КАРАНТИН ВАҚТИНИ ҚАНДАЙ ЎТКАЗИШ КЕРАК?
Muallif: . .
Sana: 31.07.2020
1091

Ҳаммамизга сир эмаски, бугунги кунда “КОРОНАВИРУС” деб номланган умум башар душмани бутун дунё давлатларини аёвсиз равишда босиб олмоқда. Бу ҳам мусулмон киши учун Аллоҳ таоло тарафидан бир синов, ким сабр ила собит турса, савобга эга бўлади. Шошма-шошарлик қилса ажрдан маҳрум бўлади. Бу мусибатни бартараф этиш учун Юртбошимиз бошчилигада қатор соҳа мутахассислари жон фидо қилиб, ҳаракат қилмоқдалар. Бизлар ҳам ҳозирги талабга мувофиқ уйда ўтириб, вақтимизни унумли сарф этишимиз зарур.

Вақт инсон учун энг қимматбаҳо неъматдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Саломатлик ва бўш вақт икки улуғ неъматки, бундан кўп инсонлар маҳрумдирлар”, деганлар (Имом Бухорий ривояти).

Дарҳақиқат, банданинг танаси саломат ва ибодатлар учун бўш вақти бўлиши ҳам улуғ неъматлардан. Биз бу фурсатдан унумли фойдаланиб, қимматли вақтимизни керакли машғулотлар ила ўтказсак, мақсадга мувофиқ бўлади. Илмий китоблар мутолаа қилиш ва ота-онамизнинг хизматларини қилиб дуосини олишимиз учун бу ажратилган вақтдан унумли фойдаланишимиз керак. Шунда юқоридаги ҳадис шарифда айтилган неъматнинг шукрини адо этган бўламиз!

Ақлли, доно киши зарарни фойдага айлантиради. Нодон эса битта мусибатни иккитага кўпайтириб олади.

Масалан: Имом Сарахсий суви йӯқ қудуққа ташлаб зиндонбанд қилинди. У бундан унумли фойдаланиб, фиқҳ борасида 20 жилд китоб ёзиб битирди.

Ибн Асир барча ишлардан маҳрум этилганида “Жомиъул усул” ва ҳадис китобларининг энг машҳурларидан “Ниҳоя” китобларини ёздилар.

Ибн Жавзий Боғдоддан сургун қилинганида етти қироатни ӯқиб чиқдилар.

Биз ҳам бу карантин даврини манфаатли ишлар билан ўтказсак ҳақиқий мўминга хос иш қилган бўламиз.

Айни пайтда барча таълим муассасалари сингари Мир Араб олий мадрасаси мударрислари ҳам ўз талабалари билан масофавий дарсларини давом эттирмоқдалар. Мақсад - талабалар қонун ҳужжатларига мувофиқ уйдан чиқмасдан ҳам дарсларни ўз вақтида ўзлаштирсин.

Ҳурматли ўқувчилар ва талабалар, карантин вақтини беҳуда сарф этманг. Уйда ўтиринг. Зарурат бўлсагина кўчага ниқобларни тақиб чиқинг.

ҲУСАЙН ҲАМДАМОВ

Мир Араб олий мадрасаси проректори

. .