ИСЛОМ ДИНИДА ЖАРРОҲЛИК АМАЛИЁТИ
Muallif: . .
Sana: 21.06.2022
234

Тиб ҳақида сўз кетганда, албатта, жарроҳлик масаласига дуч келамиз. Зеро, бугунги кунда мазкур масалага оид ҳукмлар долзарб ҳисобланади. Шунинг учун мазкур мақолада айнан жарроҳлик борасидаги бирламчи маълумотлар келтириб ўтамиз.

Луғавий маъноси: Жароҳат араб тилида“جرح” сўзидан олинган бўлиб, “урилгандан кейин қоладиган асорат” деган маънони англатади.

Ушбу сўзкасб маъносида ҳам ишлатилади, масалан, ояти каримада келади:

ويعلم ما جرحتم بالنهار

“(Аллоҳ) кундузида қилган амалларингизни биладигон Зотдир”.

Шунингдек,эжароҳат сўзи “айблаш”, “камситиш” маъносида ҳам келади, масалан: “тили билан жароҳатлади” дейилганда “айблади”, “нуқсонли санади” маъносини билдиради. Яъни, ҳақиқий маънодаги бирор моддий нарса билан жароҳатлаш емас. Бу ўринда жароҳат лафзи мажозий маънода ишлатилмоқда.

Истилоҳий маъноси: “Инсон баданини ҳолатига қараб уни текширадиган ҳамда ташқи ва ички аъзоларга бўлган таъсирни ўз ўрнида туриб даволайдиган касб”.

Қадимда жарроҳлик илми жуда ҳам тор доирада бўлган. Ҳозирги бизнинг замонавий жарроҳлик илми ривожланиб кетгани туфайли бу таъриф билан чеклана олмаймиз. Шунинг учун, унинг ҳозирги замонамиздаги таърифини ҳам келтирамиз.

Жарроҳликнинг замонавий таърифи қуйидаги:

“Инсон баданига етган зарарни кетказиш ёки тикиш, йирингни ёки бемордаги зарарли моддани чиқариб ташлаш мақсадида тешиш ёки бирор аъзони олиб ташлаш мақсадида қилинган иш жарроҳликдир”.

Шунингдек, жарроҳлик амалиёти билан узвий боғлиқ бўлганаъзоларни кўчириш илмий истилоҳда “трансплантация” деб номланади. “Транс” лотин тилидан олиинган бўлиб, “кўчириш” маъносини англатади. “Плантация” эса лотин тилида “экиш” деган маънони билдиради.

Ислом тиббиёти шомил, комил, чуқур ва равнақ топган тибга эга бўлган. Мусулмонлар тибнинг турли соҳалари ва доришунослик бўйича етук мутахассисларга эга бўлгани ҳеч кимга сир эмас.

Ўша пайтларда мусулмон ўлкаларидаги каби ажойиб шифохоналар ер юзининг ҳеч қайси нуқтасида бўлмаган.

Уламоларнинг мазкур мавзуга оид илмий баҳслари тиб
ва жарроҳликнинг қай даражага етганини ўз-ўзидан айтиб турибди. Соғлиқни сақлаш илми ҳам ислом оламида олий даражада эди.

Лекин, бошқа динларда ушбу ҳолат тескари эди. Тиб илми ривожланиш ҳақида гап бўлиши мумкин эмас эди. Ҳатто бировни даволаш айб саналадиган жамиятлар ҳам бор эди. Шунингдек, касални ёки гуноҳкор деб, ёхуд азобдан фориғ қиламиз деб ўлдириб қўя қолишарди.

Ислом дини кўрсатмасига кўра, касалликларга муолажа қилувчи кишилар хоҳ табиблар бўлсин, хоҳ тиббиёт ходимлари бўлсин, улар диний билимлардан ҳам хабардор бўлишлари лозим. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бу борада қилган тавсиялари ва кўрсатмалари шариат кўрсатмасидир.

Касалликларга шифо излаб, дори-дармонларни қўллаш, жарроҳлик амалиётини ўташ қадарга имон келтириш ва таваккул ҳақиқатига асло зид келмайди. Зеро, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзлари даволанганлар ва бошқаларни ҳам баъзи муолажа ёки тавсиялари билан даволаганлар.

ХАЙРУЛЛАЕВ ХЎЖАМИР

Мир Араб олий мадрасаси 4-курс талабаси

. .