ОТА-ОНАНИНГ НАФАҚАСИ ФАРЗАНДЛАРИ ЗИММАСИГА ВОЖИБ БЎЛАДИ
Muallif: . .
Sana: 12.09.2024
97

Аллоҳ таоло бизга берган энг катта неъматларидан бири бу бизнинг ота-онамиздир. Ота-она бизни Аллоҳнинг фазли билан дунёга келишимизга сабабчи бўлган. Ҳар бир ота-она ўзидан салоҳиятли фарзанд қолдирай, кексайиб қолганимда меҳр кўрсатиб, бемор бўлиб қолсам хизматимда бўлади, деб фарзанд ўстиради.

Она тўққиз ой давомида боласини қорнида кўтаради, бола дунёга келгандан кейин икки йил давомида боласига кўкрак сути бериб таомлантиради. Кечаю кундуз боласига беминнат хизмат қилади. Фарзандини вояга етказиб, уйлантириб ёки турмушга бергунча оби таомига, кийими тозалигига эътибор беради.

Афсуски, айрим ҳолларда улғайган фарзандлар ота-онасини хизматини унутади. Ҳатто эслашни ҳам хоҳламайди. Арзимаган сабаблар билан
ота-онасидан қариндошлик алоқаларини узади. Ҳаттоки бир хонадонда истиқомат қилсада ойлар давомида саломини ҳам бермайди, нафақасига ҳам эътибор қилмайди. Баъзи болалар онасини ёлғиз қолдириб кетади ва яна онамсиз биз хотиржам яшаяпмиз деб кеккаяди.

Дилбандим, деб яшайдиган ота-оналар фарзандларини ҳеч қачон ташлаб кетмайди. Ўзи емасада, яхши киймасада боласига тўкис ва фаровон ҳаётни таъминлаб беради.

Бироқ, бугун ота-онасини ёлғиз қолдирганлар, саломини ҳам бермай уларни нафақасиз қолдириб, ўз фарзанди, аёли билан чойхонама-чойхона юрганлар билсинки, бу катта гуноҳдир. Бу дунё қайтар дунё. Агар бугун ўзимизни ислоҳ қилмасак эрта фарзандимиздан қайтганда кеч бўлади. У пайтда ота-онамиз бу дунёни тарк этган бўлиши мумкин.

Қанча болалар ота-онасидан етим қолади ва ота-она меҳрига зор бўлиб ўсади. Ота-онаси бор баъзилар эса уларни кексайган чоғида суянчиғи бўлмайди. Асло унутмаслик керакки, ота-онамиз бизга бу дунёда фақат бир марта берилади, холос. Ота-она розилигини, дуосини олган фарзандлар ҳамиша элнинг олди бўлади, ҳурмат эътибор қозонади. Шундай экан,
ота-онамизни тириклик вақтларида қадрлаб, дуоларини олиб жаннатларни шу дунёда нақд қилмоғимиз даркор бўлади. Илоҳим, Аллоҳ ота-оналаримизни
соғ-саломат қилсин.

Сайфиддин Бобоқулов
Мир Араб
олий мадрасаси талабаси

. .