ДИНИНИ ЎЗГАРТИРИШНИНГ ОҚИБАТИ
Muallif: . .
Sana: 14.11.2022
167

Инсонлар орасида бошқа динни тарғиб қилиш, инсон қалби ва онгини забт этишга, ўз динидан воз кечишга қаратилаётган миссионерлик ҳаракати кўпайиб бормоқда. Бу ҳаракатлар асосан жимжимадор шиорлар ва “ҳайрия”тадбирлари остида олиб борилмоқда.

Дунё тарихига назар соладиган бўлсак, миссионерларнинг ўзга дин вакиллари орасидаги фаолияти ҳар доим минтақа барқарорлигини бузган, аҳоли орасида нотинчликларга, қон тўкилишларга сабаб бўлган. Бунга Индонезиядан Шарқий Тимор оролининг, мусулмонлардан ажралиб чиқишини мисол қилиб келтириш мумкин.

Хўш, ўзи миссионерлар кимлар? Ушбу сўз лотин тилидаги «missio» феълидан олинган бўлиб, «юбориш», «вазифа топшириш», миссионер эса “вазифани бажарувчи” деган маъноларни англатади. Миссионерлик эса белгиланган вазифаларни ҳал қилишга қаратилган назарий ва амалий фаолият мажмуини билдиради.

Миссионерлик фаолияти мафкурамиз учун шунчаки ёт унсур бўлиб қолмай, балки маънавиятимиз ривожи учун ҳам катта тўсиқдир.

Муқаддас Ислом динимизда ўз эътиқодидан воз кечишлик “муртадлик” дейилади. Бу эса кечирилмас гуноҳдир. У, бугунги кун таъбири билан айтганда, улкан хиёнат кабидир. Агар қайтмаса, муртадликни тарк этмай, оламдан ўтса, унга жаноза намози ўқилмайди ва мусулмонлар қабристонига дафн этилмайди.

Диндан қайтиш энг оғир гуноҳдир. Бошқа динга ўтиб кетиш шариатимизда кечирилмас маъсиятдир. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай деган: “Сизлардан кимда-ким ўз (Ислом) динидан қайтиб, кофир ҳолида ўлса, ундай кимсаларнинг қилган амаллари дунё-ю охиратда беҳуда кетар. Улар дўзах аҳлидирлар ва унда мангу қолурлар” (Бақара сураси, 217-оят).

Жобир Элов ЎМИ Бухоро вилоят вакили,
Бухоро вилояти бош имом хатиби

. .