Абу Ҳафс Умар Насафий
Muallif: . .
Sana: 06.05.2021
525

Аҳли сунна вал жамоа имоми – Абу Ҳафс Умар Насафий. Тўлиқ исми Умар ибн Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Исмоил ибн Муҳаммад ибн Алий ибн Луқмон бўлиб, Абу Ҳафс куняси билан машҳур бўлган. Мазҳаб жиҳатидан ал-Ҳанафий, таваллуд топган юртига нисбатан ан-Насафий, кейинчалик кўчиб бориб истиқомат қилган шаҳрига нисбатан ас-Самарқандий нисбалари билан танилган. Нажмуддин (диннинг юлдузи), Сирожуддин (диннинг чироғи), Муфтий ас-сақолайн (инсон ва жин тоифасининг муфтиси), Шайхул-Ислом (Ислом шайхи) каби унвонлар билан лақабланган.

Умар Насафий ҳижрий 461 (мил. 1068, баъзи манбаларда 1069) йилда Насаф[1]да туғилган. У илм талабида кўплаб ўлкаларга сафар қилган ва жуда кўп шайхлардан таҳсил олган. У ўзининг “Таъдаду шуюхи Умар” номли китобида устозларининг исмларини бирма-бир айтиб, улар ҳақида маълумотлар берган. Мазкур асарга кўра устозларининг сони 555 тага етади. Улардан баъзилари ушбу зотлар:

  • -Аҳли сунна вал-жамоа имоми, Мотуридийя таълимоти ҳимоячиси Абул-Муъин Маймун ибн Муҳаммад ибн Муҳаммад ан-Насафий (вафоти 508 ҳ.);
  • -Ҳанафийлар шайхи, Мовароуннуҳр фақиҳи Муҳаммад ибн Ҳусайн Хоҳарзода ал-Бухорий (вафоти 483 ҳ.);
  • -Имомлар имоми, буюк мунозарачи олим, машриқу мағрибни ўзининг усулу фуруъда ёзган асарлари билан тўлдирган[2] Абул-Юср Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Ҳусайн ал-Паздавий (вафоти 493 ҳ.).

Шу билан бирга Умар Насафий тенгсиз шогирдларга таълим бериб, забардаст уламоларни етиштириб чиқарган. Улардан айримлари қуйидагилар:

  • -Ўзининг фарзанди фазилатли фақиҳ, етук воиз, шаҳидул-аъло Абу Лайс Аҳмад ибн Умар ан-Насафий (вафоти 552 ҳ.);
  • -“Ат-Таҳбир фи муъжамил-кабир” соҳиби Абу Саъд Абдулкарим ас-Самъоний;
  • -“Ал-Ҳидоя” соҳиби Бурҳонуддин Алий ибн Абдулжалил ал-Марғиноний (вафоти 593 ҳ.).

Бурҳонуддин ал-Марғиноний ўзининг шайхлари ҳақида ёзган тазкирасини Умар Насафийни зикр қилиш билан бошлаган. Сўнг у кишининг ўғли Абу Лайс Аҳмад ибн Умар ан-Насафийни ёд этган. Бундан маълум бўладики, ота-бола ҳар иккаловлари ҳам “ал-Ҳидоя” соҳибининг устозларидан бўлишган.

Абу Ҳафс Насафий қомусий олим, дин ва шариат илмларининг барча соҳасида юзлаб асарлар муаллифи бўлган. Жумладан, Қуръони карим тафсирига бағишланган тўрт мужалладдан иборат “ат-Тайсир фит-тафсир” асарида Қуръоннинг юзта номини зикр қилган, сўнг тафсир ва таъвилни таърифлаб, ундан кейин мақсадга киришган ва оятлар маъноларини батафсил нозик жиҳатлари билан гўзал тафсир қилган. “Саҳиҳул-Бухорий”га шарҳ ёзиб уни “ан-Нажоҳ” деб номлаган. Ўз шайхларидан эшитган ҳадисларни жамлаб “Татвилул-асфор литаҳсилил-ахбор” номли китоб ёзган. Ҳанафий мазҳабидаги фиқҳий атамалар ҳақида “Тилбатут-толаба” китобини битган. Сўралган саволларга берган жавобларини жамлаб “ал-Фатово ан-Насафийя”ни тузган. Ҳанафийя фуруъи бўйича “Машориъ аш-шориъ”ни ёзган. Унинг йигирма мужалладли “ал-Қанд фи уламои Самарқанд” асари Мовароуннаҳр ва Хуросонда яшаб ўтган уламоларнинг ҳаёт йўллари ва таржимаи ҳолларини ёритувчи қимматли манба бўлиб, Имом Заҳабий ва Ибн Ҳажар Асқалоний каби буюк олимлар ҳам шу соҳада ёзган асарларида ушбу манбадан кенг фойдаланишган. Шунингдек, у Имом Муҳаммад ибн Ҳасан аш-Шайбонийнинг “ал-Жомиъ ас-сағир” китобини назмий услубда баён қилган. Айтилишича, бу асар фиқҳий масалаларни назмда баён қилган энг биринчи китобдир. Унинг аввалида мусанниф қаламига мансуб ақоидга доир саксон бир байтдан иборат “ро”ий қасида ўрин олган.

Нажмуддин Абу Ҳафс Умар Насафийнинг ақида борасида насрий услубда ёзган “ал-Ақоид ан-Насафийя” китоби “Иймон асослари” (рукнул-иймон) ёхуд “Аҳли сунна вал-жамоа мазҳабига кўра дин асослари” (рукнуд-дин ала мазҳаби аҳлис-суннати вал-жамоъа) номи билан машҳур бўлган ўта пухта матндир. У бу асарда жуда нозиклик билан бирга мўжазлик йўлини тутган бўлиб, уни бамисоли устози Абул-Муъин ан-Насафий қаламига мансуб “Табсиротул-адилла” китобининг фиҳриси (каталоги)га ўхшатиш мумкин. Муқаддимадан сўнг эллик саккиз абзацдан ташкил топган матндаги ҳар бир сўз боши калом илмига оид алоҳида масалани ўз ичига олади. Ҳар бир масала Аҳли сунна вал-жамоа ақидасининг Мотуридийя таълимоти асосида тушунарли ва лўнда тарзда баён қилинган.

“Ал-Ақоид ан-Насафийя” матни қадимдан дунё мадрасаларида дарслик сифатида ўқитиб келинган ва ҳанузгача нуфузли диний таълим даргоҳларининг ўқув дастуридан жой олиб келади. Кўплаб уламолар томонидан бу асарга эътибор қаратилиши, унга шарҳлар, таълиқ ва назмлар битилиши илмий доираларда асарнинг нечоғлик олий қийматга эга эканини кўрсатади. Хусусан, Шамсуддин ал-Асфаҳоний, Саъдуддин ат-Тафтазоний, Шамсуддин Абу Абдуллоҳ ал-Кумий, Муллозода, Аҳмад ибн Саъид аш-Шамохий каби олимлар томонидан шарҳлар ёзилган бўлса, Асъад ибн ан-Ножий ал-Ҳанафий, Бурҳонуддин ал-Муррий ал-Қудсий, Мансур Тобловий каби олимлар тарафидан асарга назмлар битилган. Шунингдек, Абдулмалик ибн Абдурраҳмон ас-Саъдий, Шайх Абдуллоҳ ал-Ҳарарий каби асримиз уламолари томонидан ҳам унга замонавий услубдаги шарҳ ва таълиқлар ёзилган.

Абу Ҳафс Умар Насафий ҳижрий 537 йил жумодул-уло ойининг ўн иккинчи куни пайшанба кечаси, милодий 1142 йил 2 декабрь куни76 ёшида Самарқандда вафот этди.[3] Аллоҳ у зотни раҳмати билан ўрасин ва жаннати Фирдавсдан жой берсин!

Манбалар асосида Бухородаги Мир Араб олий мадрасаси ўқитувчиси Маҳмудов Асрорхон тайёрлади.



[1] Насаф Нахшаб деб ҳам аталган. У қадимда Жайҳун (Амударё) билан Самарқанд ўртасида жойлашган (ҳозирги Қарши шаҳри атрофига тўғри келади), аҳолиси кўп, обод шаҳар бўлган. У ердан кўплаб йирик уламолар етишиб чиққан. Ёқут ал-Ҳимавий. Муъжам ал-булдон, 5-жуз, 285-286 саҳифа.

[2] Умар Насафийнинг ўзи устозини шундай таърифлайди. Ал-Жавоҳир ал-музийя фи тобақот ал-ҳанафийя,2-жуз, 270-саҳифа.

[3] Нажмуддин Абу Ҳафс Умар Насафийнинг таржимаи ҳоли ҳақида қуйидаги манбаларга мурожаат қилишингиз мумкин: 1) Тож ат-тарожим фи тобақот ал-ҳанафийя, 119-120 саҳифалар. 2) Ал-Жавоҳир ал-музийя фи тобақот ал-ҳанафийя, 1-жуз, 394-395 саҳифалар. 3) Сияр аълом ан-нубало, 20-жуз, 126-саҳифа. 4) Лисон ал-мизон, 4-жуз, 327-саҳифа. 5) Ал-Аълом, 5-жуз, 60-саҳифа. 6) Муъжам ал-муаллифин, 7-жуз, 305-саҳифа.

. .