ЯХШИ ГУМОНДА БЎЛАЙЛИК!
Muallif: . .
Sana: 30.06.2020
847

Абу Ҳурайра розияаллоҳу анҳудан, Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинган ҳадиси қудсийда Аллоҳ Азза ва Жалла айтади:

“Мен бандамнинг гумонидаман. Банда яхшиликни гумон қилса, яхшиликни кўради, ёмонликни гумон қилса, ёмонликни кўради”. (Бухорий ва Муслим ривояти).

Ҳозирги кунда барчамиз синовли кунларда турибмиз. Ҳаммамизнинг орамизда бир хил савол айланмоқда. Бу вабога қачон даво топилади? Қачон карантин муддати тугайди? Бу ҳолат қачонгача давом этади? Яна шунга ўхшаш турли хил саволлар ораларимизда тарқалган.

Ҳадисда айтиб ўтилганидек, мўмин банда Аллоҳ таоло тўғрисида яхши гумонда бўлиши керак.

Аллоҳ таоло барча ишларни тадбир қилувчи Зот. Барча ишлар У Зотнинг қўлида. Аллоҳ таоло бир дардни берса, давосини ҳам Ўзи беради. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда марҳамат қилади:

“Агар Аллоҳ бирор қавмга ёмонликни ирода қилса, бас, уни қайтариб бўлмайди ва улар учун ундан ўзга валий ҳам йўқ”. (Раъд сураси 11-оят).

Ҳа, биз учун Аллоҳдан бошқа валий ҳам, нусрат берувчи ҳам йўқ. Ер ва осмондаги барча тадбирлар Мудаббир Зотнинг қўлида. У нимани ирода қилса, шу иш бўлади.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда марҳамат қилади:

“Бирор ишни қилмоқчи бўлганида унга “Бўл” деса бўлаверадир”. (Бақара сураси 117-оят).

Бу ҳолатда бандалардан талаб этиладигани Аллоҳ таолога юзланиб, тавба тазарру ила дуо қилишдир.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда марҳамат қилади:

“Роббингизга тазарру ила ва махфий дуо қилинг. Зотан У ҳаддан ошувчиларни севмас”. (Аъроф сураси 55-оят).

Мўминнинг қалби фақат Аллоҳга боғланиши керак. Турли хил шубҳа-гумонлардан холи бўлиши керак. Бизга турли хил гап сўзлар таъсир қилмаслиги керак. Юқоридаги ҳадисда таъкидлаб ўтганимиздек, барчамиз Аллоҳ таоло тўғрисида яхши гумонда бўлишимиз керак. Шоядки, Аллоҳ таоло бизнинг устимизга раҳматини ёғдирса, бу балодан бутун дунёга офият берса!!! Унутмаслигимиз керакки, Аллоҳ таолонинг раҳмати барча нарсадан кенгдир.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда марҳамат қилади:

“Раҳматим эса ҳамма нарсадан кенгдир”. (Аъроф сураси 156-оят)”.

Аллоҳ Азза ва Жалла барчамизни Ўз раҳмати билан ўраб олсин.

Ўз раҳмати ила бутун дунёга офият берсин.

М.Саъдуллаева

Мир Араб олий мадрасаси талабаси

. .