Ибрат. Пес, кал ва кўр қиссаси
Muallif: . .
Sana: 12.09.2024
100

Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Бу зот Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васалламдан қуйидаги ҳикояни эшитдилар: «Бани Исроилда уч нафар киши бор эди. Бири пес, бири кал ва бири кўр эди. Аллоҳ таоло уларни синамоқчи бўлиб, бир фариштани одам суратида юборди. Фаришта песни олдига бориб: «Қайси нарса сенга маҳбуброқ?» деди. Пес: «Чиройли ранг, чиройли тери ва кишилар жирканаётган мана бу нарсанинг кетишини яхши кўраман», деганида, фаришта унга қўлини суртди. Бас, ундан жирканч нарса кетиб, чиройли ранг берилди. Фаришта: «Сенга қайси бойлик яхши?» деганида, «Туя ёки мол», (ровий шак қилдилар) деди. Унга бўғоз туя берилди. Фаришта: «Сенга Аллоҳ бунда барака берсин», деди.

Фаришта калнинг олдига келиб: «Қайси нарса сенга маҳбуброқ?» деди. Кал: «Чиройли соч ва мендан мана бу кишилар жирканаётган нарсанинг кетишини яхши кўраман», деди. Фаришта унга қўлини суртди. Бас, ундан жирканч нарса кетиб, чиройли соч берилди. Фаришта: «Сенга қайси бойлик маҳбуброқ?» деганида, у киши: «Мол», деди. Унга бўғоз сигир берилди. Фаришта: «Аллоҳ сенга бунда барака берсин», деди.

Сўнгра фаришта кўрнинг олдига бориб: «Сенга қайси нарса маҳбуброқ?» деди. Кўр: «Аллоҳ менга кўзимни қайтариб берса ва кишиларни кўрсам», деди. Фаришта унга қўлини суртди. Бас, Аллоҳ таоло унга кўзини қайтариб берди. Фаришта: «Сенга қайси бойлик маҳбуброқ?» деганида, у киши: «Совлиқ қўй», деди.

Уларга берилган ҳамма жониворлар болалади. Биринчисида бир водий туя, иккинчисида бир водий мол, учинчисида бир водий қўй бўлди. Кейин фаришта аввалги сурати ва ҳайъатида келиб: «Бечора кишиман. Сафарим захиралари тугаб қолди. Бугун (ватанимга) етмоқлигимнинг иложи йўқ. Фақатгина Аллоҳнинг карами, сўнгра сенинг ёрдаминг билангина етиб оламан. Шунинг учун сендан чиройли ранг, чиройли тери ва бойлик берган Аллоҳ ҳурмати бир дона туя сўрайман. Мен бу сафаримда у туя билан (ватанимга) етиб оламан», деганида, ҳалиги пес: «Бериладиган ҳақлар кўпдир», деди.

Фаришта: «Мен сени гўёки (аввал) кўргандекман. Сен кишилар жирканадиган пес бўлмаганмидинг? (Кейин) Аллоҳ сенга бойлик бермаганмиди?» деганида, ҳалиги пес: «Катта боболардан бу бойликни мерос қилиб олдим», деди. Фаришта: «Агар ёлғончи бўлсанг, Аллоҳ сени аввалги ҳолатингга қайтариб қўйсинми?!» деди.

Сўнгра аввалги сурати ва ҳайъатида калнинг олдига борди. Унга ҳам песга айтган нарсаларни айтганида, кал ҳам пес жавоб қилган нарсаларни айтди. Фаришта: «Агар ёлғончи бўлсанг, Аллоҳ сени аввалги ҳолатингга қайтариб қўйсинми?!» деди.

Сўнгра у аввалги сурати ва ҳайъатида кўрнинг олдига борди. Ва: «Мен мусофир бечора кишиман. Сафарим воситалари тугаб қолди. Мен бугун (ватанимга) етмоқлигимнинг иложи йўқ. Фақатгина Аллоҳнинг карами, сўнгра сенинг ёрдаминг билангина етиб оламан. Шунинг учун сендан кўзингни қайтариб берган Аллоҳ ҳурмати бир дона қўй сўрайман. Мен бу сафаримда у қўй билан (ватанимга) етиб оламан», деганида, ҳалиги кўр киши: «Ҳақиқатда мен кўр эдим. Аллоҳ менга кўзимни қайтиб берди. Сен бу қўйдан хоҳлаганингни олиб, хоҳлаганингни тарк қил. Аллоҳга қасамки, Аллоҳ таоло йўлида бугун бирорта нарса олсанг, қийинчиликка қўймайман», деди.

Шунда фаришта: «Молингни ўзинг ол. Сизлар имтиҳон қилиндингизлар. Аллоҳ сендан рози бўлиб, икки оғайнингдан ғазабланди», деб айтди».

Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

Имом Нававийнинг "Риёзус солиҳийн" асари, "Аллоҳнинг доим кузатувчи эканининг баёни", 5-боб. 65/6

. .