Ижтимоий тармоқлардан фаол фойланувчи сифатида баъзи бир адоват қўзғовчи “илмли” илмсизлар томонидан диний профилларга бўладиган кўр-кўрона муносабатларидан кузатувларим натижасида шуларни баён қилмоқчиман:
Яқин-яқингача диний имом-домлалар, диний олимларимизга тош отишиб “булар аллачилар, қўрқоқлар, сарой муллалари фақат алла айтишнию, ривоятлар айтишни қойиллатишади. Бирортаси чиқиб сиёсатга аралашолмайди, муаммоларни айтолмайди” деб ҳатто, такфир қилишгача журъатлари етарди.
Ҳозирги сиёсатимизнинг очиқлиги, диний соҳаларга кенг йўл берилганлиги, ибодатли юртдошларимизга эмин-эркинлик берилиши натижасида имом-домлаларимиз хоҳ у муаммо бўлсин, хоҳ у бирор қаршилик бўлсин минбарлардан туриб ҳақни баралла айтишяпти. Энди айнан ўша иғвогарлар томонидан янграётган қичқириқларига бир қулоқ тутинг! Улар энди “имом дегани минбарда туриб дунёвий ишларни гапирмаслиги керак, сиёсатга аралашгунча одамларни динга даъват қилсин” деб ёшларни йўлдан уришга ҳаракат қилмоқдалар. Энг қизиқ жиҳати шундаки, буларнинг аксарияти Ўзбекистонда эмас ва Ўзбекистонлик ҳам эмас. Буларнинг асл мақсади юртимизнинг аксар аҳолиси мусулмон эканлигини билган ҳолда одамларни давлатга қарши қайрашдир.
Юртдошларимизга, хусусан, ёшларга шуни айтмоқчимизки, сиз яшаб турган бу Ватанда қандай ўзгаришлар бўлаётганини ўзингиз кўриб турибсиз. Турли хил ёд ғояларга эргашманг. Сизни ва яқинларингизни масофадан туриб бошқаришларига йўл берманг.
Мир Араб олий мадрасаси ўқитувчиси
Саидов Иброҳимжон
