Ёшларнинг таълим-тарбияси - ҳаётий долзарб вазифа
Muallif: . .
Sana: 31.07.2021
72

Аллоҳ таоло инсонларга жуда кўп неъматларни ато этган. Уларнинг ичида энг қадрлиси, шубҳасиз, фарзанд неъматидир. Фарзанд неъмат бўлиши билан бирга Аллоҳ таолонинг ота-она ҳузуридагиомонати ҳамдир. Бу неъматнинг шукрини адо қилиш ва омонат эканлигини ҳис қилган ҳолда унга вафо қилиш лозим. Фарзанд тарбиясидаги беэътиборлик энг катта ношукрлик ва энг катта хиёнат саналади. Бу муҳим ҳақиқатни ҳар бир ота-она бир зум бўлса-да назардан четда қолдирмаслиги керак.

Динимизда фарзанд тарбиясига алоҳида эътибор қаратилади. Бу ҳақда жуда кўп оят ва ҳадислар ворид бўлган. Жумладан, Таҳрим сураси
6-оятида Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:

“Эй, иймон келтирганлар! Ўзингизни ва аҳли аёлингизни ёқилғиси одамлар-у тошдан бўлган ўтдан сақланг. Унинг тепасида қўпол, дарғазаб фаришталар бўлиб, улар Аллоҳнинг амрига исён қилмаслар ва нимага буюрилсалар, шуни қилурлар”.

Энди ўзингиз бир тасаввур қилинг! Дунёда ёш болангиз ўтга қараб кетмоқда. Қайси ота боласининг ўтда куйишига қараб туради. Ҳар қандай зарур ишларини ташлаб, боласини ўтдан сақлашга ҳаракат қилади. Шундай экан, дунё ўтидан минглаб баробар кучли ва шиддатли бўлган охират ўтидан сақлаши, эҳтиёт қилиши ундан кўра муҳимроқ саналади. Дунё оловининг давосини қилса бўлади, охират ўтида эса бунинг чора ва имкони йўқ.

Мазкур оят тафсирида ҳазрати Али каррамаллоҳу важҳаҳудан “Қандай қилиб аҳлимизни дўзах ўтидан сақлаймиз?” деб сўрашганида, у зот: “Таълим-тарбия, одоб бериш билан сақланг”, деб тафсир қилган эканлар. Демак, тарбия, одоб-ахлоқ инсонни икки дунё хорлигидан сақловчи қалқон ҳисобланар экан.

Тарбияли фарзанд дунёда ота-онасининг дуосини олиб, назарини топиб, хизматини қилса, охиратда эса уларга шараф тожини кийдиришига сабабчи бўлади.

Тарбияли фарзанд дунё ҳаётининг зийнати, безаги ҳисобланади. Бу борада Аллоҳ таоло Қуръони каримда қуйидагича марҳамат қилади:

“Мол-мулк, бола-чақа ҳаёти дунё зийнатидир”. (Каҳф сураси,
46-оят).

Шу ерда савол туғилади - “Ҳар қандай мол-давлат, ҳар қандай фарзанд ҳам дунё ҳаётига зийнат бўла оладими?” Йўқ, албатта. Мол-давлат зийнат бўлиши учун уни буюрилган жойига сарф этиш лозим. Фарзандлар ҳаётнинг зийнати бўлиши учун эса уларга чиройли таълим-тарбия бериш керак. Шундагина ояти каримада айтилганидек кишининг топган мол-у давлати, бола-чақаси дунёсига зийнат бўлади. Бўлмаса йўқ. Чунки мол-дунё йиғиб, бола-чақа боқиб, катта қилиб бахтсиз бўлиб қолган одамлар қанча.

Тарбияли фарзанд ота-онасига нафақат дунё ҳаётида, балки охиратда ҳам шараф келтиради. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу борада ўз ҳадиси шарифларида шундай марҳамат қиладилар:

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Инсон вафот этаркан, унинг амали тўхтайди. Уч нарса: садақаи жория, фойдали илм ва унинг ҳаққига дуо қиладиган солиҳ фарзанд бундан мустасно”, дедилар”.

Имом Муслим ривоят қилган.

Аюб ибн Мусо отасидан, у бобосидан ривоят қилади:

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ота фарзандига гўзал одобдан кўра яхшироқ ҳадя бера олмайди”, дедилар”.

Имом Термизий ривоят қилган.

Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш жоизки, ёшларни ҳам ақлан, ҳам жисмонан, ҳам маънан етук инсонлар қилиб тарбиялаш ҳар бир даврнинг муҳим вазифасидир. Ёшларга берилган тарбия ҳам дунёда, ҳам охиратда ота-она учун обрў ва шараф келтирадиган, фойдаси нақд бўлган сармоядир.

Аллоҳ таоло жонажон ўлкамизни турли хил фитна-фасод ва бало-офатлардан Ўз ҳифзу ҳимоясида сақласин, халқимизнинг тинч-хотиржам ва фаровон ҳаётига кўз тегмасин!

ТОШБОЕВ АЪЗАМЖОН

Мир Араб олий мадрасаси Қуръон қироати фани ўқитувчиси,

Ўзбекистон халқаро ислом академияси таянч докторанти

. .