўзни зарур бўлганда гапир.

*******

Доимо одобли бўл.

*******

Одамларга чиройли муомала қил, халқ билан тортишма.

*******

Каттаю кичикка шафқат кўзи билан боқ,

Ҳеч кимга ёмон кўз ила боқма.

*******

Бировнинг мақтовига учма, биров сени ёмонласа, хафа бўлма.

*******

Ўз юкингни ўзинг кўтар, кимсага хизмат буюрма, токи у заҳмат чекмасин.

*******

Исломнинг асоси уч нарсадур. Биринчиси, ҳар бир ибодатики адо этгайсиз, унинг илмидан воқиф бўлинг. Иккинчиси, ҳар бир илмники ўрганибсиз, унга амал қилинг. Учинчиси, ҳар бир амални адо этгайсиз, сидқу ихлос билан адо этинг.

*******

Эй менинг ўғилгинам! Ҳақ таолодан доим қўрқувда бўл.
Худои таолони, Расулуллоҳни, ота-она ва барча машойихнинг ҳақ-ҳуқуқларини адо этувчи бўлки, бу хислатлар билан Ҳақ таолонинг ризолигига мушарраф бўласан ва Ҳақ таолонинг фармонини адо қилган бўласан.

*******

Ҳалол луқма егин. Имкон қадар шубҳали луқмадан ўзингни йироқ тут. Ҳалоллик барча яхшиликнинг калитидур. Ҳаромдан қочгилки, акс ҳолда
Ҳақ таолодан узоқлашасан. Халқ билан чиройли муомала қил. Доим одобли бўл. Барча ҳолатда яхшига ҳам ёмонга ҳам лутфу марҳамат билан муомала қил.

*******

Ҳар кимда қуйидаги беш хислатни кўрмагунча, уни биродарликка қабул қилма:

Биринчиси, фақирликни бойликдан устун қўйган бўлсин;

Иккинчиси, илмини дунё ишларидан устун қўйсин;

Учинчиси, хорликни иззатдан устун қўйсин;

Тўртинчиси, зоҳир ва ботин амалларни яхши билувчи бўлсин;

Бешинчиси, ўлимга доим тайёр бўлсин.

*******

“Сукутни ихтиёр эт. Қўлингдан келмайдиган ишлар ҳақида гапирма. Тилингни тий. Мабодо сўзламоқчи бўлсанг, албатта, хайрли ва нек гапларни айт. Халққа ҳамиша панду насиҳат айла. Ҳақ гапни гапир. Ҳақ гапни айтмоқдан асло қўрқма. Мудом Ҳақ тарафида бўл.

*******

Эй фарзанд! Кам е, кам гапир, кам ухла. Оч қолмагунча тановул қилма. Зарурат туғилгандагина гапир. Уйқу ғалаба қилмагунча ухлама. Бироз ухла, зеро, шундан сўнг ибодатинг хушуъ ила бўлгай.

*******

Саттори ҳама уюб бояд будан,

Ғамхори ҳама қулуб бояд будан,

Гар дар талаби ризойи Холиқ боши,

Бо халқ ба хулқи хуб бояд будан.

Маъноси:

Айбларни ёпгувчи саттор бўлгайсен,

Қалбларни топгувчи ғамхўр бўлгайсен,

Аллоҳ розилигин топай десанг, эй дўст,

Эл бирла адабда ҳушёр бўлгай сен.

*******

Бо бадон манишин, ки суҳбати бад,

Гарчи поки туро палид кунад.

Офтобро бадин бузургияш,

Заррае абр нопадид кунад.

Маъноси:

Ёмон билан суҳбат этма ҳеч,

Алар номинг булғаб кетолгай.

Қара, улкан қуёш нурини,

Парча булут хира этолгай.

*******

Ҳазрат Абдухолиқ Ғиждувонийдан сўрадилар: “Бу икки жаҳон саъодати, Аллоҳнинг розилиги, буюк даражага қай хизматларингиз сабабидан сизга муяссар бўлди?”

Абдухолиқ Ғиждувоний айтдилар: “Кор кардем. Хўрдем. Худро надидем”. (Маъноси: Аллоҳ розилиги йўлида хизмат қилдик. Доим мўмин-мусулмонларнинг ғамини едик. Аллоҳ таолонинг бандалари, етим-мискин кабиларга боримизни бердик ва ўзимизни кўрмадик, яъни худбинлик қилмадик).

Шундай экан, уларнинг доно маслаҳатларига амал қилиб, уни ўзларимизгадастурул амал қилсак, мақсадга мувофиқ бўлиб, Аллоҳ хоҳласа ҳаётимиз нурафшон, келажагимиз порлоқ бўлади.

АҚИЛХОНОВ САИДОЛИМХОН

Мир Араб олий мадрасаси талабаси

. .