“Ислом маърифати — ахлоқий ва маънавий баркамоллик асоси” мавзусида навбатдаги республика илмий-амалий конференция ўтказилди.
Muallif: . .
Sana: 13.05.2026
4

Бугун Мир Араб олий мадрасасида “Ислом маърифати — ахлоқий ва маънавий баркамоллик асоси” мавзусида анъанавий республика илмий-амалий анжумани юқори савияда ўтказилди.

Мазкур анжуманда юртимизнинг турли олий таълим ва илмий муассасаларидан ташриф буюрган олимлар, профессор-ўқитувчилар, тадқиқотчилар ҳамда диний соҳа вакиллари иштирок этиб, ислом маърифати, миллий ва умуминсоний қадриятлар, ёшлар тарбияси, маънавий баркамоллик ва замонавий жамиятда ахлоқий муҳитни мустаҳкамлаш масалалари юзасидан илмий маърузалар билан қатнашдилар.

Жумладан, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари, сиёсий фанлар доктори, профессор Муҳаммадолим домла Муҳаммадсидиқов, ЎМИ Бухоро вилояти вакили, Мир Араб олий мадрасаси ректори Жобир домла Элов, Баҳоуддин Нақшбанд ИТМ директори, исломшунослик фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) Азизхўжа домла Иноятов, Мир Араб ўрта махсус ислом таълим муассасаси раҳбари Жалолиддин Сабуров, (БухДТУ ижтимоий фанлар ва жисмоний маданият кафедраси профессори, фалсафа фанлари доктори (DSc) Гуландом Юнусова, БухДУ ижтимоий-сиёсий фанлари кафедраси доценти ф.ф доктори (DSc) Давронбек Қодиров, БухДУ психология кафедраси профессори, психология фанлари доктори (DSc) Улуғбек Жумаев, ФарДУ психология кафедраси профессори, психология фанлари номзоди Маъмуржон Атаджанов, Наманган давлат педагогика институти фалсафий ва тарихий фанлар кафедраси мудири, доцент, ф.ф доктори (PhD Севара Ботирова, Имом Термизий ХИТМ катта илмий ходими, тарих фанлари бўйичафалсафа доктори (PhD) Жўрабек Чўтматов, Жиззах давлат педагогика университети катта ўқитувчиси Мансур Набиев, Буҳоуддин Нақшбанд ИТМ илмий етакчи ходими, таянч докторант Гўзал Нажмиддинова шунингдек, турли олий таълим муассасалари ва илмий марказлар вакиллари ўз маърузалари билан иштирок этдилар.

Анжуман давомида ислом маърифатининг инсон камолотидаги ўрни, ёшларни ватанпарварлик, бағрикенглик ва эзгулик руҳида тарбиялаш, жамиятда маънавий муҳитни соғломлаштириш ҳамда миллий меросимизни асраб-авайлаш каби долзарб мавзулар кенг муҳокама қилинди.

Маърузачилар ўз чиқишларида аждодларимиз қолдирган бой илмий-маънавий меросни ўрганиш, уни кенг тарғиб қилиш ҳамда ёш авлод қалбига сингдириш бугунги куннинг муҳим вазифаларидан бири эканини алоҳида таъкидладилар. Шунингдек, ахборот маконида турли таҳдидлар кучайиб бораётган бугунги даврда ёшларда мустақил фикрлаш, соғлом дунёқараш ва мафкуравий иммунитетни шакллантиришда диний-маърифий ишлар муҳим ўрин тутиши қайд этилди.

Анжуманда психология, фалсафа, тарих ва исломшунослик соҳалари вакиллари томонидан инсон маънавиятини юксалтириш, ахлоқий тарбияни кучайтириш, оилавий қадриятларни мустаҳкамлаш ҳамда таълим муассасаларида маънавий-маърифий муҳитни янада такомиллаштириш юзасидан илмий таклиф ва тавсиялар билдирилди.

Шу билан бирга, тадбирда ёш олим ва тадқиқотчиларнинг иштироки алоҳида аҳамият касб этди. Улар томонидан тақдим этилган илмий изланишлар, фикр ва таклифлар келгусида ушбу соҳадаги тадқиқотларни янада ривожлантиришга хизмат қилиши таъкидланди.

Тадбир иштирокчилари бу каби илмий-амалий анжуманлар илм-фан, маърифат ва маънавият ривожига хизмат қилиши, айниқса, ёш авлоднинг интеллектуал ва ахлоқий салоҳиятини юксалтиришда муҳим аҳамият касб этишини алоҳида таъкидладилар.

Анжуман сўнгида иштирокчиларга миннатдорлик билдирилиб, келгусида ҳам илмий ҳамкорликни янада кенгайтириш бўйича таклиф ва ташаббуслар илгари сурилди. Шунингдек, анжуман доирасида иштирок этган маърузачилар ва олимларга Мир Араб олий мадрасаси раҳбарияти томонидан махсус сертификатлар топширилди.

. .