МИССИОНЕРЛАРГА ЭРГАШМАНГ
Muallif: . .
Sana: 30.06.2020
1185

Юртимиз мустақиликни қўлга киритгач тўрт тарафдан турли хилдаги дин вакиллари ўзларининг тўғри-нотўғри ғояларини олиб кириб, халқимиз онгига сингдира бошлади. Уларнинг нотўғри ҳатти-ҳаракатлари соф ислом динимиз йўналишига, ҳамда халқимиз, айниқса ёшларимиз онгига сезиларли салбий таъсир кўрсата бошлади. Шундай нотўғри ғоялардан бири "МИССИОНЕРЛИКДИР". Бундай ҳаракатлар жамиятда турли фитна ва ихтилофлар чиқишига сабаб бўлади.

Миссионерлик: муайян бир динда эътиқод қилувчи кишилар ўртасида бошқа бир динни тарқатиш йўли билан амалга ошириладиган ҳаракатдир.

Улар ўзларини жуда меҳрибон, раҳмдил мулойим қилиб кўрсатиш билан бирга турли совғалар, дори дармонлар бериб, ўзларининг пуч ғояларини ёшлар онгига сингдиришда жуда эҳтиёткорлик билан тарғибот ишларини олиб боришади. Хусусан, ОАВ (оммавий ахборот воситалари) ва интернет тармоқларидан кенг фойдаланишади.

Натижада ота-боболари асрлар давомида пок ислом динида эътиқод қилиб келган "баъзи ёшларимиз" уларни тузоғига тушиб, ҳақ ислом динидан кечиб, бошқа динга ўтиб, муртад бўлмоқда. Ачинарлиси шуки, ўша муртадлар қабул қилган ботил динини ҳақ деб билишади. Миссионерлар ўзига эргашганларга "жаннат" башоратини ваъда қилиб, аслида дўзахда абадий қолиб, азобланиш сари етакламоқдалар.

Бу ҳаққида Аллоҳ Таоло Бақара сурасиннинг 217- оятида шундай дейди:

"... Фитна (алдаш) ўлдиришдан-да каттароқ гуноҳдир. Улар (кофирлар) қўлларидан келса то динингиздан қайтаргунларича сизлар билан уришаверадилар. Сизлардан ким ўз динидан қайтиб, кофир ҳолида ўлса, ундай кимсаларнинг қилган амаллари дунё-ю охиратда беҳуда кетур. Улар дўзах эгаларидир ва унда абадий қолажаклар".

Кўпинча уларга эргашувчилар илмсиз, гумроҳ ёшлар бўлиб, улар ҳаққида ҳадиси шарифда шундай дейилади.

Ҳазрати Абу Ҳурайра (розийаллоҳу анҳу)дан: "Ахмоқнинг ахмоқроғи ва йўлдан адашганликнинг энг каттаси шулдурки, ўз Пайғамбарини қўйиб, бошқа миллатнинг Пайғамбарига мойил бўлур, ўзларига нозил бўлган (ҳақ дин ва Илоҳий Китоб - Қуръон)ни қўйиб бошқа қавмга нозил бўлганга эргашур. (Ҳолбуки, бошқа қавмларга нозил қилинган китоблар бекор бўлгандир)" (Дайламий ривояти).

Чиройли сўзларга учиб, иқтисодий ёрдамларга алданиб, дунё-ю охиратда расво бўлиш нақадар ёмон. Сўзимни бир ҳикояни баён қилиш билан тугатаман. Хулоса қилиш ҳар кимни ўзига.

Бир қарға билан бургут дўст тутиниб, бургут қарғадан сўрабди: "Менга айтчи, сен нима ейсанки, бунча узоқ яшайсан? Мен ҳам ўшани еб, узоқ яшагим келяпти." Шундай қарға; "юр мен билан", дебдида, иккаласи учиб бир майдонга, молларнинг тезаклари тўпланган гўнг тепага боришибди. Қарға ўша ерга қўниб, дарҳол оёқлари билан гўнгларни титиб, орасидан алланималарни териб ея бошлабди. Шунда бургут:"Ейдиган емишинг шуми?", деб сўрабди. Қарға: "Ҳа, жуда тўйимли", дебди. Шунда бургут қандайдир зоти паст қарға билан дўст тутинганидан афсусланиб: "Сенга ўхшаб, гўнг пашалаб, икки юз, уч юз йил яшагандан кўра, тирик қўзичоқ ва қуёнларга ўхшаш жониворларни тутиб, уларнинг ҳалол гўштларини еб, ўттиз-қирқ йил "Бургут - қушларнинг Подшоси", деган номга муносиб яшаганим минг бора афзал", - дебди-да, надомат билан учиб кетибди.

Аллоҳ ҳеч бир мўъминни адаштирмасин!

Шофиркон туман "Қори Фазлиддин" жомеъ масжиди имоми Мустақим Исоев.

Манба: Orifon.uz

. .