АЛ-ФИКХ АЛ-АКБАР ИМОМ АБУ ХАНИФАГА ТЕГИШЛИ ЭМАСМИ?
Muallif: . .
Sana: 08.07.2021
478

Аҳмад ибн Таймиянинг издошлари бўлмиш “салафий”лар тарафдан аҳли сунна вал- жамоа ақидасида ёзилган машҳур матн ал-Фиқх ал-акбар асарини имом Аъзам Абу Ҳанифага тегишли эмас деган иддао илгари сурилади. Салафий имом Албонийга айни шу мавзуда савол беришади. У "имом Абу Ҳанифанинг ақидаги доир ҳеч қандай асари йўқ” деб жавоб берган (“Ҳидоят ва Нур” туркум курсатувлари. 52- сон).


Умуман салафийлар орасида ал-Фиқх ал-акбар Абу Ҳанифага мансуб эмас деган фикр кенг тарқалган. Уларга кўра, Имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳҳижрий биринчи асрнинг охири ва иккинчи асрнинг биринчи ярмида (80-150) яшаб ўтган. Бу даврда ҳали китоб ёзиш анъанаси йўлга қўйилмаган эди, демак ал-Фиқҳ ал-акбарнинг муаллифи имом Абу Ҳанифа бўлмаган.

Масаланинг қизиқ тарафи шуки, хозирги салафийларнинг бу фикри салафийлик асосчиси Аҳмад ибн Тайямия ва унинг яқин шогирди Ибн Қаййим ал-Жавзияларнинг фикрига мутлако тўғри келмайди. "Салафийлар” улуғи Шайх ул-ислом Ибн Таямия "Даръу таорузил ақл ван нақл” асарида ал-Фиқҳ ал-акбарнинг муаллифи имом Абу Ҳанифа эканлигини, у китоб Абу Ҳанифанинг шогирдлари орасида машхур ва кенг ёйилганини айтиб ўтган. Шунингдек, яна бир "салафий” имом ибн Қаййим ал-Жавзия ҳам ўзининг "Ижтимо ал-жуюш ал-исламия” номли асарида ал-Фиқҳ ал-акбар имом Абу Ҳанифанинг асари деб айтиб қўйган.

Бу иккисдан ташқари бошка эътиборли олимлар ҳам ал-Фиқҳ ал-акбарнинг муаллифи имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ эканлигини айтиб ўтган. Жумладан: аллома ибн Абулизз Ақидату Таховиянинг шархида айтган.

Шайх Вахбий Говажий Мулла Али Қори раҳимаҳуллоҳ тарафдан ал-Фиқҳ ал-акбарга ёзилган шархни таҳқиққиларкан шундай деган: "ал-Фиқҳ ал-акбар имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг имлоси ва таълифидир. Бу китоб Аллома Зохид Кавсарий тарафдан биринчи бор таҳқиқ қилиб нашр этилган. Мен Мадинаи мунавварадаги "Ориф Ҳикмат” кутубхонасида ал-Фиқҳ ал-акбарнинг жуда яхши сақланган қўлёзма нусхасини кўрдим. Ровийлари: Али ибн Аҳмад форисий, у киши Наср ибн Яхёдан, у киши Абу Муқотилдан, у киши Осим ибн Юсуфдан, у киши эса имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг ўғли Ҳаммоддан.

Ҳижрий 429 йили вафот топган имом Абдулқохир Бағдодий ўзининг "Усули дин” номли асарида шундай деган: "Аҳли сунна мутакаллимларининг аввалги фақиҳлари қаторида мазҳаб эгалари имом Абу Ҳанифа ва имом Шофеъийни тилга олиш уринли. Чунки имом Абу Ҳанифа қадарияларга раддан бир китоб ёзган ва уни ал-Фиқҳ ал-акбар” деб номлаган. (Усули дин. Абдулқоҳир Бағдодий. 38Бет).

Имом Абулмузаффар Исфароиний ҳам "ат-Табсир фид-дин” номли асарида бу мавзуга тўхталиб: "Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг ал-Олим вал-мутааллим” асари билан "ал-Фиқҳ ал-акбар” асарларида аҳли бидъат ва мулҳидларга раддан очиқ-ойдин ҳужжатлар бор. Бу китобларнинг ривояти бизга ишончли ва муътамад санадлар билан Наср ибн Яхёдан у эса Абу Ҳанифадан етиб келган” деб айтган. (ат-Табсир фид-дин. 113Бет).

Юкоридагилардан хулоса килиб айтиш мумкинки, "ал-Фиқҳ ал-акбар”нинг имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳга мансублигида шубха йўқ. Бу китоб Имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг имлолари асосида, яъни у кишининг айтиб туриши шогирдлари эса коғозга тушириши асосида ёзилган. Асарни муаллифдан Ҳаммод ибн Абу Ҳанифа, имом Абу Юсуф, Абу Мутиъ Ҳакам ибн Абдуллох Балхий, Абу Муқотил, Ҳафс ибн Муслим Самарқандий каби шогирдлари ёзиб олган ва бошкаларга ривоят ва китобат орқали етказганлар.

Имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг набираси Исмоил ибн Ҳаммод, Муҳаммад ибн Муқотил ар-Розий, Муҳаммад ибн Самоа, Наср ибн Яхё ал-Балхий, Шаддод ибн Ҳакамлар эса сахих иснодлар билан "ал-Фиқҳ ал-акбар”ни биринчи ровийлариданолиб кейинги авлодга тарқатишган ва асар шу тарзда ишончли ровийлар силсиласи орқали шайх Абу Мансур ал-Мотуридий раҳимаҳуллоҳгача етиб келган ва у киши бу асарга шарх битган.

Ботиржон ТОЖИБОЕВ

Андижон шахар Ғиштли” жоме масжид имоми

. .