Тафсир ва таъвил
Muallif: . .
Sana: 31.01.2021
1673

Тафсир луғатда: “изоҳлаш” ва “баён” деган маъноларни англатади. Ушбу маъно Қуръони каримнинг “Фурқон” сурасида ҳам келган. Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “Улар сенга бирор масал келтирсалар, Биз, албатта, сенга ҳақни ва гўзал шарҳини келтирамиз”. (Фурқон 33-оят).

Истелоҳда эса, уламолар тафсирга турлича таъриф берганлар. Шулардан бири Имом Суютий шундай таъриф берган: “У- оятларнинг нозил бўлиши, шууъни, қиссалари, нозил бўлиш сабабларини билиш. Сўнгра, Маккий ва Маданий оятлар тартиби, муҳкам ва муташобиҳ баёни, носих ва мансухи, хос ва оммаси, муқлақ ва муқайяди, мужмал ва муфассари, ҳалол ва ҳароми, ваъда ва ваиъйди, буйруқ ва қайтариқлари, ибрат ва шу кабиларини билишдир”.

Таъвил луғатда: “Қайтиш” деган маънода. Яъни: сўзни эҳтимоли бор маънога қайтариш дейилади.

Истелоҳда эса, Салаф уламолари таъвилни икки хил маъноси бор деганлар. Биринчиси: бир каломнинг тафсири ва унинг маъносининг баёни. Мана шу таърифга биноан “Тафсир” ва “Таъвил” ўзаро маънодош, синоним ҳисобланади.

Иккинчиси: каломдан ирода қилинган нарсанинг айни ўзидир. Яъни: калом агар, бир нарсани талаби ҳақида бўлса, унинг таъвили: талаб қилинганнинг ўзи ҳисобланади. Агар, калом хабарий бўлса, унинг таъвили: хабар берилган нарсанинг айни ўзи бўлади.

Тафсир уламолари тафсир ва таъвил орасидаги фарқ борасида турлича йўлни тутганлар. Баъзи олимлар “Тафсир” ва “Таъвил” иккиси ҳам бир маънода деганлар. Айрим олимлар эса, иккисини орасини фарқлаганлар. Шулардан бири Роғиб Асфаҳоний. У киши шундай дейдилар: “Тафсир: таъвилга нисбатан омроқ. Кўпинча тафсир лафзларда, таъвил эса, маъноларда ишлатилади. Ва яна таъвил кўпинча Илоҳий китобларда ишлатилди. Тафсир эса, Илоҳий китобларда ҳам, бошқаларда ҳам ишлатилади.

Мир Араб олий мадрасаси талабаси Муҳаммад Юнус Муҳаммад Мусо ўғли манбалар асосида тайёрлади.

. .