Абу Бакр Калобозий (10-аср) ва “Баҳр ал-фавоид”даги устозлари
Muallif: . .
Sana: 12.03.2018
1922

Марказий Осиё ҳудудида 9-асрдан эътиборан кўплаб таниқли суфий ва фақиҳ олимлар фаолият олиб борганлари манбалар орқали тарихчиларга яхши маълум. Бухоролик суфий, айни пайтда ҳанафий фиқҳ ривожланиш тарихида ҳам из қолдирган олимлардан бири ватандошимиз, ўз даврининг алломаларидан бири Абу Бакр Калобозийдир. Олим ҳақида қуйидаги ўрта аср биографик манбаларининг деярли барчасида маълумот келтирилади. Манбалар рўйхати қуйидагича: “ал-Жавоҳир ал-музиййа”[1], “Тож ат-тарожим”[2], “Кашф аз-зунун”[3], “ал-Фавоид ал-баҳиййа”[4], “ар-Рисола ал-мустатрафа”[5], “ал-А‘лом”[6], “Муъжам ал-муаллифин”[7], “Табақот ас-суфиййа” ҳошияси[8], “Доират ал-маориф”[9], “Табақот ал-муфассирин”[10] ва “Мадохил ал-муаллифин”[11].

Абу Бакр Калобозий икки асари орқали диний илмлар тарихида из қолдирган. Улардан биринчиси ва машҳурроғи “Ат-Таарруф ли-мазҳаб аҳл ат-тасаввуф” нисбатан кўпроқ ўрганилган. Ушбу мўъжаз мақолада Калобозийнинг маҳаллий тадқиқотчилар томонидан деярли илмий муомалага тортилмаган “Баҳр ал-фавоид” номли ҳадислар тўплами ҳақида сўз юритамиз.

“Баҳр ал-фавоид”нинг танқидий матни бугунга қадар икки марта нашр этилди. Биринчиси 1999 йилда Муҳаммад Ҳасан ва Аҳмад Фарид ал-Мазидий томонидан Байрутда амалга оширилди. Ушбу матн айрим камчиликлардан холи эмас. Жумладан, мўъжазгина кириш қисмида Калобозийнинг туғилган санаси ва устозлари ҳақида маълумот учрамайди. Шунингдек, “Баҳр ал-фавоид”нинг қўлёзма нусхалари, улар сақланаётган дунё кутубхона фондлари, мазкур қўлёзмаларнинг ҳажми ҳақида ҳам сўз юритилмаган. Ушбу маълумотларнинг йўқлигини танқидий матн нашридаги асосий камчилик деб ҳисоблаш мумкин.

Ноширлар Муҳаммад Ҳасан ва Аҳмад Фарид ал-Мазидий асарга кириш қисмини ёзишда Ҳожи Халифанинг “Кашф аз-зунун”га таянганлар. Бунинг натижасида “Кашф аз-зунун”даги айрим чалкашликлар кириш қисмида айнан акс этган. Калобозий қаламига мансуб бўлмаган асарнинг унга нисбат берилиши, вафот тарихининг хато берилиши шулар жумласидан.

“Баҳр ал-фавоид”нинг иккинчи нашри биринчисига қараганда мукаммалроқ ҳолатда амалга оширилган. Ношир Важиҳ Камол ад-дин Закий ушбу нашрни ўзининг Қоҳира университетида ҳимоя қилган магистрлик диссертациясини асос қилиб олган ҳолда амалга оширган. Ушбу икки жилдли танқидий матн Қоҳирадаги “Дор ас-Салом” нашриётида 2008 йилда дунё юзини кўрди.

Нашр аввалида хийла кенг илмий-тадқиқот қисми ўрин олган бўлиб, у уч қисмга бўлинган. Биринчи қисмда Калобозийнинг ҳаёти, у яшаган даврдаги илмий муҳит ҳақида сўз боради. Иккинчи қисмда “Баҳр ал-фавоид”нинг Калобозийга оидлиги масаласи муҳокама қилинади ва муаллифлик масаласи исбот қилинади. Учинчи қисм бевосита “Баҳр ал-фавоид” ҳадисларининг илмий таҳлилига бағишланган.

Калобозий асарни ёзар экан, ундаги ҳадисларни жамлаш учун мукаммал илм соҳиби бўлмиш устозлардан илм олгани табиий ҳол. Бироқ, ўрта асрга оид биографик манбаларда бу мавзу чуқур ёритилмайди ва унинг устозлари ҳақида чекланган маълумот келтирилади. Тадқиқотимиз шуни кўрсатадики, Калобозийнинг шайхлари силсиласини тиклашда асардаги ҳадис санадларини таҳлил қилиш кўпроқ фойда беради. 80 нафардан ортиқ шайх Калобозийга таълим бергани ҳозирча маълум.

Қуйида Калобозийнинг асосий устозлари ҳақидаги маълумот келтирилади:

1) Абу Саъид Ҳотам ибн Ақил ибн ал-Муҳтадий ал-Марорий ал-Луълуий (ваф. 333 йил зу-л-қаъда / 945 йил июнь-июль).[12] “Баҳр ал-фавоид”да мазкур шайхдан 108 та ҳадис ривоят қилинган[13]. Ҳотамнинг биографияси ҳақида маълумот берган ас-Самъонийга кўра (“Ал-Ансоб”) арабча “марор” сўзи “канопдан тўқилган ип сотувчи” маъносини билдиради. Бундан мурод унинг ип савдоси билан шуғулланганидир. “Ал-Лулуъий” эса Ҳотам ибн Ақилнинг қимматбаҳо тош (луълуъ) савдоси билан ҳам шуғулланганига ишорадир.

“Ал-Ансоб”да Ҳотам ал-Марорийнинг уч нафар шайхдан ҳадис ривоят қилгани ва Абу Наср Муҳаммад ал-Малоҳимийга (312-395 й. 7 шаъбон / 924-1005 йил 18 май) устозлик қилгани айтилади[14]. Ажабланарли жиҳати ал-Марорийнинг шогирдлари қаторида Калобозий исми келтирилмаган.

2) Наср ибн ал-Фатҳ ас-Самарқандий[15]. Тўлиқ исми Абу-л-Лайс Наср ибн ал-Фатҳ ал-Мураббаъий ал-Иштиханий ас-Самарқандий бўлиб[16], Калобозий у орқали 60 та ҳадис ривоят қилган[17]. “Иштиханий” бугунги Самарқанд вилоятидаги Иштихон шаҳарчасига нисбатан айтилади. “Ал-Иштиханий” нисбаси остида келтирилган бошқа олимлари ҳақидаги маълумотларнинг таҳлили эса янада кўпроқ аҳамиятга эга. III-IV/IX-X асрларда иштихонлик олимларнинг ишончли (саҳиҳ) ҳадисларни ўрганишга қаттиқ саъй-ҳаракат қилганлари маълум. Иштихонлик олимлар биринчи навбатда ас-сиҳоҳ ас-ситта туркумига кирувчи асарлар ривояти билан машғул бўлганлар.

Самарқанддаги машҳур “ал-Мураббаъ” работида фаолият олиб боргани учун эса Наср ал-Мураббаъий нисбаси билан ҳам танилган[18]. Унинг шогирдлари бири Ибн Ҳиббон (270-354/883-965) эди[19].

3) “Кашф ал-осор” муаллифи, X аср ҳанафийлари ўртасида “Устоз” лақаби билан шуҳрат қозонган ас-Субазмунийдан 52 та ҳадис ривоят қилинади.. “Кашф ал-осор”ни нашр этиш ва кенг илмий муомалага киритиш 10-аср Бухоро муҳаддислари, шу жумладан Абу Бакр Калобозийни тарбиялаб вояга еткизган илмий муҳитни янада кенгроқ тушунишда аҳамиятлидир. Манбашунос Д.Муродовнинг мақолаларида ас-Субазмунийнинг илмий меросига атрофлича баҳо берилгани сабабли ушбу ровий ҳақида тўхталиб ўтмадик[20].

4) Ношир Важиҳ Закий “Абд ал-Азиз ибн Аҳмад ибн Иброҳимдан 51 та ҳалис ривоят қилинган”, дея маълумот беради (18-саҳифа). Бироқ, асар матнини ўрганиш жараёнида бундай исмли ровийга дуч келмадик. Айни пайтда, биографик манбаларда ҳам Абд ал-Азиз ибн Аҳмад ибн Иброҳим исми учрамайди.

5) Абу-л-Фазл Муҳаммад ибн Маҳмуд [Аҳмад] ал-қози ал-Мардакий[21]. “Баҳр ал-фавоид”даги илк ҳадис ал-Мардакий воситасида ривоят қилинади. “Ал-Ансоб”да Абу-л-Қосим Наср ас-Собарий (ваф. 372/982-83 й.)нинг устози ва Абу Солиҳ аш-Шарғийнинг (ваф. 272/885-86 й.) шогирди бўлмиш ал-Мардакийни зикр қилади[22]. Ушбу муҳаддис Калобозийга устозлик қилган шахс бўлиши лозим.

“Баҳр ал-фавоид”да Пайғамбар (САВ) ҳадислари қуйидаги силсила орқали ривоят қилинган: Калобозий – ал-Мардакий – Муҳаммад ибн Исо ат-Тарсусий. Ат-Тарсусийдан айни пайтда ар-Рашодий ҳам ривоят қилгани маълум.

6) Халаф ал-Хаййом ал-Бухорий. Унинг тўлиқ исми Абу Солиҳ Халаф ибн Муҳаммад ибн Исмоил ал-Хаййом (275-361 й. жумодо I / 888-972 й. февраль-март) бўлиб, Бухоро муҳитидаги таниқли ҳадис ровийларидан бири эди[23]. Халаф чодир тайёрлаш касби билан шуғулланагани сабабли хаййом (арабча “хайма” - чодир) лақабини олган.

Абу Саъд ас-Самъоний “ал-Ансоб”да Халаф ал-Хаййом оид бўлган илмий муҳит ҳақида кўплаб маълумот келтирган[24].

7) Абу Муҳаммад Аҳмад ибн Абдуллоҳ ал-Музаний (Бухорода 356 йил рамазон / 967 йил август-сентябрда вафот этган)[25]. (23 ҳадис). Асли ҳиротлик бўлмиш ал-Музаний улуғ шайх (арабча аш-шайх ал-жалил) лақаби билан машғур бўлган.

8) Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ал-Бухорий (360 йил 22 шаввол / 971 йил 17 август, душанба куни вафот этган) (20 та ҳадис). Унинг тўлиқ исми Абу Аҳмад Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ибн Юсуф ибн Саввор ибн Мисмаъ ибн Собит ал-Баззоз ал-Бухорий бўлиб, ҳажга кетаётиб Бағдод шаҳрига киргани маълум[26]. Ал-Баззоз шофиий мазҳабига кўра амал қилган бўлиб, унинг устоз ва шогирдлари барчалари Марказий осиёлик олимлардан иборат бўлган.

“Баҳр ал-фавоид” ноширлари “Лисон ал-мизон” (7-жилд, 259-60-саҳифалар, № 7023) ва “Мизон ал-иътидол”да (7-жилд, 217-18-саҳифалар, № 7815 [7666]) зикр қилинган айни исмли ал-Маҳрий ал-Басрийни Калобозийнинг устози деб ҳисоблайдилар[27]. Тадқиқотимиз асносида бу хулосанинг хато экани маълум бўлди.

9) Абу Наср ал-Моймурғий[28]. Олимнинг тўлиқ исми Абу Наср Аҳмад ибн Али ал-Моймарғий бўлиб, муқриъ ва зарир лақаблари билан машҳурдир. Муқриъ сўзи арабча ақраъа (ўқитмоқ) сўзининг сифатдоши бўлиб, “ҳадис ўқитувчиси” мазмунини билдирган. “Зарир”эса кўзи кўрмайдиган маъносини билдиради. Моймарғий нисбасига асосланган ҳолда унинг Бухоро ва Насаф ўртасидаги Моймарғ қишлоғида туғилганини тахмин қилиш мумкин.

10) Абу-н-Назр ар-Рашодий (ваф. 339/950-51 й.). Самарқандлик бу муҳаддиснинг тўлиқ исми Абу-н-Назр Муҳаммад ибн Исҳоқ ибн Рашод ар-Рашодий ас-Самарқандий бўлиб, ишончли (сиқа) ровий ҳисобланган[29]. Абу Абд ар-Раҳмон ал-Омулийдан (ваф. 269 й. рабиъ II / 882 й. октябрь - ноябрь) ҳадис ривоят қилганига асосан унинг кичик ёшидан бошлаб илм олишга киришгани маълум бўлади[30].

11) Абд ал-Азиз ибн Муҳаммад ал-марзубон. Тўлиқ исми Абу Аҳмад Абд ал-Азиз ибн Муҳаммад ал-марзубоний бўлиб, ас-Самъоний унинг ўғли ҳақида маълумот беради. Унинг ўғли Абу Солиҳ Аҳмад (ваф. 996 й. июнь-июль) ҳам олим бўлиб, 351-53/962-64 йиллар орасида маълум муддат Самарқанд амири Бектошга ўринбосарлик қилган[31].

12) Абу Ҳотам Муҳаммад ибн Умар ибн Шозуйа ҳақида маълумот учрамади. Ас-Самъоний бухоролик муҳаддис, “Ханб” лақабли ал-Мостиний (218-301/833-914) ҳақида маълумот берар экан, ундан ҳадис ривоят қилганлар сирасида Ибн Шозуйани кўрсатади[32].

Исмлари зикр қилинган олимлардан ташқари яна қуйидаги шайхлар Калобозийга устозлик қилганлар – Абу-л-Ҳусайн Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Иброҳим ал-Форисий[33], Абу Наср Муҳаммад ибн Ҳамдуйа ал-Марвазий ал-Фозий (ваф. 329/941 й.)[34], Муҳаммад ибн Аҳмад ал-Бағдодий[35], Али ибн Муҳтож[36], Абу Бакр Муҳаммад ибн Йаʻқуб ибн Йусуф ал-Байкандий[37], Муҳаммад ибн Ҳотам ибн Саʻид алб-Байкандий[38], Абу-н-Назр ас-Соғаржий[39], Абу Муҳаммад Аҳмад ибн Убайдуллоҳ[40], Абу Бакр Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ибн Йаздоз ар-Розий ал-фақиҳ[41], Абу Бакр Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ибн Йусуф ал-‘Умоний ан-Найсобурий.

Биографик манбалардаги Калобозийнинг шогирдлари ҳақида маълумотларни ҳам чекланган, дея хулоса қилиш мумкин. Бу масалани ойдинлаштиришда “Баҳр ал-фавоид”да “мендан ҳадис эшитди” дея эслатилган ровийлар ҳақида маълумот йиғиш фойдалидир. Ушбу тадқиқот услубини қўллаш ҳозирча фақат бир нафар ровий исми аниқланди: Али ибн Аҳмад ал-Ханбожий. Бухоролик бу олимнинг тўлиқ исми Абу-л-Ҳасан Али ибн Аҳмад ибн Ханбож ибн Юнус ат-Тамимий ал-Ханбожийдир[42].

Калобозийнинг устозлари ҳаётини чуқурроқ ўрганиш Марказий Осиёда, хусусан 10-аср охирларида Бухорода ҳадис мактаби фаолият олиб боргани ҳақида дастлабки илмий хулосалар чиқаришга асос бўлади.

Мир Араб олий мадрасаси ректори

Xайдархон Юлдашходжаев



[1] ал-Жавоҳир ал-музиййа фи табақот ал-ҳанафиййа, 4-жилд, 105-саҳифа

[2] Тож ат-тарожим фи ман саннафа мина-л-ҳанафиййа, 333-саҳифа

[3] Кашф аз-зунун ан асоми-л-кутуб ва-л-фунун, 1-жилд, 104, 348-саҳифалар

[4] ал-Фавоид ал-баҳиййа фи тарожим ал-ҳанафиййа, 161, 234-саҳифалар

[5] ар-Рисола ал-мустатрафа, 44, 103-саҳифалар

[6] ал-Аълом, 5-жилд, 295-саҳифа

[7] Муъжам ал-муаллифин, 8-жилд, 212, 222-саҳифалар

[8] Табақот ас-суфиййа (Нур ад-дин Шарбия нашрга тайёрлаган), 379-саҳифа

[9] ал-Аъламий, Доират ал-маориф, 26-жилд, 124-саҳифа

[10] Аҳмад ал-Аднаравий, Табақот ал-муфассирин, 1-жилд, 85-саҳифа

[11] Мадохил ал-муаллифин ва-л-аълом ал-ъараб, 3-жилд, 1372-саҳифа

[12] ал-Икмол, 6-жилд, 238-саҳифа; ал-Ансоб, 5-жилд, 248-саҳифа

[13] Баҳр ал-фавоид (Қоҳира нашри), 116 ва кейинги саҳифалар

[14] ал-Ансоб, 5-жилд, 422-саҳифа

[15] Мизон ал-иътидол, 7-жилд, 23-саҳифа (№ 9048 [8853])

[16] Лисон ал-мизон, 8-жилд, 265-66-саҳифалар (№ 8123); ал-Ансоб, 1-жилд, 164-саҳифа

[17] Баҳр ал-фавоид (Қоҳира нашри), 120 ва кейинги саҳифалар

[18] ан-Насафий, ал-Қанд, 80, 230-саҳифалар

[19] Саҳиҳ Ибн Ҳиббон, 14-жилд, 210-саҳифа (№ 6302)

[20] Дониёр Муродовнинг номзодлик ишида ас-Субазмуний ҳақида батафсил маълумот берилган: Абдуллоҳ ас-Субазмунийнинг “Кашф ал-осор” асари ҳадис илмига оид манба. - Тошкент ислом университети, 2008

[21] Баҳр ал-фавоид, Сараево (Босния) кутубхонаси қўлёзма нусхаси, 286б; ал-Икмол, 1-жилд, 295-саҳифа.

[22] ал-Ансоб, 3-жилд, 506-саҳифа [“Собарий” нисбаси Марвдаги Собар кўчасига нисбатан қўлланган]; 5-жилд, 415-саҳифа

[23] Ибн Ҳажар ал-Асқалоний, Лисон ал-мизон, 3-жилд, 372-саҳифа (№ 2968); ал-Ансоб, 2-жилд, 427-28-саҳифалар

[24] ал-Ансоб, 1-жилд, 29, 65, 68, 133, 155, 216, 228, 244, 322, 411, 453, 458 ва бошқа саҳифалар

[25] ал-Ансоб, 5-жилд, 278-79-саҳифалар; Тарих Бағдод, 5: 44 (№ 2403)

[26] Тарих Бағдод, 3-жилд, 487-88-саҳифалар (№ 1017)

[27] Баҳр ал-фавоид, 19-саҳифа

[28] ал-Ансоб, 5-жилд, 184-саҳифа; “ал-Қанд”да маълумот учрамади

[29] ал-Ансоб, 3-жилд, 67-саҳифа

[30] ал-Қанд, 312-саҳифа (№ 498)

[31] ал-Ансоб, 5-жилд, 256-саҳифа

[32] ал-Ансоб, 5-жилд, 167-68-саҳифа

[33] Суламийнинг “Табақот ас-суфиййа”си шарҳи, 379-саҳифа

[34] ан-Ансоб, 5-жилд, 327-саҳифа

[35] Баҳр ал-фавоид, Сараево (Босния) кутубхонаси қўлёзма нусхаси, 285б; ал-Ансоб, “ал-Хашиний”

[36] Босния нусхаси, 208б

[37] Босния нусхаси, 290б

[38] Босния нусхаси, 242б

[39] ал-Ансоб, “ас-Соғаржий” банди

[40] Босния нусхаси, 264б

[41] Босния нусхаси, 214б

[42] ал-Ансоб, 2-жилд, 403-саҳифа

. .