Ўз она тилини улуғлаган халқ ўз келажагини қадрлайди.
Ҳар йили 21 октабрь куни юртимизда Ўзбек тили байрами кенг нишонланади. Бу сана — она тилимизнинг давлат тили сифатида расман эътироф этилган кундир. 1989 йил
21 октябрда Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тили ҳақида”ги Қонуни қабул қилиниб, ўзбек тилига давлат тили мақоми берилди. Ўзбек тилига давлат тили мақомининг берилиши халқимизнинг миллий мустақилликка эришиш йўлидаги муҳим қадамлардан бири бўлиб, она тилимизнинг бор гўзаллиги ва жозибасини батафсил намоён этиш билан бир қаторда, уни илмий асосда ривожлантириш борасида ҳам кенг имкониятлар яратди.
Она тили — миллат тимсоли
Тил — халқнинг руҳий олами, дунёқараши, урф-одатлари, маданияти ва тарихи намоён бўладиган асосий воситадир. Она тили фақат мулоқот воситаси эмас, балки миллатнинг ўзлигини англатувчи муқаддас тимсолдир.
Тил ва нутқ масаласи қадимдан миллат маънавияти ва маданияти такомилининг бош омилларидан бири бўлиб келган. Тил – миллатнинг руҳи, тил ўлса, миллат ҳам тамом бўлади. Шундай бир буюк эҳтиром ва эъзозга сазовор бўлган тилларнинг кечмиши бир хил эмас, албатта. Тарих саҳнасида ўзбек тили не машаққатлар билан омон қолганига гувоҳлик берувчи далиллар кўп.
Ўзбек тили кўп асрлик тарихга эга бўлиб, унинг илдизлари қадимги туркий тилларга бориб тақалади. Алишер Навоий, Маҳмуд Қошғарий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур каби мутафаккирларимиз ўз асарларини туркий тилида ёзганлар ва бу орқали тилнинг бойлигини, салоҳиятини бутун дунёга намоён этганлар.
Тил — мустақиллик таянчи
Мустақиллик халққа ўз тили, дин ва қадриятларини эркин ривожлантириш имконини беради. Давлат тилининг қабул қилиниши ва кейинги ислоҳотлар орқали ўзбек тили мамлакат миқёсида давлат идораларида, таълим муассасаларида, ОАВ ва қонунчилик соҳаларида асосий муомала воситасига айланди.
Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тили ҳақида”ги Қонуни асосида, ўзбек тилини ҳар томонлама ривожлантириш, унинг бой луғат захирасини сақлаш ва оммалаштириш бўйича кўплаб чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Бугунги кунда ўзбек тилида юзлаб дарсликлар, илм-фан ва техникага оид адабиётлар, электрон ресурслар яратилмоқда.
Ёш авлод ва тилга масъулият
Ҳар бир инсон ўз она тилини билмоғи, уни тўғри ва чиройли ишлатмоғи, асраб-авайламоғи зарур. Айниқса, ёшлар ўзбек тилига нисбатан фахр ва масъулият ҳисси билан ёндашишлари керак. Чунки тил — бу нафақат кеча ва бугун, балки эртанги кун, келажак пойдеворидир.
Мақолалар, илмий ишланмалар, тадқиқотлар, ижодий асарларни ўзбек тилида ёзиш, интернет майдонида ҳам ўзбек тилини фаол қўллаш — бу миллийлик ва маънавият тимсолидир.
Хулоса ўрнида
21 октабрь — бу фақат байрам эмас, бу — эслатма. Эслатма шуки: бизда улуғ тил бор. Уни қадрлайлик, ардоқлайлик, ривожлантирайлик. Тил — миллат юраги, унинг уриши тўхтаса, миллат ҳам йўқолади.
Она тили — гўзаллик, эзгулик ва маънавият оинасидир.Унга муносиб бўлиш — барчамизнинг бурчимиздир.
Азамат Хакимжонов
Ёшлар билан ишлаш, маънавият-маърифат бўлими ходими
