ФОТИҲА СУРАСИНИ ЎҚИШ ШАРТМИ?
Muallif: . .
Sana: 25.08.2021
515

Фотиҳа сурасиҚуръони каримдаги 114 та суранинг биринчиси саналади. Унинг фазилати борасида кўплаб ҳадиси шарифлар айтиб ўтилган. Бу уммат хоҳ ёлғиз бўлсин, хоҳ имом бўлсин рисолат давридан буён ҳар бир намозда Фотиҳа сурасини ўқишни канда қилмай келмоқда. Биз вожиб, суннат ва нафл намозларининг ҳар бир ракъатида ҳамда фарз намозларининг аввалги икки ракъатида Фотиҳа сурасини ўқишни вожиб, кейинги ракъатларида ўқишни эса суннат деб қабул қилганмиз. Бироқ мазҳаб уламолари намозда Фотиҳа сурасини ўқиш борасида икки гуруҳга бўлинишган:

Моликийлар, шофеъийлар ва ҳанбалийлар намозда Фотиҳа сурани ўқиш шарт, унитарк этган кишининг намози дуруст бўлмайди дейишган. Улар ушбу сўзларига қуйидаги ҳадиси шарифларни далил сифатида келтириб ўтишган:

عن عُبادةَ بنِ الصَّامتِ رضيَ اللهُ عنه قال: قال رسولُ اللهِ صلَّى اللهُ عليه وسلَّم: »لا صلاةَ لِمَن لم يقرَأْ بفاتحةِ الكتابِ.« رواه البخاريومسلم.

Убода ибн Сомит розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Фотиҳа сурасини ўқимаган кишининг намози намоз эмасдир», дедилар» («Саҳиҳ Бухорий», 756-ҳадис, «Саҳиҳ Муслим», 394-ҳадис).

عن أبي هريرةَ رضيَ اللهُ عنه قال: قال رسولُ الله صلَّى اللهُ عليه وسلَّم: »مَن صَلَّى صَلاةً لَمْ يَقْرَأْ فيها بأُمِّ القُرْآنِ، فهي خِداجٌ فهي خِداجٌ، فهي خِداجٌ غَيْرُ تَمامٍ«. رواه مسلم

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким намозда Фотиҳа сурасини ўқимаса, бас, унинг намози чаладир, чаладир, чаладир, мукаммал эмасдир», дедилар» («Саҳиҳ Муслим», 395-ҳадис).

عَنْ أَبِي سَعِيدٍ رضيَ اللهُ عنه قَالَ: »أُمِرْنَا أَنْ نَقْرَأَ، بِفَاتِحَةِ الْكِتَابِ وَمَا تَيَسَّرَ .«

Абу Саъийд розияллоҳу анҳу: «Биз Фотиҳа сурасини ва муяссар бўлгунча (Қуръони карим оятларини) ўқишга буюрилганмиз», деганлар («Сунани Абу Довуд», 818-ҳадис).

Келтириб ўтилган маълумотларнинг барчаси моликийлар, шофеъийлар ва ҳанбалийлар наздида Фотиҳа сурасини ўқиш шарт, усиз намоз асло дуруст эмаслигига далилдир. Ушбу мазҳаб вакиллари қайси намоз бўлишидан қатъи назар унинг ҳар ракъатида Фотиҳа сурасини ўқиш шарт, мабода ўқилмай қолса намоз фосид бўлади, уни қайта бошдан адо этиш керак дейишади.

Ҳанафийлар эса намозда Фотиҳа сурасини ўқиш вожиб, уни тарк этган киши гуноҳкор бўлса-да намози қабулдир дейишган. Шунга кўра агар тарк этилса, саждаи саҳв билан унинг ўрни қопланади.

Уларнинг наздида намозда мутлақ қироат қилиш шарт. Фотиҳа сураси бўлиши шарт эмас. Қироатнинг энг ками уч қисча оят ёки узун бир оят. Улар ушбу сўзларига қуйидаги ояти каримани далил сифатида келтиришган:

فاقرءوا مَا تَيَسَّرَ مِنَ القرآن

«Қуръондан (ўзларингизга) осон бўлган даражада ўқинглар!» (Муззаммил сураси, 20-оят).

Ҳанафий уламолар бу оят намозда айнан Фотиҳа сурасининг эмас балки Қуръони каримдан хоҳлаган бир сура ёки айрим оятларни ўқишнинг шартлигига далолат қилишини айтиб ўтишган. Шунингдек улар Фотиҳа сурасини ўқиш шарт эмаслигига қуйидаги ҳадиси шарифни ҳам далил қилишган:

عن أَبِي هُرَيْرَةَ رضي الله تعالى عنه قال: »أَنَّ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ دَخَلَ الْمَسْجِدَ، فَدَخَلَ رَجُلٌ فَصَلَّى، فَسَلَّمَ عَلَى النَّبِيِّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ، فَرَدَّ، وَقَالَ: «ارْجِعْ فَصَلِّ فَإِنَّكَ لَمْ تُصَلِّ، فَرَجَعَ يُصَلِّي كَمَا صَلَّى، ثُمَّ جَاءَ فَسَلَّمَ عَلَى النَّبِيِّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ، فَقَالَ: ارْجِعْ فَصَلِّ فَإِنَّكَ لَمْ تُصَلِّ، ثَلَاثًا، فَقَالَ: وَالَّذِي بَعَثَكَ بِالْحَقِّ مَا أُحْسِنُ غَيْرَهُ، فَعَلِّمْنِي، فَقَالَ: إِذَا قُمْتَ إِلَى الصَّلَاةِ فَكَبِّرْ، ثُمَّ اقْرَأْ مَا تَيَسَّرَ مَعَكَ مِنْ الْقُرْآنِ، ثُمَّ ارْكَعْ حَتَّى تَطْمَئِنَّ رَاكِعًا، ثُمَّ ارْفَعْ حَتَّى تَعْدِلَ قَائِمًا، ثُمَّ اسْجُدْ حَتَّى تَطْمَئِنَّ سَاجِدًا، ثُمَّ ارْفَعْ حَتَّى تَطْمَئِنَّ جَالِسًا، وَافْعَلْ ذَلِكَ فِي صَلَاتِكَ كُلِّهَا.« رواه البخاري ومسلم.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «(Бир куни) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам масжидга кирдилар. Бир киши ҳам масжидга кириб намоз ўқиди. Сўнг келиб Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга салом берди. У зот алик олгач: «Бор, намозни қайта ўқи, сен намоз ўқимадинг», дедилар. У бориб аввалгидек намоз ўқиди. Сўнг келиб Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга салом берди. У зот яна: «Бор, намозни қайта ўқи, сен намоз ўқимадинг», дедилар. Бу ҳолат уч марта такрорланди. Шунда ҳалиги киши: «Сизни ҳақ ила юборган Зотга қасамки, бундан яхшироқ намоз ўқишни билмайман, менга ўргатинг», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Агар намозга турсанг, такбир айт, сўнг қодир бўлгунингча Қуръондан ўзинг билган оятларни ўқи. Сўнг то хотиржам бўлгунингча рукуъда тур. Сўнг (рукуъдан) қаддингни ростлаб тик тур. Сўнг то хотиржам бўлгунингча саждада тур. Сўнг саждадан бошингни кўтариб, хотиржам бўлгунингча (икки сажда орасида) ўтир. Намозингнинг барчасида худди шундай қил (худди шу тарзда қолган ракъатларни адо эт)», дедилар» («Саҳиҳ Бухорий», 793-ҳадис, «Саҳиҳ Муслим», 397-ҳадис).

Ушбу ҳадис намозда қай амал фарз, қай бири фарз эмаслигини билишда уламоларнинг таянадиган асосий далили саналади. Зеро, унда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам намознинг фарз амалларини аниқ-тиниқ ўргатиб, баён қилганлар.

Ҳанафий уламоларнинг фикрига кўра Убода ибн Сомит розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган юқоридаги ҳадиси шарифдан намоз бутунлай қабул бўлмайди деб эмас, балки кароҳиятлик билан дуруст бўлади деб тушунилади. Улар агар мабода Фотиҳа сураси саҳван тарк этилса, саждаи саҳв билан мукаммал бўлади, уни қайтадан ўқиш шарт эмас дейишган.

Бу гўё «Масжидга қўшни бўлган уйларда ўқилган намоз намоз эмас», деган ҳадисга ўхшайди. Воҳаланки, бу ҳадисни кўпчилик уламолар заиф дейишган.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисга келсак, бошқа мазҳаб уламолари ҳадисдаги «хидож» сўзини «фасод», «ботил», «беҳуда» деб таъвил қилишган. Бу билан улар Фотиҳа сураси ўқилмай қолган тақдирда намоз асло қабул эмас, агар тарк этилса қайтадан ўқилади, дейишган.

Ҳанафий уламолар эса «хидож» сўзини «ноқис», «нуқсонли», «чала» деб таъвил қилишган. Бу нуқсони бўлсада жоизликка далолат қилади. Унинг нуқсонини саждаи саҳв тўлдиради. Агар жоиз бўлмаганида «хидож» – «нуқсон» калимасиўрнига бошқа ибора ишлатилган бўларди.

Бошқа мазҳаб вакиллари далил сифатида келтирган Абу Саъийд розияллоҳу анҳунинг сўзларида ҳам Фотиҳа сурасини ўқишнинг фарзлиги очиқ-ойдин айтилмаган. Вожиб сифатида олиб қарайдиган бўлсак, бизда ҳам худди шундайлиги барчамизга кундек равшан.

Шундай экан биз ҳар қандай фитналарга учмасдан, ихтилоф чиқармасдан, талашиб-тортишмасдан, минг йиллардан буён юртимизда анъанага айланиб улгурган, дунё мусулмонларининг қарийб ярмини ташкил этадиган ҳанафий мазҳаби уламоларининг фатволарига таяниб иш кўрсак, айни муддао бўлар эди.

Эркин ҚУДРАТУЛЛОҲ

. .