“КОРРУПЦИЯГА ҚАРШИ КУРАШИШ ТЎҒРИСИДА”ГИ ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ҚОНУНИНИНГ МАЗМУН-МОҲИЯТИ
Muallif: . .
Sana: 21.08.2021
414

Маълумки, 2017 йил 3 январда “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни қабул қилинди.

Ушбу Қонуннинг мақсади коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.

Қонун 6 та боб ва 34 та моддадан иборат.

Қонунда:

коррупцияга қарши курашишнинг асосий принциплари, ушбу соҳадаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари, давлат дастурлари ва бошқа дастурлар, Коррупцияга қарши курашиш бўйича фаолиятни амалга оширувчи давлат органлари;

коррупцияга қарши курашиш бўйича идоралараро комиссиялар;

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати, Ички ишлар вазирли, Адлия вазирлиги, Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги ваколатлари;

фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг, нодавлат нотижорат ташкилотларининг ва фуқаролар, шунингдек, оммавий ахборот воситаларининг коррупцияга қарши курашишда иштирок этиши;

аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш;

давлат органлари ва бошқа ташкилотлар ходимларининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш;

таълим муассасаларида коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги ҳуқуқий таълим ва тарбия;

коррупциянинг олдини олишга доир чора-тадбирлар;

коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни аниқлаш, уларга чек қўйиш, жавобгарликнинг муқаррарлиги;

коррупцияга қарши курашиш соҳасида халқаро ҳамкорликка оид масалалар татибга солинган.

Қонунга асосан давлат бошқаруви соҳасида коррупциянинг олдини олишга доир чора-тадбирлар қуйидагилардан иборат:

давлат органлари фаолиятининг очиқлигини ва уларнинг ҳисобдорлигини таъминлаш, давлат бошқаруви тизимининг самарадорлигини ошириш, давлат органларининг, улар мансабдор шахсларининг ва бошқа ходимларининг ўз зиммасига юклатилган вазифаларни бажариши юзасидан масъулиятини кучайтириш;

коррупцияга қарши курашиш соҳасида давлат органларининг фаолияти устидан парламент ва жамоатчилик назоратини амалга ошириш;

давлат органларининг ва улар ходимларининг фаолиятида коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларга йўл қўймаслик;

давлат органларининг мансабдор шахслари ва бошқа ходимлари томонидан ўз мансаб ёки хизмат мажбуриятларининг бажарилиши самарадорлиги мезонларини, стандартларини ва унинг сифатини баҳолаш тизимларини жорий этиш;

давлат органлари ходимларининг касбий ҳамда хизматдан ташқари фаолиятдаги одоб-ахлоқининг ягона принциплари ва қоидаларини белгиловчи одоб-ахлоқ қоидаларини самарали амалга ошириш;

давлат органлари ходимлари манфаатларининг тўқнашувини ҳал қилишнинг ташкилий-ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш, уларга риоя этилиши юзасидан мониторинг ўтказилишини таъминлаш;

давлат органлари ходимларининг ҳуқуқий мақомини белгилаш, хизматни ўташнинг шаффоф тартибини ўрнатиш, шахсий ва касбий сифатлар, очиқлик, беғаразлик, адолатлилик ва холислик принциплари асосида танлов бўйича саралаш ҳамда хизматда кўтарилиш тизимини жорий этиш;

давлат органлари томонидан жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисидаги қонунчилик талабларига риоя этилиши, мурожаатларнинг тўлиқ, холисона ва ўз вақтида кўриб чиқилиши, улар томонидан жисмоний ва юридик шахсларнинг бузилган ҳуқуқлари, эркинликларини тиклаш ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича ўз ваколатлари доирасида чоралар кўрилиши устидан назоратни таъминлаш;

давлат органлари фаолиятида коррупциянинг олдини олишга доир тадбирларнинг амалга оширилиши юзасидан ушбу органлар томонидан кўрилаётган чора-тадбирлар самарадорлигини баҳолаган ҳолда мунтазам равишда мониторинг ўтказиш;

норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг ва улар лойиҳаларининг коррупцияга қарши экспертизасини ташкил этиш;

давлат органларининг мансабдор шахслари ва бошқа ходимларининг самарали ижтимоий ҳимоя қилинишини, моддий таъминот олишини ва рағбатлантирилишини таъминлаш.

Шунингдек, Қонунга мувофиқ фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролар:

коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги давлат дастурларини ва бошқа дастурларни ишлаб чиқиш ҳамда амалга оширишда иштирок этиши;

аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтиришда, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантиришда иштирок этиши;

коррупцияга қарши курашиш тўғрисидаги қонунчиликнинг ижро этилиши устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириши;

коррупцияга қарши курашиш тўғрисидаги қонунчиликни такомиллаштириш юзасидан таклифлар киритиши;

коррупцияга қарши курашиш соҳасида давлат органлари ва бошқа ташкилотлар билан ҳамкорлик қилиши мумкин.

Хулоса қилиб айтганда, юртимизда коррупцияга қарши курашиш соҳасида етарли ҳуқуқий база мавжуд. Тараққиёт кушандаси ҳисобланган коррупцияни йўқотиш коррупцияга қарши курашиш соҳасида қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга амалиётда қанчалик амал қилишга боғлиқдир.

С.Абдурахмонов

Мир Араб олий мадрасасининг масъул ходими

. .