Такбир айтиб ҳайқиришни ҳар қандай мусулмон ҳам бажара олади. Бироқ...
Muallif: . .
Sana: 29.03.2021
499

Мисрлик буюк мутафаккир олим Шайх Муҳаммад Ал Ғазолий раҳимаҳуллоҳ айтадилар: "Исломга қайтиш байроқларимизга "Аллоҳу Акбар" сўзини ёзишдан иборат эмас, балки, Исломга қайтиш қалбимизни “Аллоҳу Акбар” ила тўлдирмоқ, уни барча ишимизнинг боиси ва ҳаётимизнинг асосий мақсадига айлантирмоқдан иборатдир"

Дарҳақиқат яқин тарих ва бугунги воқеълик шуни кўрсатдики, Исломнинг шиори бўлган такбирни "душман" истаган ўринда, "душман" хоҳлаган шахслар томонидан айтилиши минглаб, ҳатто юз минглаб мусулмон қони тўкилишига, динимизда муқаддас саналган нарсаларнинг оёқ ости қилинишига ва номусларнинг топталишига сабаб бўлди.

Такбир шундай буюк ва сирли сўзки уни лойиқ ва яроқли бўлган уммат айтганида фақат ва фақат буюклик ва иззатга, яроқсиз ва нолойиқ уммат айтганида эса фақат ва фақат хорлик ва зиллатга элтди. Такбир ўзининг бу муқаддас вазифасини ҳамон бажариб келмоқда.

Такбир башарий итоат, инсоний уринишлар ва фаолиятларнинг Аллоҳ таолонинг мукаммал қонуни ва Аллоҳнинг изну иродасига муносиб эканининг бир эълонидир-ки, у ҳеч қачон башарий жаҳолат, инсоний ғофиллик ва фаросатсизлик ила бир жойда туришга рози бўлмайди! Рози бўлмади ҳам!

Такбир айтиб ҳайқиришни ҳар қандай мусулмон ҳам бажара олади, зеро уммат буни жуда яхши адо этиб келди ҳам. Бироқ, биз эплай олмаётган иш такбир айтиш эмас, такбирнинг ҳақиқатини яшата олиш ва кўрсатиб бериш эди. Биз давомли муваффақиятсизликка учраётган нарса ҳайқираётган такбирларимизнинг ихлос ва тўғрилик қуроллари ила қуролланмаганлиги эди, такбирларимиз бизнинг эмас, душманларимизнинг ғалаба нарасига сабаб бўлиши эди...

Олдинлари такбир душманнинг қалбига қўрқув ва хузун солган бўлса, бугунда уни масъуд ва шод этмоқда... Бахттан осмонга учирмоқда. Мислсиз бир фурсатни қўлга киритганлик нашъасини ато этмоқда...

Нега бугун бизнинг оғзимиздан чиқаётган такбирлар бизни азиз ва мукаррам қилиш ўрнига бошимизга янги янги мусибатлар ва топталишлар олиб келмоқда? Нега?!

Роббимиз ўша ўша, Ислом ўша ўша, қибламиз ўша ўша, АЛЛОҲУ АКБАР нидолари ҳам ўша ўша!

Ажабо, айб такбирдами ёки уни айтаётганларда?!

Ажабо, айб Исломдами ёки мусулмонман деган умматда?!

Агар биз лойиқ бўлганимизда Аллоҳ бизни азизу мукаррам қилмасмиди?!

Абдулқодир Азҳарий (қисман таҳрир қилинди)

. .