ҚУРЪОН – ИЛОҲИЙ КАЛОМ
Muallif: . .
Sana: 27.06.2022
451

Қуръони каримнинг илоҳий каломлиги унинг махлуқ эмаслиги, Аллоҳ таолонинг сўзи бўлиб, инсониятга ҳидоят ва раҳмат сифатида нозил қилинганини англатади. Қуръони карим мусулмонлар учун ягона муқаддас китоб бўлиб, унинг илоҳийлиги қуйидаги далиллар ва хусусиятлар билан тасдиқланади:

1. Тўғридан-тўғри Аллоҳ таолонинг каломи эканлиги

Қуръони карим Аллоҳ таоло томонидан ваҳий фарпиштаси – Жаброил алайҳиссалом орқали охирги замон пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга 23 йил (Маккада 13 йил, Мадинада 10 йил) давомида нозил қилинган.

Қуръони каримнинг сўзлари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг фикрлари ёки ижод маҳсули эмас, балки Аллоҳ таолонинг бевосита илоҳий, ўзгармас каломидир.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади:

“Алиф, Лом, Мим. Бу китоб – шубҳасиз, унда тақводорлар учун ҳидоят бордир” (Бақара сураси, 1-2-оятлар).

2. Нодир услуб ва мўъжиза

Қуръони каримнинг тили, услуби ва мазмуни инсон томонидан тақлид қилиб бўлмайдиган даражада юксакдир. Қуръони карим инсониятни унга ўхшаш бирор сура ёки оят келтиришга чақирган, аммо ҳеч ким бунга қодир бўлмаган:

“Агар бандамизга нозил қилган нарсамизга (Қуръонга) шубҳангиз бўлса, бас, унга ўхшаш бирор сурани келтиринг ва агар ростгўй бўлсангиз, Аллоҳдан ўзга гувоҳларингизни ҳам чорланг” (Бақара сураси, 23-оят).

3. Илмий ва мантиқий мўъжизалар

Қуръони каримда келтирилган илмий ҳақиқатлар унинг илоҳий эканлигини исботлайди. Масалан, коинотнинг кенгайиши, инсон эмбрионининг ривожланиши каби масалалар Қуръони каримда бундан 14 аср олдин баён қилинган. Инсоният фан ютуқлари орқали бу ҳақиқатларни энди билиб бормоқда.

4. Тариқий мўъжизалар

Қуръони карим пайғамбарлардан ва қадимги умматлардан ҳикоя қилар экан, бу воқеаларнинг тафсилотлари ҳеч бир манбада келтирилмаган бўлса ҳам, Қуръони каримда аниқ ва ҳаққоний тарзда баён қилинган. Масалан, Фиръавн ва Мусо алайҳиссалом, Намруд ва Иброҳим алайҳиссалом, Нуҳ алайҳиссалом кемаси, Од ва Самуд қавми ҳақидаги воқеалар археологик тадқиқотлар билан тасдиқланган.

5. Қуръони каримнинг асрлар давомида ўзгармаслиги

Қуръони карим нозил бўлганидан бошлаб ҳозирги кунга қадар бирор ҳарфи ўзгартирилмаган. Қолаверса, Аллоҳ таолонинг ваъдаси шундай:

“Дарҳақиқат, зикрни (Қуръонни) Биз нозил қилдик ва, албатта, Биз уни (ҳар қандай ўзгаришдан) сақловчимиз” (Ҳижр сураси, 9-оят)

6. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саводсизлиги

Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ўқиш-ёзишни билмаганлар, аммо Қуръони каримда юқори даражадаги илмлар ва ҳикматлар баён қилинган. Бу Қуръони каримнинг инсон ижодидан юқори эканини кўрсатади.

7. Одамларнинг қалбига таъсир қилиш қудрати

Қуръони каримнинг ўқилиши ва эшитилиши инсон қалбига чуқур таъсир қилади, уни тинчлантиради ва ҳидоят сари етаклайди. У қалбларга ором бағишлайди. Уни тинглар экансиз бевосита кўзга ёш қалқийди.

8. Қуръони каримнинг мазмуни ва вазифаси

Қуръони карим нафақат ибодат китоби, балки инсон ҳаётининг барча соҳаларига оид йўл-йўриқни ўз ичига олади. Унда ақоид, фиқҳий масалалар, ахлоқий меъёрлар ва ижтимоий адолат ҳақида кўрсатмалар бор.

Қуръони каримнинг илоҳий калом эканлигини қабул қилиш мусулмон эътиқодининг асосий устунидир. Бу китоб инсониятни жаҳолатдан нурга чиқарувчи ҳидоят манбаидир.

Ҳамидуллоҳ Арипов,
Мир Араб олий мадрасаси Қуръони карим ва тажвид фани
катта ўқитувчиси

. .