Муножот
Muallif: . .
Sana: 12.03.2018
2206

Нечук қилгум, Худоё, беҳаду сонсиз гуноҳим бор,

Савол узра тониб бўлмаски, аъзодин гувоҳим бор.

На исёндин гурезонман1, на қилмишдин пушаймонман,

На қаҳридин ҳаросонман, на ҳасрат бирла оҳим бор.

Ҳама борса ибодат нури бирла тонгла боравнақ,

Мани мужрим на қилгумдурки, бу рўйи сиёҳим бор.

Ажаб бир нотавондурманки зоди охиратдин ҳеч,

На илгимда мани бир туҳфалик чун парри коҳим2 бор.

Аёгу қўл, қулогим жумласи маъмури нафсимдур,

Кўзум бирла дамодам сўйи номаҳрам нигоҳим бор.

На фикри хайрга шомил, на шардин ижтиноб этдим,

На жисмим амрига қойим ажаб ҳоли табоҳим бор.

На мандин баҳра еткай ўзгага, на менга дийгардин,

Замини шўрабумдурман, на ашжору гиёҳим бор.

Ёмон афъолим олам аҳлига машҳур ўлғондин,

Либосим жандаи таъна, маломатдин кулоҳим бор.

Фалакдин бу паришон хотира етмас бажуз яъси3,

Етолмам манзили мақсуда қойим садди роҳим бор.

Назар солсам бу дам инсоф этиб аҳволима, ё Раб,

Гунаҳдин холи ўтмабдур, на кечган солу моҳим бор.

Агар адл айласанг, қолгум азоби дарднок ичра,

Ва гар фазл ила боқсанг, манзилатда иззу жоҳим бор.

Агар чанди халойиқлар аро бир осий қулдурман,

Ва лекин тўқ кўнгилдурманки, сан пушту паноҳим бор.

Аё эй нафси саркаш, кўп қувонма, йўлдин озди деб,

Ҳидоят этгучи билсанг раҳим отлиғ Илоҳим бор.

Равондур баҳри раҳмат, чирки исёндин менга йўқ ғам,

Шафеим рўзи маҳшар ул ҳабиби додхоҳим4 бор.

Сўнгидин мен гадога лутф ила солса назар Доғий,

Абу Бакру Умар, Усмон, Алидек подшоҳим бор.



1 гурезонман – қочувчиман

2 парри коҳим – енгил патдек

3 яъси – афсуси, надомати

4 додхоҳим – додимни эшитгувчим

. .