Қорилар одоби исломий илмларни ўрганиб, Қуръони каримни ёд олган ва уни тарқатишга хизмат қилувчи кишиларга хос бўлган ахлоқий ва одоб қоидаларини ўз ичига олади. Қуръони карим қироати ва уни ўқитиш шарафли амаллардан ҳисоблангани учун қорилар ўзларига хос хулқ-атворга эга бўлишлари лозим. Қуйида қориларга хос одоб-ахлоқ қоидаларидан айримларини келтириб ўтамиз:
1. Аллоҳ таолога ихлос билан хизмат қилиш
Қуръони каримни ўқиш ва ўргатиш Аллоҳ таолонинг розилиги учун амалга оширилиши керак. Бу борада риёдан (манманлик, хўжакўрсин, шуҳратпарастлик ва мақтов исташдан) қочиш зарур.
2. Покликни сақлаш
Қуръони каримни қироат қилишдан олдин таҳоратли бўлиш талаб этилади. Шунингдек, либоси ва жойи пок бўлиши лозим. Аллоҳ таолонинг муқаддас каломини ўқишни истаган банда тили ва қалбини ҳам пок сақлаши муҳим.
3. Ҳурмат ва адаб билан қироат қилиш
Қуръони каримни сокинлик, вазминлик, ҳушёрлик, диққат ва эҳтиёткорлик билан ўқиш керак. Тажвид қоидаларига амал қилиш лозим. Овоз баландлигини ўта даражада ошириб, ортиқча ғазаб ёки мақтанчоқлик билан ўқишдан сақланиш керак.
4. Хулқ-атворда ўрнак бўлиш
Қори ўз хулқи, сўзлари ва амаллари билан бошқаларга ўрнак бўлиши лозим. Қуръони каримни ўқиган киши унинг таълимотларини ҳаётида қўллаши керак. Шунингдек, бошқаларга ибрат бўлиши таҳсинга лойиқ.
5. Сабр ва ҳалимлик
Қуръони каримни ўрганишда ва ўргатишда ўта сабрли бўлиш зарур. Ўқувчиларга нисбатан ҳалим ва мулойим бўлиш лозим. Сабр ва ҳалимликка савоб борлигига қатъий ишониш айни муддао.
6. Ҳурматсизликдан эҳтиёт бўлиш
Қуръони каримни ётган, ёнбошлаган ҳолда ёки ҳурматсизлик қиладиган вазиятларда ўқимаслик керак. Қуръон саҳифаларига эҳтиёткорлик билан муносабатда бўлиш лозим. Унинг устига бирор нарса қўймаслик, белдан пастда олиб юрмаслик ҳам унинг муҳим одобларидан саналади.
7. Илмни ошириш
Қори ўз илмий салоҳиятини доимий равишда ошириб бориши керак. Фақат Қуръонни ёдлаш эмас, балки унинг маъносини ва тафсирини ҳам ўрганишга эътибор қаратиши лозим.
8. Дин бирлигини сақлаш
Қуръони каримни ўқиётганда, ўрганаётганда ёки ўргатаётганда фирқа, миллат, гуруҳбозлик, зиддият, нифоқ, совуқчилик ва бошқа келишмовчиликларни келтириб чиқармаслик талаб этилади. Дин қоидаларини тўғри тушуниш ва тушунтиришга ҳаракат қилиш лозим.
9. Ҳалоллик ва камтарлик
Қори ўзининг вазифасини бойлик орттириш ёки обрў-эътибор учун қилмаслиги керак. Ҳалол меҳнат билан ҳаёт кечириш зарур. Ҳалоллик ва камтарликни ўзига қатъий шиор этиши марғуб амаллардан саналади.
Қориларнинг бундан бошқа ҳам ниҳоятда кўплаб одоблари бор бўлиб, биз шулар билан чекландик холос. Бу одоб-қоидалар қорилар учун нафақат Қуръони карим қироати, балки умуман мусулмон одобининг намунаси сифатида амал қилиши лозим бўлган қоидалардир.
Ҳамидуллоҳ Арипов,
Мир Араб олий мадрасаси Қуръони карим ва тажвид фани катта ўқитувчиси
