
1.Ким бомдод намозини ўз вақтида ўқиса, энг афзал амални адо этган бўлади. Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз алайҳиссаломдан “Энг афзал амал қайси?” деб сўраганларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ўз вақтида ўқилган намоз”, деганлар.
2.Ким бомдод намозини ўз вақтида ўқиса, шайтон қулоғига бавл қилмайди. Пайғамбаримиз алайҳиссаломга тонг отганда ухлаб ётиб, намозга турмаган бир киши ҳақида айтишганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Унинг қулоғига шайтон бавл қилибди”, деганлар.
3.Ким бомдод намозини ўз вақтида ўқиса, ўша кунги ризқига барака киради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳим! Умматимнинг эрта тонгдаги ишларини баракотли қилгин”, деб дуо қилардилар.
4.Ким бомдод намозини ўз вақтида ўқиса, Аллоҳнинг зиммасида бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким бомдод намозини ўқиса, Аллоҳнинг аҳди ва омонида (зиммасида)дир. Аллоҳ сизларни ҳаргиз аҳдини зое қилган ҳолда топмасин”, дедилар.
5.Ким бомдод намозини ўз вақтида ўқиса, жаннатга киради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким бомдод ва аср намозларини адо этса, жаннатга киради”, деганлар.
6.Ким бомдод намозини ўз вақтида ўқиса, мунофиқликдан узоқ бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мунофиқларга энг оғир намоз хуфтон ва бомдод намозларидир”, деганлар.
7.Ким бомдод намозини ўз вақтида ўқиса, бу дунё ва ундаги нарсалардан энг яхшиси эга бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бомдоднинг икки ракати дунё ва ундаги нарсалардан яхшидир”, дедилар.
Даврон НУРМУҲАММАД
Манба muslimuz