Aллоҳ таоло марҳамат қилади: "Батахқиқ, Биз Бани Одамни азизу мукаррам қилиб қўйдик ва уларни қуруқлигу денгизда (улов-ла) кўтардик ҳамда уларни пок нарсалар ила ризқлантирдик ва уни Ўзимиз яратган кўп нарсалардан мутлоқ афзал қилиб қўйдик” (“Исро” сураси, 70-оят).
Aллоҳ таоло осмондан ўзининг барокатли ёмғирини ёғдирган вақтда ундан ернинг унумдор жойи ҳам ҳосилсиз жойи ҳам бирдек баҳраманд бўлади. Росулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламнинг оламларга раҳмат қилиб юборилишлари эса у ёмғирдан кўра мўлроқ, улканроқ ва барокатлироқ бўлди. Ул зот саллоллоҳу алайҳи васалламнинг раҳмат барокатларидан нафақат мусулмонлар балки мусулмон бўлмаганлар ҳам бирдек баҳраманд бўладилар. Росулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам: “Инсонларга раҳм қилмаган кишига Aллоҳ таоло ҳам раҳм қилмайди”, дея ҳар бир инсонга меҳр мурувватли бўлишга буюрганлар. Ислом мана шундай бағри кенглик ва раҳмат динидир . Ҳар бир инсон ўз ҳақ-ҳуқуқларига эгадир . Aна шундай ҳуқуқларнинг барчасини ўз ўрнига қўйган ҳам фақатгина ислом динидир . Ислом шариати бундан ўн тўрт аср олдин фақатгина мусулмонларнинг эмас, балки бутун инсоният учун манфаатли бўлган барча мэъёрлани жорий қилган. Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам ана шундай буюк рисолатни биз умматларига тўла тўкис етказдилар. Бу ҳолат Росулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётларида яққол намоён бўлади.
Кунларнинг бирида, бир яҳудийнинг жанозаси олиб ўтилганда Росулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам ўринларидан турдилар. Шунда “У яҳудий” дейишди. Росулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам: “Aхир у нафс эмасми, Одам боласи эмасми?!” деган эдилар.
Росулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламнинг нубувватларини қабул қилмаган, адоват қилган душманларига ҳам раҳматли бўлганлар. Туфайл ибн Aмр Давсий ва у кишининг шериклари Расулуллоҳнинг ҳузурларига келишди ва айтдиларки : “Эй Aллоҳнинг Росули! Давс қабиласи кофир бўлди ва бош тортди, уларни дуои бад қилинғъ. Росулуллоҳ дуо қилиш учун қўлларини кўтарганларида, улар Давс қабиласи ҳалок бўлди деб ўйладилар. Шунда Росулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам : “Aллоҳим! Давсни ҳидоят қил ва уларни келтир ъъ дедилар. Худди шундай Сақиф қабиласига ҳам ҳидоят сўраб дуо қилганлар. Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламнинг барокатли дуолари сабаб бу икки қабила ҳам мусулмон бўлдилар.
Мусулмон бўлмаганларга энг катта раҳматлари уларни тинимсиз иймонга чақиришлари эди. Уларга жаннат йўлини кўрсатишлари эди. Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу сингари Росулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам хос дуо қилганлари ҳам бор эди.
Росулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам ўн уч йил Макка аҳлини иймонга, исломга чақирдилар. Макка аҳли эса масхаралашдан, озор азият етказишдан нарига ўтмади. Сўнг Мадинага ҳижрат қилдилар ва ҳижратнинг саккизинчи йили яъни, нубувват келганидан кейин йигирма бир йил ўтиб Макка фатҳ бўлди. Росулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламга қаттиқ азиятлар бериб, ул зотнинг кўплаб саҳобаларини қатл қилиб, исломга очиқ душман бўлишига қарамай Росулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам уларга нисбатан қалбларида заррача адоват, гина қилмадилар. Макка аҳли У зотнинг олдиларида бош эгиб туришганда, улардан қасос олмадилар, балки, “Озодсизлар” дея авф қилдилар.
Улардан қасос олсалар, қилган ёмонликлари учун жазоласалар айни адолат қилган бўлардилар.Лекин, Aллоҳ таоло Ўз Каломида: “Aлбатта сиз улуғ хулқ устидасиз”, дея марҳамат қилган. Росулуллоҳ уларга адолат эмас, унданда улуғроқ бўлган авфларни кўрсатдилар.
Росулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламнинг хизматларини қилиб юрадиган бир яҳудий бола бор эди. У бир куни бетоб бўлиб қолди. Шунда у зот уни кўргани бордилар ва унга шаҳодат калимасини айтдилар. Яҳудий бола ҳам шаҳодат калимасини айтиб мусулмон бўлди ва вафот этди.
Росулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам унинг ҳузуридан чиқдилар ва унинг иймон келтирганидан жуда ҳам хурсанд бўлдилар.
Бир яҳудий бола бетоб бўлганида уни зиёратига боришларининг ўзиёқ улуғ бағри кенгликлари ва меҳрибончиликларидандир.
Зулмни ҳеч нарса билан оқлаб бўлмайди. Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам ўзларига ноҳақлик ва зулм қилганларга бошқа дин вакили бўлишига қарамасдан шафқат ва адолат билан муомала қилардилар.
Aллоҳ таоло адолат қилинг деганда мусулмонларга адолат қилинг демади. Балки, мутлоқ барча инсонларга адолатли бўлишни буюрди.
Бу айтилганлар фақатгина чиройли сўзлар эмас, балки Росулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам буларнинг барчасига ўзларининг ҳар бир қадамларида ҳар бир амалларида тузган битимларида, қарорларида амал қилганлар. Буларнинг барчаси У зотнинг улуғ раҳматларини намоён қилиб туради. У зотнинг буюк хулқлари билан хулқланишга ҳаракат қилайлик. Қачонки инсонлар Росулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам олиб келган мана шундай олий хулқлар билан хулқлансалар, жамиятдаги кўплаб муаммоларнинг ҳал бўлишига жуда кенг йўллар очилади.
Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг бир сўзлари билан сўзимизга ниҳоя ясаймиз. Умар розияллоҳу анҳу: "Исломга жим туриб даъват қилувчилардан бўлинг”, дедилар. Шунда инсонлар : "Қандай қилиб жим туриб исломга даъват қиламиз?!” - деб сўрашди. Ҳазрати Умар разияллоҳу анҳу : "Гўзал ахлоқингиз билан "деган эдилар.
Жўбори Калон аёл-қизлар ўрта махсус ислом билим юрти 3-курс талабаси Усмонова Мунаввара
