ИСЛОМДА ИЛМ ВА ФИҚҲНИНГ ЎРНИ: ЖАМИЯТ БАРҚАРОРЛИГИНИНГ ИЛМИЙ АСОСИ
Muallif: . .
Sana: 11.05.2026
143

Инсон ҳаётида илм энг буюк неъматлардан бири ҳисобланади. Илм орқали инсон ҳақиқатни англайди, яхшилик билан ёмонликни ажратади, жамият эса тараққий этади. Айниқса, Ислом динида илмга берилган эътибор жуда юксак бўлиб, уламолар умматнинг йўлбошчилари сифатида қадрланган.

Қуръони Карим ва ҳадиси шарифларда илм, фиқҳ ва мужтаҳид уламоларнинг аҳамияти қайта-қайта таъкидланган. Чунки динни тўғри англаш ва тўғри татбиқ қилиш илмсиз амалга ошмайди. Илмсизлик эса ихтилоф, фитна ва жаҳолатга сабаб бўлади.

Қуръони Каримда Аллоҳ таоло:

У зот кимни хоҳласа, ўшанга ҳикматни беради. Кимга ҳикмат берилса, унга кўп яхшилик берилган бўлади”, — дейди.

Тафсир уламолари ушбу оятдаги “ҳикмат”ни фиқҳ ва динни чуқур тушуниш деб шарҳлаганлар. Демак, илм инсоннинг фақат меҳнати билан эмас, балки Аллоҳнинг тавфиқи билан ҳам насиб этадиган улуғ неъматдир.

Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам:

Аллоҳ кимга яхшиликни ирода қилса, уни динда фақиҳ қилиб қўяди”, — деганлар.

Бу ҳадис илмли инсоннинг даражаси қанчалик юксак эканини кўрсатади. Чунки ҳақиқий олим нафақат ўзига, балки бутун жамиятга фойда келтиради.

Исломда уламолар “умматнинг устунлари” ва “ҳикмат булоқлари” деб таърифланган.

Ҳақиқатдан ҳам, инсонлар ҳалол-ҳаромни, ҳақ-ботилни, фойда-зарарни уламолар орқали билиб оладилар. Илм аҳли бўлмаган жамиятда эса турли фитналар, нотўғри талқинлар ва диний адашишлар пайдо бўлади.

Тарихга назар ташласак, саҳобаларнинг барчаси ҳам фатво бермаган. Фақат Қуръон ва суннатни чуқур англаган, илм ва тақвода юқори бўлган саҳобаларгина одамларга йўл кўрсатганлар.

Бу ҳолат Исломда мутахассислик тамойили борлигини кўрсатади. Қандай қилиб тиббиётни ҳар ким мустақил ҳал қилолмаса, шаръий ҳукмларни ҳам ҳар ким ўзича чиқара олмайди.

Ислом тарихи давомида турли фиқҳий мактаблар шаклланди. Маккада Ибн Аббос, Мадинада Зайд ибн Собит, Куфада Абдуллоҳ ибн Масъуд каби саҳобалар илмий марказларга асос солдилар. Кейин тобеъийнлар бу илмни давом эттирдилар.

Бу жараён Ислом илм-фанининг тизимли равишда ривожланганини кўрсатади. Ҳар бир мазҳаб Қуръон ва суннатга таянган ҳолда шаклланган бўлиб, уларнинг мақсади динни тўғри англаш ва инсонларга енгиллик яратиш бўлган.

Фиқҳий мазҳаблар тарихида Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг илмий услуби алоҳида таъкидланган. У киши ўнлаб шогирдлари билан йиллар давомида Қуръон ва ҳадисларни таҳлил қилиб, шаръий масалаларнинг асосларини ишлаб чиққанлар.

Бу жараён замонавий илмий тадқиқот услубига жуда ўхшайди:

масалани йиғиш,

далилларни таҳлил қилиш,

қиёс ва мантиқий хулоса чиқариш,

умумий қоида белгилаш.

Демак, фиқҳ фақат нақл эмас, балки чуқур фикрлаш ва таҳлил илми ҳамдир.

Фиқҳда “иллат” — ҳукмнинг асосий сабаби ҳисобланади. Агар шу сабаб нотўғри тушунилса, бутун ҳукм тизими издан чиқиши мумкин.

Бу ерда муҳим илмий хулоса келиб чиқади:

ҳар бир ҳукмнинг ташқи кўриниши эмас,

балки унинг асл моҳияти ва сабаби муҳим.

Бу усул Ислом ҳуқуқининг универсал ва замонларга мос тизим эканини кўрсатади.

Мақоланинг сўнгида Шайх Муҳаммад Саид Рамазон Бутий раҳимаҳуллоҳнинг сўзлари келтирамиз:

“Ҳақиқий Исломнинг биринчи фойдаси миллатни бирлаштириш ва фитнани йўқотишдир.”

Ҳақиқатдан ҳам, илмли жамиятда ихтилофлар маданият билан ҳал қилинади. Жаҳолат эса адоват ва бўлинишни кучайтиради. Шунинг учун Ислом уламоларга эргашишни, илм аҳлидан сўрашни буюрган.

Исломда илм — фақат маълумот тўплаш эмас, балки инсон ва жамиятни ислоҳ қилиш воситасидир. Фиқҳ эса ҳаётни адолат ва ҳикмат асосида тартибга солувчи илмдир.

Ҳақиқий олим:

одамларни умидсизликка туширмайди,

динни енгиллик билан тушунтиради,

жамиятни бирлаштиради,

фитна ва жаҳолатнинг олдини олади.

Бугунги кунда ҳам мусулмон жамияти илм, ҳикмат ва уламолар меросига муҳтож. Чунки илм йўқ жойда фитна кўпайади, илм бор жойда эса ҳидоят ва барқарорлик қарор топади.

Жамол Мавлонов
“Жўйбори Калон” аёл қизлар
ўрта махсус ислом таълим муассаса мударриси

. .