ИШИД – замонавий хаворижлар
Muallif: . .
Sana: 26.02.2021
636

Бугунги кунда дунёда ва Ислом оламида нима бўлаётганидан ҳамма хабардор бўлсада, афсуски, XXI асрда ташкил топган айрим экстремистик ва радикал гуруҳларни ғарб ОАВлари «ислом» ва «мусулмон» номи билан ёритиб боришмоқда. Зеро, ушбу радикал гуруҳлар ҳақ ва муборак «Ла илаҳа иллаллоҳ» сўзини тил ўйинига айлантиришган ҳамда халифаликни қайтадан жорий этиш иддаосини қилишмоқда. Ваҳоланки, уларнинг шиорларини чеккага суриб қўйиб, уларнинг фикрлари, сўзлари ва амалларига эътибор қаратсак, Ислом ва диний аҳкомдан бирон нишона тополмайсиз. Бунга ҳозирда Сурия ва Ироқ давлатлари ҳудудида “Халифалик” давлатини ташкил этганини жар солаётган “ИШИД” террористик ташкилотини мисол қилиб кўрсатиш мумкин. Бу жоҳил ташкилот Ислом дини кўрсатмаларини бузиб, уларни нотўғри талқин этган бир ҳовуч “жиҳодчилар”, ва “салафийлар” диний экстремистик оқимларнинг ноқонуний диний ғоялари таъсирида вужудга келган.

Хаворижлар – ИШИДнинг ғоявий аждодлари. Ислом тарихидан ҳаммамизга маълумки, қабиҳ амаллари билан танилган, ўзларидан бошқаларни инкор этиб, хунрезликлар қилган, Пайғамбар (с.а.в.)нинг саҳобаларига итоатсизлик қилиб, ҳатто уларни ўлдиришгача борган тоифа – “хаворижлар” (маъноси: “чиқиб кетганлар”) ажралиб чиққан. Улар дин номидан гапирсада, ислом манбаларини ўзларича талқин қилиб, манфур ғоялари билан қонли ишларни амалга оширганлар. Улар дастлаб сиёсий ғаразлари туфайли халифа Усмон ибн Аффон (р.а.)нинг даврларида у кишининг сиёсатларидан норизо бўлиб, кейинчалик Мадинага қўзғолончи кайфиятдаги одамларни тўплаб келиб, Усмон р.а.дан халифаликни тарк этишларини талаб қилганлар. Ўз ниятларига эриша олмагач, халифага асоссиз айблар қўйиб, фитна уюштирганлар ва Усмон р.а. нинг уйларига бостириб кириб, у кишини Қуръон тиловат қилаётган ҳолларида ўлдирганлар. Вазият шу даражага бориб етдики, фитна сабабли мусулмонлар икки томонга бўлиниб қолдилар.

ИШИД ташкилоти - замонавий хорижийликдир. Ҳозирги кунда Ироқ ва Суриядаги беқарор вазиятдан фойдаланган ҳолда, бу давлатларнинг аввалги иқтисодий, ижтимоий аҳволини баттар инқирозга юз туттираётган, геосиёсий ўйинлар таъсирида шакллантирилган ИШИД (Ироқ ва Шом ислом давлати, сўнгги пайтларда ИД – Ислом давлати ҳам дейилмоқда) террорчи ташкилоти бутун дунёга ўзининг хунрезликлари билан танилмоқда. Уларнинг бу ишлари ислом шаънини кўтариш эмас, балки, муқаддас динимизга нисбатан нохолис фикрларнинг янада авж олишига хизмат қилмоқда холос. Ўз асри ва замонига мос равишда турли фитналари билан ном чиқарган мазкур хорижийлик оқимларининг етакчилари, асосчилари, номи, қароргоҳлари ҳар хил бўлсада, умумий аломатлари ва даъволари ўхшашдир. Уларнинг асосий белгилари қуйидагилар:

1. “Ҳукм фақат Аллоҳдандир” оятини нотўғри талқин қилиш (аслида эса уларнинг ўзлари Аллоҳ ва Пайғамбаримиз (с.а.в.) буюрмаган ишларни қилиб келганлар);

2. Ўзбошимчалик билан жиҳод эълон қилиш (аслида давлат раҳбарлари жиҳод эълон қилишга ҳақли);

3. Ўзбошимчалик билан халифа сайлаб олиб, унга ҳамманинг байъатини шарт қилиш (аҳли сунна вал жамоа ақидасида мусулмонларнинг аксарияти томонидан эътироф этилмайдиган шахсга байъат қилинмайди);
4. Ўзбошимчалик билан жоҳилона ҳадд (шариатдаги жазолар)ни нотўғри қўллаш (ҳаддларни ижросида жуда эҳтиёткорлик билан мужтаҳид қози томонидан ҳукм қилинади, ҳар ким ўзича жаҳл ва зулм билан ҳукм қила олмайди);
5. Фитна томон ҳижрат қилиш (аслида фитнадан қочилади, унга борилмайди);
6. Адолат талаб қилиб, зулмга қарши курашиши кераклигини даъво қилиш (аслида эса ўзлари адолатсизлик билан ҳаққи бўлмаган нарсаларни талаб қилиб, зулм қилишда ҳам чўққига чиққанлар);

7. Олим ва фозилларга қулоқ тутмаслик, одобсизлик қилиш, улардан ўзларини устун қўйиш, уларнинг адашганини даъво қилиш (аслида уларнинг ўзлари жоҳиллиги сабабли бошқаларни илмсизликда айблаб келганлар);
8. Мусулмон бошлиққа бўйсунмаслик, унинг итоатидан чиқиб кетиш (агар уларга энг афзал раҳбар таклиф қилинса, ундан ҳам айб топадилар);
9. Мусулмонлар билан сулҳдаги, аҳдлашганларнинг қонини тўкиш ва молига тажовуз қилишни ўзларига ҳалол санаш;

10. Мусулмонларнинг қонини тўкиш ва молига тажовуз қилишни ўзларига ҳалол санаш.

Сурия ва Ироқ мамлакатларида террористик амалиётларни амалга оширишни, қон тўкиш, қотилликлар, аҳоли яшайдиган уй-жойларни вайроналарга ва харобаларга айлантиришни ўз олдига мақсад қилиб олган «ИШИД»нинг пайдо бўлиши ва унинг фаолиятлари ҳақида бугунги кунда дунёдаги машҳур сиёсатчилар, давлат раҳбарлари ва дунёнинг таниқли уламолари ўзларининг салбий муносабатларини билдирмоқдалар.

Ўзбекистон мусулмонлар идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов Ироқ ва Суриядаги жангариларининг ҳаракатларини гуноҳ деб айтиб ўтди. “Қонуний давлат раҳбарига қарши «фитна», исён, ғалаёнда иштирок этиш Ислом динидаги энг оғир гуноҳлардан бири ҳисобланади. Ноқонуний давлатни тан олишни хоҳламагани учун кечагина иттифоқчи бўлган инсонларни қатл қилиш, биргаликда исён кўтарган қаллоблар томонидан сайланиб, фақат шугина асос билан ўзини халифа деб ҳисоблаш-бу катта гуноҳ” деди Ўзбекистон мусулмонлар идораси раиси.

Таниқли марҳум уламо Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф: “Одамлар менга тез-тез шундай савол беришади: Ироқдаги воқеаларни қандай тушунмоқ керак? Мен шундай тушунтираман: қандайдир бир «Бағдодий» ўзини «халифа» деб эълон қилибди ва барча мусулмонлар номидан гапиришим мумкин, деб ҳисоблаяпти.Бироқ бу фақат унинг хаёлидагина шундай. Халқаро мусулмонлар иттифоқи расман эълон қилди: ўзини халифалик деб эълон қилган ташкилот шариатга мос келмайди ва мусулмонлар уларга қулоқ солмасликлари керак”, деган эди марҳум шайх ўз маърузаларидан бирида.

Зеро, Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилганидек: “Уларга: “Ер юзида фасод (бузғунчилик) қилмангиз!”, дейилса, улар “Албатта, биз чин ислоҳчилармиз”, - дейдилар. Огоҳ бўлингки, айнан уларнинг ўзлари бузғунчилардир, лекин (буни ўзлари) сезмайдилар”. (Бақара, 11-12) Ҳозирги вақтга келиб ИШИД томонидан бошқарув ӯрнатилган ҳудудларда гуёки шариат қонунлари жорий этилганлиги эълон қилинган бӯлсада, аслида улар исломий ва умуминсоний тамойилларга умуман тӯғри келмайди. Масалан, 21-асрда яшаб, ӯз ҳудудларида қулчилик тизимини жорий этдилар. 2014 йилда ИШИД пешволаридан Абу Туроб ал-Муқаддасий "Аллоҳнинг хоҳиши ва Шайхимиз Бағдодий раҳбарликлари остида, Каъбани яксон қиламиз ва Маккадаги тошга сиғинаётганларни ӯлдирамиз. Одамлар Маккага Аллоҳ учун эмас, тошни тавоф қилиш учун бормоқдалар" -деган баёнотлар берган. Мазкур баёнотлар асосан илм ва маърифатдан йироқ, соф диний тушунчаларнинг асл мазмунини билмаган кишиларнинг сохта талқинларидан бошқа нарса эмас.

Ҳозирги кунда ИШИД ӯз мақсадларини амалга оширишда замонавий ахборот воситаларидан кенг фойдаланиш, интернет ва ижтимоий тармоқ саҳифалари орқали кенг тарғибот-ташвиқот олиб бориш ва пухта ишланган стратегия асосида виртуал ташвиқот олиб боришни ӯзининг асосий вазифаларидан бири деб билади. Айниқса, ёшлар орасида мутаассибликка йӯғрилган форумларнинг тобора оммалашуви ҳамда уларда турли кӯринишдаги бузғунчи "фатво" ларнинг бериб борилиши муаммонинг нақадар жиддий эканини маълум қилади. Умуман олганда, Қуръон оятлари ва ҳадисларни ғаразли мақсадларда талқин қилиш ислом таълимотига бутунлай зид эканини ҳамма яхши билади. Қуръони карим оятида:"Одамлар орасида Аллоҳ ҳақида мунозара қилади-ю, лекин ӯзи илмсиз, ҳидоят топмаган, бирор нурафшон Китоби йӯқ, (тӯғри йӯлдан) бӯйин товлаб, (ӯзгаларни ҳам) Аллоҳ йӯлидан оздириш мақсадида юрадиган (кимса) ҳам бордир. Унинг учун бу дунёда расволик бӯлур, қиёмат кунида эса, унга ӯт (дӯзах) азобини тотдирурмиз" (Ҳаж,8-9).Ушбу оят яна бир бор ИШИД нинг асосий мақсади, барча кирдикорлари фақат фитнадан иборат ва инсонларни тӯғри йӯлдан оздириш эканлигига далилдир

Хулоса ўрнида таъкидлаш керакки, ИШИД ташкилотининг дин аҳкомларидан бўлмаган, ғайриинсоний қилмишлари, одамларни ноҳақ қатл қилишлари, уларга нисбатан шафқатсизликлари, аёл-қизларни чўри қилиб, уларни қул бозорларида сотишлари уларнинг аслида дин душманлари бўлган, Яқин Шарқ, қолаверса, минтақамизда ғаразли стратегияларни мўлжаллаётган сиёсий кучларнинг қўлида қўғирчоқ бўлиб қолган ташкилот эканини кўрсатади

Албатта, бундай қабиҳликлар халқимизнинг табиатига мутлақо зид, ёвуз, ёт ғояларга асослангани яққол кўриниб турибди. Шундай экан, тинчлик ва осойишталигимизга катта хавф туғдираётган ИШИД ва унга ўхшаш гуруҳларнинг таҳдидидан огоҳ бўлишликни миллатимиз, ёшларимиз онгига сингдириб боришимиз ҳаммамизнинг бурчимиздир.

АЗИЗХЎЖА ИНОЯТОВ

Мир Араб олий мадрасаси ўқитувчиси

. .