
Қуръон ўқи, аммо буюк ихлос билан,
Ирфон билан, тафсир билан, устоз билан,
Амал қилиб чин дил билан, эҳсон билан,
Олам бўстон бўлсин десанг, Қуръон ўқи.
Мазкур гўзал сатрлар муаллифи, юртимиздаги машҳур олим, фазилатли устоз, таниқли таржимон, кўплаб исломий китоблар мусаннифи, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси, шоир, журналист Мирзо Кенжабек ҳазратларининг Бухорои шарифга ташрифлари муносабати билан Мир Араб олий мадрасасида маънавий-маърифий тадбир ташкил этилди.
Мирзо Кенжабек ҳазратлари билан ўтказилган маърифий учрашувда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Бухоро вилояти бўлими раҳбари, шоир Шодмон Сулаймон, Бухоро шаҳридаги Хўжа Исмат жоме масжиди имом хатиби, тасаввуфшунос, адабиётшунос олим Салоҳиддин домла Гадоев,
Мир Араб олий мадрасаси ва Мир Араб ўрта махсус ислом билим юрти устозлари ҳамда талабалар иштирок этди.
Тадбирни Мир Араб олий мадрасаси ректори в.в.б. У.Авлиёқулов олиб борди ҳамда Мирзо Кенжабек ҳазратларининг шарафли ҳаёт ва ижод йўллари тўғрисида сўзлаб берди.
Маънавий-маърифий тадбирда устозлар ва талабалар Мирзо Кенжабек ҳазратларининг маърузаларидан баҳраманд бўлдилар. Шунингдек, тадбир давомида устоз Салоҳиддин домла Гадоев Мирзо Кенжабек ҳазратларининг машҳур шеърларидан айтиб, анжуман иштирокчиларини хушнуд этдилар.
Шу ўринда Мирзо Кенжабек ҳазратлари ҳақида тўхталиб ўтсак.
Мирзо Кенжабек ҳазратлари 1956 йилда Сурхондарё вилояти, Сариосиё туманида туғилганлар. 1979 йилда Тошкент Давлат университети (ҳозирги Миллий университетнинг) журналистика факультети, 2001 йилда Имом Бухорий номидаги Ислом институтини тамомлаганлар. 1982 йилдан Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси. Ҳозирда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида Ислом меросини сақлаш бўлими бошлиғи лавозимида ишлаб келмоқдалар.
2017 йилда Президент фармони билан “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси” унвони билан тақдирланганлар, 2019 йил Халқаро Бобур мукофотига сазовор бўлганлар, 2020 йилда Президент ташаббуси билан таъсис этилган “Маънавият фидойиси” кўкрак нишони, шунингдек, 2021 йилда “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишони, 2022 йилда Халқаро Олтин мерос ташкилотининг “Олтин мерос” медали билан тақдирланганлар.
Мирзо Кенжабек ҳазратлари - ўнга яқин шеърий китоблар, “Термиз тазкираси”, “Буюк Термизийлар”, “Ҳазрати Қусам ибн Аббос – Шоҳи Зинда”, “Бобур Мирзо асарларида арабий матнлар”, “Муршиди комил ҳикматлари”, “Дунёнинг муршиди”, “Рисолаи волидиййа назмий таржимаси ва шарҳи”, “Ошиқ Машраб ва тасаввуф олами”, “Ёшларга дил сўзларим”, “Эътикоф”, “Қабристон зиёрати одоби”, “Мубайян ва насрий баёни” (Заҳируддин Муҳаммад Бобур Хазиналари), “Энг гўзал саловотлар” каби диний асарлар муаллифи, Абу Ийсо Муҳаммад ат-Термизийнинг “Сунани Термизий”, Абу Ийсо Муҳаммад ат-Термизийнинг “Сунани Термизий”, Абу Ийсо Муҳаммад ат-Термизийнинг “Аш-Шамоили ал-Муҳаммадийя”, ”Фаридиддин Атторнинг “Тазкират ул-авлиё”, Махтумқулининг “Сайланма”, “Ошиқлар Ҳақ ишқинда”, Юнус Эмронинг “Ўлмас кўгул”, Маҳмуд Асъад Жўшоннинг “Ҳақиқий севги”, А.С.Пушкиннинг “Евгений Онегин”, Жеймс Олдрижнинг “Ғаройиб мўғул оти” асари каби йигирмадан ортиқ китоблар таржимони, “Дилдошлик”, “Инсон қалби билан ҳазиллашманг…”, “Халқ номидан ёлғон сўзламанг” каби йигирмадан ортиқ публицистик асарларлар, ўттизга яқин адабий-ижтимоий, илмий-маърифий мақолалар муаллифи.
Ҳа, устозлар айтганларидек, “бундай зотлар улуғ, уларнинг ўзи улуғ бўлмаса ҳам кўзлари улуғ. Чунки, бу кўзлар не-не улуғларни кўрмаган...”. Мирзо Кенжабек ҳазратлари ҳам нафақат юртимиз, балки, Ўрта Осиёда таниқли бўлган, илму тақвода пешқадам бўлган фазилатли устозлар – Дўстмуҳаммад домла Шўрчавий раҳматуллоҳи алайҳ, Аҳмаджон домла Кўҳистоний раҳматуллоҳи алайҳ каби улуғ, табаррук зотларнинг илму тарбияларидан баҳраманд бўлган, шундай устозларнинг назарларини топган аҳли фазллардан бўлиб ҳисобланадилар.
Аллоҳ таоло Мирзо Кенжабек ҳазратларини Ўз паноҳида асрасин,
илм-маърифат йўлида қилаётган хизматларига бундан-да зиёда баракаларни ато этсин, халқимизни Мирзо Кенжабек ҳазратларидек фазилатли устозларни қадрлаб, илму тарбияларидан баҳраманд бўлиш бахтига муяссар этсин.
Мир Араб олий мадрасаси Ахборот хизмати