МАЗҲАБГА ЭРГАШИШ ҲАҚИДА УЛАМОЛАР НИМА ДЕЙИШГАН?
Muallif: . .
Sana: 14.06.2022
189

Биз сўз юритмоқчи бўлган мавзу тез-тез қулоққа чалинаётган, айниқса ижтимоий тармоқлар орқали кишилар орасида баҳс-мунозараларга сабаб бўлаётган тақлид, яъни Қуръони карим ва ҳадиси шариф турганда муаййан бир мазҳабга эргашиш шартми, деган саволдир.

Исломнинг асл манбалари бўлмиш Қуръони Карим ва ҳадиси шарифга амал қилиш имом Абу Ҳанифа, имом Шофеъийга каби шахсларга эргашиш ила бўлишини баъзилар хато десада аслида бу инсонни дунё ва охиратда саодатга элтувчи йўлдир.

Сўзимизнинг исботи ўлароқ мўътабар уламоларимизнинг бу масалага қандай ёндашганлигига бир назар ташлаймиз.

Имом Шотибий роҳимаҳуллоҳ: “Мужтаҳидларнинг фатволари авом ҳалқ учун ҳудди шаръий далилга тенгдир”, деганлар.

Шайх Муҳаммад Ҳизр Шинқитий раҳматуллоҳ алайҳ шундай дейди: “Бугунги кунда ижмоъ қилингани тўрт мазҳабдир. Улар: имом Молик, имом Абу Ҳанифа, имом Шофеъий ва имом Аҳмад ибн Ҳанбал мазҳаблари. Батаҳқиқ, барча уламолар мазкурлардан бошқанинг мазҳабига эргашишни ман қилганлар”.

Аллома Ибн Ражаб раҳматуллоҳи алайҳ ўзларининг “Тўрт мазҳабдан бошқага эргашганга раддия” номли китобида шундай деган: “Аллоҳ таоло шариатни сақлаш ва динни муҳофаза қилиш учун ўз ҳикмати билан одамлар ичидан тўрт забардаст имомларни чиқариб берди. Уларнинг илму маърифатда юқори мартабага эришганларини ва чиқарган фатво ва ҳукмлари ҳақиқатга ўта яқинлигини барча уламолар бир овоздан эътироф қилганлар. Барча ҳукмлар ўшалар орқали чиқариладиган бўлди”.

Имом Бадриддин Заркаший “Баҳрул муҳит” китобида шундай ёзади: “Мусулмонларнинг эътироф қилинган тўрт мазҳаби ҳақдир ва ундан бошқасига амал қилиш жоиз эмас”.

Имом Али ибн Абдуллоҳ Самҳудий ўзларининг “Иқдул фарид фи аҳкомит-тақлид” номли асарларида шундай деганлар: “Билингки, ушбу тўрт мазҳабдан бирини ушлашда катта фойда бор. Ундан юз ўгиришда эса, катта муаммо ва ихтилофлар бор”. Имом Самҳудий сўзларини давомида шундай дейди: “Бир мазҳабда юришда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилган қуйидаги ҳадисга амал қилиш бор:

“فَإِذَا رَأَيْتُمُ اخْتِلَافًا فَعَلَيْكُمْ بِالسَّوَادِ الْأَعْظَمِ”

яъни: “Агар ихтилофни кўрсангиз, ўзингизга кўпчилик томонини лозим тутинг” (Имом Ибн Можа ривояти). Демак, мазҳабга эргашиш катта жамоага эргашиш ҳисобланади”.

Машҳур аллома Абдулҳай Лакнавий ҳазратлари ўзларининг “Мажмуатул фатово” китобларида Шоҳ Валиюллоҳ Деҳлавийнинг қуйидаги сўзларини келтирганлар: “Ҳиндистон ва Мовароуннаҳр юртларида шофеийларни ҳам, ҳанбалийларни ҳам, моликийларни ҳам мазҳаби тарқалмаган, бошқа мазҳаб китоблари ҳам етиб келмаган. Шунинг учун ушбу диёрларда яшовчи, ижтиҳод даражасига етмаган кишиларга Абу Ҳанифа мазҳабига эргашиш вожиб бўлади. Маккаи мукаррама ва Мадинаи мунавварада яшовчи кимсаларга ундай эмас. Чунки у ерда барча мазҳабларни топиш имконияти бор”.

Юқоридаги каби етук уламоларнинг бу мавзудаги фатво ва хулосаларини кўплаб келтириш мумкин.

Аллоҳга ҳамдлар бўлсинки, бир неча асрлардан бери ота-боболаримиз мазкур мазҳабга оғишмай амал қилиб келмоқдалар. Минг афсуслар бўлсинки, мана шундай етук олимлар бир мазҳабни маҳкам ушлаб, тўғрилигини эътироф қилиб турган бир пайтда баъзи юртдошларимиз ўзлари илмий кўникма ҳосил қилмаган бўлсаларда: “Мен Қуръон ва ҳадисдан ўзим ҳукм оламан” деб, даъво қилиб, турли ихтилофларни келтириб чиқармоқдалар.

Машҳур уламоларимиздан Доктор Муҳаммад Саид Рамазон Бутий раҳимаҳуллоҳ ўзларининг “Мазҳабсизлик Ислом шариатига таҳдид солувчи энг хатарли бидъатдир” номли китобларида ҳозирги мазҳабсизларнинг воқеълигини изоҳлаб шундай деганлар: “Шубҳасиз улар (яъни, мазҳабсизлар)нинг ҳаммалари бевосита Қуръон ва суннатдан ҳукм олишни даъво қиладилар. Улар ўзини ҳудди санад, далиллар ва ровийларнинг билимдони ва тадқиқотчисидек тутсада, аслида биз ана шу одамларнинг орасида бутунлай саводсизларининг кўп гувоҳи бўлдик”.

Инсон дунё ва охиратда гўзал ҳаётга эришиши учун Аллоҳ ва унинг расули йўлини маҳкам тутмоқлиги керакдир. Бу эса ўз-ўзиданмас, балки пайғамбаримиз ва у зотнинг йўлидан юрган уламоларга эргашиш билан бўлади. Аллоҳ таоло барчаларимизни тўғри йўлдан адаштирмасин.

Мир Араб олий мадрасаси
мударриси И.Саидов

. .