НИМАДАН НОРОЗИСИЗ?!
Muallif: . .
Sana: 14.02.2022
520

Эй биродар! Бугун ҳаётингизда муаммоларингиз кўпми? Ғам қайғуларингиз ошдими? Асабиймисиз? У ҳолда барча ҳолатларингизни қуйида келадиган инсонларни ҳолатлари билан бир солиштириб кўринг ва хулосани ўзингиз чиқаринг.

Ҳазрати Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам) каби тошбўрон қилиндингизми? Пойафзалингиз бошингиздан оққан қонларга тўлдими? Намоз қилаётганингизда бошингиздан ифлос қорин ағдардиларми? Тишингизни синдирдиларми? Юзингизга тупурдиларми? Ҳижратга кетиш мажбуриятида қолдингизми?

Ҳазрати Ҳамза (р.а) каби қулоқ-бурнингиз кесилдими? Юрагингиз суғуриб олиндими?

Мусъаб ибн Умайр (р.а) сингари қўлларингизни кесдиларми?

Билол (р.а) каби қизиган қумларга кўмиб, устингизга чўғдай тошларни бостирдиларми?

Жаъфар ибн Абу Толиб (р.а) сингари баданингиз қилич ва ханжарлар зарбидан илма-тешик бўлдими?

Ҳазрати Али (р.а), ҳазрати Умар (р.а), ҳазрати Усмон (р.а) сингари ханжарландингизми?

Унда нега авзойингиз бузуқ? НЕГА АСАБИЙСИЗ?!

Агар ризқ важидан бўлса, ўзингизни босинг... Бандаларининг ризқи Яратганнинг зиммасидадир!

Қайғурсангиз, Аллоҳга лойиқ қул, Муҳаммад алайҳиссаломга муносиб уммат бўла олмаётганингизга қайғуринг...

Қайғурсангиз, инсонийликнинг ўлдирилишига индамай қараб турганингиз важидан қайғуринг.

Қайғурсангиз, кичик амалларингиздан қувониб, катта айбларингиздан ғофил қолаётганингизга қайғуринг.

Қайғурсангиз, ўзингиз амал қилмаётган насиҳатларингиз, ўз ҳаётингизга тадбиқ этилмаётган лофларингиз важидан қайғуринг!

Оёқда мустаҳкам турган гуноҳларингиз, ҳилвираган тавбаларингиз учун қайғуринг. Бошқа қайғуларга йўл бўлсин...

Норозиликнинг давоси фақат ва фақат ТАВБАдир! Ҳазрати Одам алайҳиссалом бир гуноҳ учун икки юз йил тавба қилган эдилар! Яратган бандасига тоқатидан ташқари қийинчиликларни юкламас !

Шу қийинчиликлар, азоблар бўлмасайди, биз учун охиратда хушнудликлар бўлмас эди...

Мир Араб олий мадрасаси 401 гурух талабаси

БЕГИМОВ МУҲАММАДЖОН

. .