Илмга амал қилиш ва маъсиятлардан узоқ бўлиш
Muallif: . .
Sana: 10.04.2018
2466

Илмга амал эргашсагина у фойдали илм бўлади. Илмга амал қилиш шартлиги ҳамда амалсиз илмдан огоҳлантириш ҳақида қуръонда, хадисда ва салаф имомларнинг сўзларида кўп далиллар бор.

Аллоҳ таоло айтади: «Эй мўминлар, сизлар нега ўзларингиз қилмайдиган нарсани (қиламиз деб) айтурсизлар? Сизларнинг ўзларингиз қилмайдиган ишни (қиламиз деб) айтишларингиз Аллоҳ наздида ўта манфур ишдир». (Соф: 2,3)

«Одамларни яхшиликка чорлаб, ўзларингизни унутасизларми? Ҳолбуки, ўзларингиз китоб (Таврот) тиловат қиласизлар. Ақлингизни юргизмайсизларми?» (Бақара: 44)

Шубҳасиз тақво қилиш ва шариатда барқарор туриш, қуръон ва хадисни махкам ушлаш талабанинг қуролидир. Агар у Аллоҳ субҳанаҳунинг розилигини, илмнинг нури, баракаси ва фазилатини қўлга киритмоқчи бўлса бу қуролни асло тарк қилмаслиги керак.

Аллоҳ таоло айтади: «Аллоҳдан қўрқингиз! Аллоҳ сизларга (ҳақ - ҳидоят йўлини) билдиради. Аллоҳ ҳамма нарсани билгувчидир». (Бақара: 282)

Дарвоқе, Росулуллох соллаллоҳу алайхи васаллам олим қиёмат куни илмига амал қилган ёки қилмагани ҳақида сўралишини айтганлар.

Абу Барза ал-Асламийдан ривоят қилинади: Росулуллох соллаллоху алайхи васаллам айтдилар: «Қиёмат куни банда умрини нима билан ўтказгани, илмига амал қилгани, молини қаердан топиб қаерга сарфлагани ва жасадини нима ишларда эскиртгани ҳақида сўралмагунича қадамлари жойидин силжимайди». (Термизий: 2417)

Усома ибн Зайд (р.а) дедилар: Росулуллох соллаллоху алайхи васаллам шундай деганларини эшитдим. «Қиёмат куни бир киши олиб келиниб, дўзахга ташланади. Унинг қорнидаги ичаклари осилиб тушади. Худди эшак тегирмон тоши атрофида айланганидек у ҳам ичаклари атрофида айланиб юради. Дўзах аҳли унинг олдига йиғиладилар ва сўрайдилар: «Эй фалончи сенга нима бўлди? Сен яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтармасмидинг?» У айтади: «Ҳа яхшиликка буюрардим, бироқ ўзим қилмасдим. Ёмонликдан қайтарар эдим, лекин ўзим уни қилардим»». (Муслим: 2989)

Хадисда зикр қилинган, баданни титратиб юборадиган бундай кўриниш, Аллоҳ тарафидан берилган илмга амал қилмайдиган кишининг уқубатидир. У инсонларни яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтариш билан чекланди. Нафсини эса одамлар кўзидан узоқда, ғафлатда, маъсиятлар ортидан қувган ҳолида ташлаб қўйди. Лекин у ҳар қанча яширмасин Аллоҳдан махфий иш қилолмайди. Аллоҳ дунёда унинг гуноҳларини яширгани учун одамлар уни солиҳ киши деб гумон қилганлар. Қиёматда эса унинг жирканч амаллари барчага ошкор қилиниб, шармандаи шармисор бўлади.

Шунинг учун Саҳобаи киромлар тақво аҳлидан бўлсалар-да, қуръон ва ҳадисга қаттиқ амал қилсалар-да, қиёмат куни Аллоҳнинг ҳузурида туриб, билган илмларига амал қилганлари тўғрисида сўралишдан қаттиқ қўрқар эдилар.

Имом Нажмиддин Насафий талабага васият қилиб шундай дейди:

Буйруқ ва қайтариқлар риоясин қил,

Намозга бардавом бўл, ҳимоясин қил.

Шариат илмини изла, ижтиҳод қил,

Олим бўлай десанг, пок ризқни ҳосил қил.

Илоҳингдан сўра, зеҳнинг бутун сақласин,

Бўшашмагин, умидингни Аллоҳ оқласин.

Шу ерда суҳбатимизни Имом Ғаззолийнинг талабага қилган васиятлари билан тугатсак.

Шундай дедилар: «Агар юз йил илм ўқиб, мингта китоб жамласанг ҳам илминга амал қилмас экансан, Аллоҳнинг раҳматига мушарраф бўла олмайсан. Аллоҳ таоло айтади: «Инсон учун фақат ўзи қилган ҳаракатигина бўлур. (яъни, ўзгаларнинг қилган яхши амалларидан унга бирор фойда етмас)» (Ван-нажм: 39).

«Бас, ким Парвардигорига рўбарў бўлишдан умидвор бўлса, у ҳолда яхши амал қилсин.» (Каҳф: 110) («Аййуҳал-валад» китобидан)

Ғаззолийнинг илмга амал қилиш ҳақидаги васиятларидан яна бири: «Билгинки, илминг бугун сени маъсиятлардан қайтариб, тоатга ундамаётган экан,эртага сени жаҳаннам азобидан тўса олмайди. Агар бугун амал қилмасанг, ўтган кунларингни ўрнини тўлдирмасанг, эртага Қиёмат куни «Бизни дунё ҳаётига қайтаринг, яхши амаллар қиламиз», деб айтишинг тайин».

Мир Араб олий мадрасаси талабаси Мухаммад Маъсум

. .