ФУҚАРОЛИК ЖАМИЯТИ ВА МАЪНАВИЙ РИВОЖЛАНИШ ОМИЛИ
Muallif: . .
Sana: 15.07.2022
379

Фуқаролик жамиятининг ҳақиқий асосчиси, даставвал ўз ер ҳовлиси атрофини ўраб олиб, “бу мени ҳудудим” дейишга ҳозирланган киши бўлган.

Жан Жак Руссо, франсуз файласуфи, ёзувчи.

Мамлакатимизнинг мустақил давлат сифатида жаҳон ҳамжамияти билан тенг манфаатларга асосланган иқтисодий, сиёсий ва маданий соҳалардаги ҳамкорлигининг кейинги истиқболлари, бугунги кунда асосан миллий – ҳуқуқий барқарорлигимиз ҳамда жамиятимизнинг барча қатламларида фаолият юритаётган инсонларнинг ҳуқуқий жиҳатдан маданиятининг қай даражада шаклланганлигига боғлиқ бўлган ҳолатлардан саналади.

Ер юзида мавжуд барча фуқаролик жамиятини барпо этиш сари одимлаб бораётган мамлакатларда энг долзарб масалалардан бири, юқорида таъкидлаганимиздек, инсон ҳуқуқий маданиятини ошириш масаласи саналади. Бу ҳолатда, айнан жамиятнинг ҳуқуқий фаоллиги, унинг аъзолари саналган фуқароларнинг ҳуқуқий саводхонлиги даражаси билан белгиланади. Жамиятдаги фуқароларнинг ҳуқуқий билмларини оширишда бевосита жамият ташкилотларининг ўрни юқори саналади. Айнан уларнинг фаоллиги натижасида, ҳар бир шахс мавжуд ҳуқуқий муносабатларга онгли равишда киришади, яъни айнан жамият бир бутун муносабатлар йиғиндиси сифатида турли йўналишларда, жумладан ҳуқуқий соҳада ҳам унинг вакили саналган шахсни озиқлантириб туради. Ҳозирги кунда мамлакатимизда жамиятимизнинг иқтисодий, ижтимоий ва ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаган ҳолда фуқароларимиз ҳуқуқий онгини ривожлантиришга қаратилаётган эътибор халқаро экспертлар томонидан ижобий баҳоланмоқда. Аҳолининг ҳуқуқий саводхонлиги ошган сайин, ўз ҳуқуқ ва эркинликларини қонуний тафтиш қилиш қобилиятига эга бўлиб бормоқдалар.

Биз яшаётган жаҳоннинг бугунги ижтимоий манзарасига эътибор қаратадиган бўлсак, уларнинг кўпчилигида бир ҳолатни кузатишимиз мумкин. Шахс ҳуқуқ ва эркинлигининг тўла таъминланиши, унинг турли йўналишларда, жумладан иқтисодий, сиёсий, ижтимоий ва маданий соҳаларда эркин ижодкорлик фаолиятини ривожланишининг асосий омили саналади. Айнан шу ўринда эътибор қаратишимиз лозим бўлган бир жиҳат мавжуд. Ўзида демократик фуқаролик жамияти барпо қилинганлиги билан бонг ураётган кўплаб хорижий мамлакатларда аввалига деярли кўз илғамас вазият сифатида эътибор қаратилмаган бир ҳолат, бугунги кунда ҳал қилиниши қийинлашаётган вазиятни келтириб чиқарди. Ўша жамиятларда инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг турли соҳаларда тўла таъминланиши ва ҳимояланиши, уларнинг асосан иқтисодий эҳтиёжларига катта эътибор қаратишлари натижасида моддий ҳолатларининг жуда юқорилашишига сабаб бўлган бўлса, айнан шу вазият ўзлари яшаётган жамиятларида маънавий муҳитни танглик ҳолатига олиб келди. Сабаби, иқтисодий муҳит назорат остида, маънавий муҳит эса йўқ.

Назаримда, демократия ҳамда инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг қонуний таъминланиши, бугунги дунёдаги вазият нуқтаи назаридан бир – бирига яқин тушунча эмаслигини намоён этиб бормоқда. Сабаби, инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг қонуний ҳимояланиши, асосан ўша шахсга нисбатан бошқа бир жисмоний ёки юридик шахс томонидан унинг ҳуқуқ ва эркинлигига хилоф ҳатти ҳаракатланишларига йўл қўймаслик дея тушунсак, фуқаролик жамиятини давлат томонидан жамият ва шахс манфаатлари инобатга олиниб ишлаб чиқилган тартиб қоида ва қонунларга уларнинг бўйсунишлари ҳамда амал қилишлари ва ушбу механизмни айнан жамият аъзоларининг ўзлари юритишлари дея таърифласак бўлади.

Ривожланган мамлакатлардаги демократия ҳолатига эътибор қаратадиган бўлсак(асосан шахс демократияси), ўз ҳуқуқ ва эркинликлари давлат томонидан ҳимояланган фуқаролар, маънавий ижодкорликка замонавий, ўз хоҳиш – истакларига қараб эътибор беришмоқда. Эсдан чиқармаслик лозимки, деярли барча мамлакатларда шахснинг асосан яшаш,иқтисодий, ижтимоий ва эътиқодий ҳуқуқлари давлат томонидан назоратда олиб борилади. Лекин, биз сўз юритаётган ғарб жамиятларида шахснинг маънавий ҳуқуқларига демократик тамойил воситаси сифатида қаралмоқда. Бунга оддий бир мисол келтирсак. АҚШ ёки Европанинг кўплаб мамлакатларида яшаётган аксарият инсонларда ҳар бир фаолият фақат иқтисодий жиҳатдан ўлчанмоқда. Ҳеч бир шахс ўзи ишлаб топган маблағнинг маълум бир қисмини вазият тақаззоси ўз фойдасига бўлмаганда бошқа бировга бермайда. Афсуски, бу тамойил бутун дунёга шиддат билан тарқалмоқда. Биз юқорида эътибор қартган маънавий омил айнан шу ерда мантиқий чегараланади. Бугунги ғарб мамлакатларида қарор топаётган “демократия”, ўзининг луғавий маъносининг чегарасини четлаб ўтганига анча бўлди. Бу ҳолатни у мамлакатлардаги “демократик янгиланиш”ларни кузатиб туриб, гувохи бўлишимиз мумкин.

Ҳозирда кўпчилик хорижликлар инсон етуклигининг тафтишчиси сифатида ўз жамиятларини кўришади. Аммо, унутмаслик лозимки, агар давлат жамиятнинг маънавий фаолиятини назорат қилмас ёки тўғри йўналтирмас экан, ундай жамият вакили саналган шахс маънавий камолоти ривожи ўрнини моддиюнчилик ҳиссиётлари эгаллайди.

Бизнинг жамиятимизда тарихан шаклланган маънавий тарбия мавжудки, юқорида айтиб ўтганимиздек, давлатимиз томонидан унга катта эътибор берилмаса, ғарб жамиятларидаги вазиятнинг бизда шаклланиши ҳеч гап эмас. Юқоридаги фикримизга мантиқий давом сифатида бир жумлани келтирмоқчи эдим. Америкалик ёзувчи Перл Бак “Жамиятнинг қанчалик цивилизациалашганлиги унинг ёрдамга мухтож аъзоларига бўлган ғамхўрлигига қараб аниқланади[1]” дея бекорга таъкидламаган. Бу ерда кўрсатиладиган ёрдам давлат ёки жамият ташкилотлари томонидан эмас, балки жамиятнинг вакиллари томонидан бир – бирларига қилиниши назарда тутилмоқда. Қайсидир маънода айтадиган бўлсак, бизнинг жамиятимизда бу ҳолат ҳозирча маънавий қадрият сифатида сақланиб келинмоқда. Агар давлатимиз томонидан шахсни маънавий комил қилиб тарбиялашда асосий вазифаларни бажарувчи жамиятимизга, унда бўлаётган ўзгаришларга, фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоялаган ҳолда уларга ҳам иқтисодий ва ўз назорати билан маънавий ижодкорлик имкониятини берар экан, Европа мамлакатларидаги жамиятларда бугунги кун муаммоларидан саналаётган моддиюнчилик ёки бошқа жумла билан ифодалайдиган бўлсак жамият ривожидаги дилемма ҳолатига дуч келмаймиз.

Авлиёқулов Учқун Мардонович,
Мир Араб олий мадрасаси проректори




[1] К.Душенко. Мысли, афоризмы, цитаты. Политика, журналистика, правосудие:6000 цитат. – 5 -е изд. – М.: Эксмо,2008. – 239 с

. .