МАЗҲАБГА ЭРГАШМАСЛИК ВА УНИНГ ЗАРАРЛИ ОҚИБАТЛАРИ (давоми)
Muallif: . .
Sana: 28.03.2021
36

Мужтаҳид уч даражали бўлади.

Биринчиси, мужтаҳид мутлоқ бўлиб, бунда у ўзининг билими ва услуби, бошқа имомларнинг ёрдамига мурожаат қилмайди. Суннийликнинг тўрт мазҳаб имомлари мазкур даражага етишганлар. Ислом уламолари, имомлар хулосаларига кўра ҳижратнинг тўртинчи асридан сўнг чиққан мужтаҳидлар ушбу даражага етмаган. Охирги минг йил ичида чиққан ислом уламолари мазҳаб асосчиларидан ўзларини устун кўрмаган ва бунга журъат ҳам қилишмаган. Балки улар маълум мазҳаблар асосчилари йўналиши асосида ижтиҳодларини давом эттиришган.

Иккинчси, мужтаҳид фил мазҳаб. Бу тоифадаги мужтаҳидлар ўзларига тегишли бўлган мазҳаб услуб ва қоидалар асосида ҳукм чиқаришган. Бунга ҳанафий мазҳабидан Абу Юсуф ва Имом Муҳаммадни, моликий мазҳабидан Ибн Арабийни, шофеий мазҳабилан имом Нававийни, ҳанбалий мазабидан Ибн Қудомани ва бошқаларни келтириш мумкин.

Учинчиси, мужтаҳид фил фуруъ. Алоҳида саволларга ҳукм чиқариш даражасидаги мужтаҳид. Бу мужтаҳид ижтиҳодга тегишли барча шартларни ўзлаштирган ҳамда соҳасидаги маълум йўналишда тегишли ҳукм чиқарган. Масалан, мерос ҳукмлари, уйланиш ва ажралиш ҳукмлари ва шу каби йўналишларга жавоб берарадиган мужтаҳид.

Мутахассисларнинг фикрича, исломнинг биринчи асрида биринчи ва иккинчи даражали ижтиҳод эгалари жуда ҳам кам бўлган. Бугунги кунимизда эса учинчи даражали мужтаҳидлар ҳам камдан кам.

Демак, юқорида ўтган сўзлардан маълум бўладики бугунги кунимизда мужтаҳид фил фуруъ даражасидаги инсон топилиши мушкул иш бўлиб турибди. Энди инсоф билан айтайлик, юқорида саналган мужтаҳидлик шартларига жавоб берадиган шахс топилармикан?!.

Биз мазҳабсизликни даъво қилаётганларга мана шу шартларга эга бўлсангиз бемалол ижтиҳод қилаверинг, деймиз.

Муқаллид бу- мужтаҳид бўлмаган шахс. У мужтаҳид бўлган имомларнинг бирига эргашиши лозим. Чунки, у ҳукм чиқаришдаги далилларни топишга, ёки аниқлашга қодир эмас. Шу маънода тақлид исбот талаб қилинилмайдиган шахсга ишлатилган.

Ўз ўзидан бугунги кунимиздаги ҳар бир мусулмон якка тартибдаги ижтиҳод билан шуғулланиш керак, деган гап асоссиз. Имом Аҳмад айтадилар: “Ким динда тақлид йўқ деса, Аллоҳ ва Унинг Расули олдида фосиқдир. Унинг сўзи сунна ва салафи солиҳлар қарашларини рад қилишдир”.

Мужтаҳид Абдуллоҳ ибн Ваҳб айтади: “Мен 360 та уламони учратдим. Агар Имом Молик ва Имом Лайс бўлмаганида уларнинг илмларида адашиб кетардим”. Имом Моликнинг шогирди бўлган мокилий мазҳаби мужтаҳиди Ибн Ваҳб айтмоқчики, ҳадисларни тушунишда ва қайси ҳадисга эргашишда Имом Молик тушунча бермаганда адашар экан. Яна у айтади: “Барча ҳадис билимлари агар фиқҳ имоми бўлмаса адаштирарди. Имом Таҳовий, Ибн Сурайж, Қудурий, Сарахсий, Жувайний, Ғаззолий, Нававий ва кўплаб мужтаҳид уламолар тўрт мазҳабдан бирига эргашган. Ваҳоланки, уларнинг илмлари денгиз бўлиб, бугунги кунда барча мусулмонлар уларнинг илмларидан фойдаланиб келмоқдалар”.

Мазҳабдан юз ўгириш салафи солиҳ йўлидан юз ўгириш бўлиб, адашишга олиб боради. Шунинг учун ҳам замонамизнинг машҳур алломаларидан доктор Муҳаммад Саид Рамазон Бутий: “Мазҳабсизлик ислом шариатига таҳдид соладиган хатарли бидъатдир”. деганлар.

“Ҳақийқатни айтганда, динда иқтидо қилинадиган имомларнинг барчаси мустақим ҳидоятдадирлар. Уларнинг мазҳабларидан қай бири бир юртда тарқалган бўлса ва унинг уламолари кўп бўлса, оми – ижтиҳод даражасига етмаган – киши учун ўша мазҳабга эргашмоқ вожиб бўлади. Унга ўз юртида мазҳаби тарқалмаган ва уламолари кўп бўлмаган имомнинг мазҳабига эргашиш жоиз эмас. Чунки, бундай ҳолатда мазкур мазҳабнинг барча ҳукмларини ўрганиш имкони бўлмайди. Буни яхши фаҳм этинг. Иншоаллоҳ, ҳақийқат бундан бошқада эмас. (Аллома Зафар Аҳмад Усмонийнинг “Эълоус-сунан”, 20 - жуз, 195 – бет).

Хулоса килиб айтиладиган бўлса, бу замонда бир мазҳабга эргашиш вожибдир. Оми бўладими, фақиҳ бўладими, бошқа мазҳабга ўтиши мутлақо манъ қилинади. Аммо мужтаҳид ёки мужтаҳид каби бўлса, майли. Бу асрда мазкур мансабни ким ҳам даъво қила олар эди?! Бир вақтлар Ибн Жарир Тобарий даъво қилганда, қабул қилмаганлар. Суютий даъво қилганда ҳам рад қилганлар…” Имом Аҳмад (р.а.) ўзидан олдинги мазҳаблар ҳақида шундай деб айтадилар: “Кимки динда тақлид йўқ деса, у Аллоҳ ва Расулуллоҳ (с.а.в.) олдиларида фосиқ бўлибди, у бу сўзлари билан Сунна, саҳоба ва тобеъинларнинг кўрсатмаларини инкор қилиб, шахсий фикр асосида бидъатга даъвогар бўлади. Аҳли Суннадаги мазҳаб эгалари биз фойдаланаётган илмни бизга етказишган. Биз улардан ҳадисларни олиб, Суннани ўргандик. Улар ишончли, эргашишга арзийдиган одамларнинг имомларидир. Улар сизлардан олдин бўлишган, шундай экан, уларнинг йўлида бўлиб, ўрганинглар ва ўргатинглар”.

Давоми бор..

Мир Араб олий мадрасаси талабаси

Муҳаммад Юнус Муҳаммад Мусо тайёрлади

. .