
Қиёмат қоим бўлганда рўй берадиган қаттиқ ҳолат қалбларни ларзага солади, ақлларни бошдан учиради, инсоннинг хаёлини паришон қилади, ҳатто, эмизикли аёллар болаларини ҳам унутиб юборади, ҳомиладорлар ҳомиласини ташлаб қўяди ва бошқа даҳшатли ҳолатларни юзага чиқаради.
Ана ўша ҳолатлардан бир кўринишни Аллоҳ таоло «Ҳаж» сурасида қуйидагича тасвирлайди:
«Эй, одамлар! Роббингиздан қўрқинг! Албатта, соат (қиёмат) зилзиласи улкан нарсадир» (1- оят).
Ушбу ояти каримадаги хитоб барча одамларга қаратилгандир. Оятда ҳамма одамларни Аллоҳ таолодан қўрқишга, тақво қилишга чақириқ аксини топгандир. Агар Аллоҳдан қўрқмайдиганлар бўлсалар, билиб қўйсинлар:
«Албатта, соат (қиёмат) зилзиласи улкан нарсадир».
Яъни, қиёмат бошланганидан дарак берувчи зилзила жуда даҳшатли, хавфли ҳодисадир. Ана ўшанда иймонсизлар, Аллоҳга тақво қилмаганлар нима бўлишларини кўрадилар.
«Уни кўрадиган кунингизда, ҳар бир эмизувчи ўзи эмизаётган нарсасини унутар. Ҳар бир ҳомиладор ҳомиласини ташлар. Одамларни маст ҳолда кўрарсан. Ҳолбуки, улар маст эмас. Лекин Аллоҳнинг азоби шиддатлидир» (Ҳаж сураси: 2-оят).
Яъни, Қиёмат соати зилзиласи рўй берган кунда:
«Ҳар бир эмизувчи ўзи эмизаётган нарсасини унутар».
Маълумки, она ўзи эмизаётган боласига жуда боғлиқ бўлади. Ухлаб қолган онани момоқалдироқ уйғота олмаслиги мумкин, лекин боласининг инграши дарҳол уйғотади. Эмизувчи она ҳамма нарсани унутса, унутади, аммо боласини унутмайди. Лекин қиёмат соати зилзиласи шу қадар даҳшатлики, ҳатто, эмизувчи аёл боласини унутади. Битта-иккитаси эмас, ҳаммаси, ҳар бир эмизикли аёл эмизадиган боласини унутиб қўяди.
«Ҳар бир ҳомиладор ҳомиласини ташлар».
Бу ҳам ўша зилзиланинг даҳшатидан рўй беради. Ҳомиладор ҳомиласини ташлаб қўйиши учун ниҳоятда қаттиқ қўрқиши керак. Ўшандоқ қўрқув қиёмат соати зилзиласидан бўлади. Ўша вақтда:
«Одамларни маст ҳолда кўрарсан. Ҳолбуки, улар маст эмас».
Бу ҳолат ҳам ўша зилзиланинг ғоятда даҳшатли эканига далолат қилади. Қаттиқ қўрққан одамлар ҳеч нарса ичмасдан туриб ҳам, эс-ҳушларини йўқотиб, худди маст одамларга ўхшаб қолишади. Чунки:
«Аллоҳнинг азоби шиддатлидир».
Аллоҳ таоло «Абаса» сурасида қуйидагиларни айтади:
«Вақтики кар қилувчи овоз келса. У кунда киши ўз ака-укасидан. Ва онаси ва отасидан. Ва хотини ва бола-чақасидан қочади. У кунда улардан ҳар бир шахсни овора қилувчи ўз иши бор», (33-37-оятлар).
Биз кар қилувчи овоз, деб таржима қилган маъно, Қуръони Карим таъбири ила бир оғиз лафз ила «Ас-Соохха» дейилади. «Ас–Соохха» – қиёматнинг номларидан бири бўлиб, қулоқларни кар қилувчи овоз маъносини билдиради. Қиёмат қаттиқ қичқириқ овоздан кейин қоим бўлишидан шу ном билан ҳам аталган. Ушбу ояти каримада қиёмат кунинг даҳшатини васф қилиш учун унинг айнан ушбу сифати келтирилмоқда.
Кейинги оятларда қулоқларни кар қилувчи қаттиқ қичқириқ ила қиёмат қоим бўлганидан сўнг нималар бўлиши зикр қилинади.
«У кунда киши ўз ака-укасидан. Ва онаси ва отасидан. Ва хотини ва бола-чақасидан қочади».
Яъни, қиёматнинг даҳшатидан ҳамма ўзи билан овора бўлиб қолади. Ҳатто, ҳеч кимнинг ака - укаси, ота–онаси ва хотинию бола-чақаси билан ҳам иши бўлмай қолади.
Бу дунёда инсон бошига оғирлик тушган хотини, бола-чақаси, она-отаси ва ака-укасига ёрдамга шошилади. Мазкур кишиларга каттадир-кичикдир, мусибат етганда ёрдам беришлик бурч, ёрдам бермаслик эса ор-номус ҳисобланади. Аммо қиёмат қийинчилигида эса инсон мазкур кишиларни ташлаб қочади.
Чунки:
«У кунда улардан ҳар бир шахсни овора қилувчи ўз иши бор».
Ҳа, қиёмат куни даҳшати шунчалик кучлики, ҳар бир одам ким бўлишидан қатъий назар, фақат ўзинигина ўйлаб қолади. Ака-ука ҳам, ота-она ҳам, бола-чақаю, эру-хотин ҳам ёдга келмай қолади. Ҳамма ўзини ўйлаб, бир-биридан қочади.
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам:
«Одамлар қиёмат куни яланг оёқ, яланғоч ва хатна қилинмаган ҳолда ҳашр қилинадилар», дедилар.
«Эй, Аллоҳнинг расули! Аёллар ва эркаклар ҳаммалари бир-бирларига назар солурларми?» дедим.
«Эй, Оиша! Иш улар бир-бирларига назар солиш-ларидан кўра шиддатли!» дедилар».
Иккисини икки шайх ва Термизий ривоят қилган.
Қиёматнинг кучли шиддатидан ҳар ким ўзи билан овора бўлиб биров билан иши бўлмай қолади. Ёнидаги одам эркакми, аёлми, яланғочми, кийинганми - хаёлига ҳам келмайди.